Ўзбекистон | 17:47 / 23.06.2023
12357
3 дақиқада ўқилади

Муфтий Нуриддин Холиқназаров Халқаро мусулмон уламолари кенгашига аъзо бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳодиса барчага мамнуният бағишлашини таъкидлаб, Ўзбекистонда Ислом уламоларининг халқаро конференциясини ўтказиб боришни таклиф қилди. Бунга қадар Ўзбекистондан фақат марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Доҳадаги ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлган.

Фото: KUN.UZ

22 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо сифатида қабул қилинди. Идора матбуот хизматига кўра, бу ҳақда Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий томонидан юборилган хатда маълум қилинган.

“Профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий ўз мактубларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва уламолари билан ҳамкорлик қилиш имконияти пайдо бўлганидан мамнун эканини изҳор этган. Мусулмонлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишга умид боғлаган. Шунингдек, мазкур ҳамкорлик алоқалари ушбу олий мақсадлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши ва илмий-маърифий тажриба алмашишга асос бўлишига ишонч билдирган”,дейилади идора хабарида.

22 июнь куни Сурхондарёда сайловчилари билан учрашган президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ҳам бу ҳодиса барчага мамнуният бағишлашини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, президент Ислом уламолари иштирокида халқаро конференция ўтказиб боришни таклиф қилди.

“Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Қатардаги Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо бўлганлари барчамизга мамнуният бағишлади. Бу ҳам ўтган даврда диний-маърифий соҳада олиб борган ислоҳотларимизнинг халқаро эътирофи, халқимизнинг Ислом дини ривожига қўшаётган ҳиссасига берилган яна бир юксак баҳо, десак тўғри бўлади.

Юртимизда ислом оламининг етук уламолари иштирокида ҳар икки йилда Халқаро ислом илмий-амалий конференциясини ўтказиб борсак, нима дейсизлар?” – дея номзоднинг сўзларини келтирмоқда ЎзА.

Маълумот ўрнида, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган мустақил, нуфузли ташкилот. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доха шаҳрида жойлашган.

Ташкилот мақсад ва вазифалари қаторига Ислом уламоларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш киради. Шунингдек, ташкилот Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, замонавий ахборот воситалари орқали дин таълимотларини оммага етказиш, ҳар бир фаолиятда илм-фан ва мўътадилликка асосланиш ҳамда мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги муҳим масалалар билан шуғулланади.

Ҳозирги кунда Кенгашга мусулмон дунёсидаги энг кўзга кўринган 46 нафар нуфузли уламо аъзо сифатида қабул қилинган. Бунга қадар Ўзбекистондан фақатгина марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу ташкилотга аъзо бўлган.

Мавзуга оид