Ўзбекистон | 14:28 / 09.06.2023
15918
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга олинди

Ҳоким ёрдамчиси 150 млн сўм кредит чиқариб беришини айтиб, фуқародан 1 500 доллар пул олаётган вақтида ушланди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

2023 йил 7 июн куни фуқаролардан бири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган ва кредит чиқариб бериш эвазига пора сўраётган ҳоким ёрдамчисига қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Аризага кўра, фуқаро Самарқанд шаҳар “Шукрона” МФЙда маиший хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида, “Халқ банки” Самарқанд шаҳар филиалидан кредит олмоқчи бўлиб юрган вақтида, шу маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс унинг ишончига кирган.

Сўнг банкдаги мансабдор танишлари орқали 150 млн сўм кредит чиқариб бериш эвазига 1 500 доллар талаб қилиб келган.

Фуқаронинг аризасига асосан, вилоят ИИБ ва ДХХ бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, “Шукрона” МФЙ биноси олдида ҳоким ёрдамчиси ариза муаллифидан 1 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид