Ўзбекистон | 21:23 / 16.07.2023
30831
19 дақиқада ўқилади

Инаугурация, истеъфолар ва жазо муқаррарлигининг йўқлиги — ҳафта дайжести

“Коррупция бўлмаса, ҳаммаси ваъда берганимиздек бўлади”: президент янги муддатга киришди. “Ҳунари” кўп прокурор: қонун унга келганда ишламай қолди. Дарахтлар қирғини: Тошкентнинг айрим жойлари 5 йил ичида 33 фоизгача яшиллигини йўқотган. Ортда қолган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Конституциявий референдумдан кейин ўтказилган президент сайлови тугаши билан, бир йилдан ортиқроқ давом этган сиёсий жараёнлар якунига етди. Ўзбекистонни қарийб 7 йилдан бери бошқариб келаётган Шавкат Мирзиёев 7 йиллик янги муддатга сайланди. Расмий рақамларга кўра, амалдаги президент 87 фоиз овоз тўплаган. Жума куни Сенат биносида инаугурация маросими бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг конституция ва қонунларига қатъий амал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси президенти зиммасига юкланган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”, дея, Қуръон ва конституцияга қўлини қўйган ҳолда қасамёд қилди Шавкат Мирзиёев.

Президент ўз нутқида Ўзбекистонни “ҳар бир фуқаро тинч ва эркин, бахтли ва фаровон яшайдиган ижтимоий давлатга айлантириш”га ваъда берди. Конструктив мухолифат фаолияти, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланишини айтди. Қонунларни менсимайдиган амалдорлардан эса воз кечилиши таъкидланди:

“Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз”.

Шавкат Мирзиёев лавозимига номуносиб амалдорлар ўрнига билимли ёшлар қўйилишини айтди. У давлат мулозимларига мурожаат қилиб, халққа берилган ваъдаларнинг амалга ошиши учун коррупция бўлмаслиги кераклигига урғу берди:

“Келган сармоядор билиши керак: Ўзбекистон – демократик тизим, Ўзбекистон – очиқ, бюрократия йўқ, коррупция йўқ деган гап бўлса, ҳамма ишларимиз албатта халққа ваъда берганимиздек бўлади”.

Автойўл ва темирйўл раҳбарлари ишдан олинди

Шавкат Мирзиёевнинг сайловдан кейинги илк селектори мамлакатга инвестиция олиб кириш масаласида бўлди. Селекторда 10 та туман ва 2 та шаҳар ҳокими, республика миқёсидаги 5 нафар амалдор инвестиция олиб киришда сусткашликка йўл қўйгани учун ишдан олинди. Президент уларнинг фамилияларини санаб, “хиёнат қилганга ўрин йўқ” деб қўшимча қилди:

“Инвестициялар жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйгани учун сув хўжалиги вазири ўринбосари Камалов, транспорт вазири ўринбосари Мўминов, сув таъминоти раҳбари Саидназаров, темирйўл раҳбари Ҳосилов ва автойўл раҳбари Абдувалиевлар ишдан олинади. Хиёнат қилганга ўрин йўқ”.

Ишдан олинган Абдураҳмон Абдувалиев автомобил йўллари соҳасини узоқ 2001 йилдан бери бошқариб келаётганди. Йўлларнинг сифатсизлиги бўйича одамларнинг норозилиги катта бўлишига қарамай, бир шахснинг бу соҳа раҳбарлигида узлуксиз 22 йил ўтиришининг сири нимада экани фақат юқоридагиларга аён бўлса керак. 67 ёшли йўлсозни мансабидан айирган нарса йўлларнинг сифати эмас, инвестиция масаласи бўлди. У Тошкентдан Самарқанд ва Андижон шаҳарларига олиб борадиган пуллик йўл, Тахтақорача довонида эса пуллик тоннел қуриш топшириғи бўйича амалий ишларни ҳалигача бошламагани айтилди. Автойўллар қўмитасини эндиликда Абдувалиевнинг собиқ ўринбосари Жамшид Турсунов бошқаради.

“Ўзбекистон темирйўллари” раиси Ҳусниддин Ҳосиловнинг ўрнини “Шаҳарқурилишинвест” директори Зуфар Нарзуллаев эгаллади. “Ўзсувтаъминот” раиси Соҳиб Саифназаров ўрнига коммунал хўжалик вазирининг собиқ ўринбосари Дилшод Азимов тайинланди.

Этик ва фонар, прокурор ва қонун

Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳманов / Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳафта давомида ишдан олинишга яна бир даъвогар амалдор лавозимини сақлаб қолгани кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Сурхондарёнинг Бандихон тумани прокурори аввалига маҳалла раисларини сўкиб, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилганди. Кейинроқ коррупциядан шикоят қилган ўқитувчиларга дашном бериб, сўнг бир фермерни калтаклагани маълум бўлди. Охир-оқибат у номаълум турдаги интизомий жазога тортилди холос. Қисқа қилиб айтганда, оддий одамларга нисбатан ишлатиладиган жазоловчи қонунлар амалдорга келганда яна ишламади.

Бошидан бошласак. Ўтган ойда Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановнинг маҳалла раисларини, хусусан аёлларни ўта қўпол сўзлар билан сўккани акс этган аудио тарқалган эди:

  • “Сен кеча нима ваъда берган эдинг, ит? 2 млн сўм туширгансан? Нимани ваъда бергандинг, кечаги пулни кўтариб келяпсан. Эркакмисан сен ҳам? Хотинчалиш”.
  • “Мен тушунмаяпман, бу тизим. Сиз ... еб ўтирибсизми, энангизники борми бу ерда?! Тўртта одамингизни йиға олмасангиз, йўқолинг”.
  • “Қани оғайни, пул? 3 миллион? Энангникига тиқиб қўй у 3 миллионни. Кеча гапирган гапинг қани? Бор жойига қўйиб кел, мараз, итдан тарқаган! Обод турмуш қани? Ҳа, опа, 500 минг сўм тушган. Қани? Боринг, аризангизни ёзинг-да, йўқолинг, ... борми сизга бу ерда ишлаб, давлатни, жамиятни ҳаром қилиб”.
  • “Энангникига бир бошингни тиқиб ол, тузалади, ўша ердан чиққансан-ку”.

Ўшанда Бош прокуратура ҳам, Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳам ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилаётганини билдирган эди. Аудиони тарқатган “Муштум” журнали 12 июл куни Бош прокуратурага мурожаат билан чиқиб, ўрганиш натижалари ҳалигача эълон қилинмаганидан шикоят қилди. Журнал ўз мурожаатига бандихонлик фермер Чори Пиримқуловнинг норозилик видеосини илова қилди. Фермернинг сўзларига кўра, прокурор Маҳманов уни калтаклаган.

Маълум бўлишича, 2-сектор раҳбари бўлмиш прокурор 7 июл куни мажлис ўтказиб, фермерларга иккитадан этик, биттадан фонар олиб келишни буюрган. Пиримқулов фонарни қийналмай топган, лекин ёз фасли бўлгани учун этик топишга қийналган. Этик излаб сарсон бўлгани учун кейинги мажлисга кечикиб борган, шу кечиккани сабаб ҳамманинг кўз ўнгида ҳақорат эшитиб, калтакланган.

“Прокурор: “Эй чўчқа, чўчқадан тарқалган, нима учун кечикиб келяпсан?” дея мени ҳақоратлаб кетди. Мен резина этик топиш қийин бўлганини айтдим. Этикни бу ёққа олиб кел, деди. Олиб борсам: “Бу кийилган, эски этик экан”, деб ўша этик билан бошимга урди. Елкамга бир неча маротаба мушт билан ҳам урди. “Итдан тарқаган, чиққан жойингга тиқиб юбораман”, дея шу ердаги 50-60 кишининг олдида мени ҳақоратлади. Бу ҳақоратларга чидаб бўлмаяпти”, – дейди фермер.

“Муштум” журналининг мурожаати эълон қилинган куни Бош прокуратура маҳалла раисларини ҳақоратлагани учун Соатмурод Маҳмановга интизомий жазо берилганини маълум қилди. Идора матбуот хизмати айнан қанақа жазо берилганига аниқлик киритмади. Лекин шуниси аниқки, у камида маъмурий жавобгарликка тортилиши керак эди. Маъмурий жавобгарлик кодексида бировни ҳақорат қилганлик учун жарима белгиланган. Ҳуқуқбузар маъмурий жазо қўлланганидан кейин яна бировни ҳақоратлаган бўлса, у ҳолда жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

Бундан ташқари, прокурор маҳалла раисларини мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун ҳам жавоб бериши керак эди. Чунки одамлардан солиқ йиғиш маҳалла раисининг вазифасига кирмайди. Президент фармони билан маҳалла ходимларини ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш тақиқланган.

“Қонун ҳамма учун баробар” деган қоидани бузаётган Бош прокуратура фермернинг калтакланиши воқеасига ҳеч қандай муносабат билдирмади. Бу воқеа Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳалигача маъмурий буйруқбозлик ботқоғида экани, тадбиркорлик кафолатлари ҳақидаги қонунлар тўлиқ ишламаётгани, прокуратура органлари ўз функциясига кирмайдиган кўпдан кўп масалалар билан ўралашиб юргани, қўл бошқарувидан тизимли бошқарувга ўтиш ҳақидаги гаплар амалга ошмаётганини яна бир марта кўрсатгани билан ҳам аҳамиятли.

Прокурор томонидан калтакланганини айтаётган фермер ҳамда этик ва фонар олиб келишга мажбурланган фермерлар. Фото: «Муштум» журналининг Telegram-канали

Умуман, муаммо илдизлари ҳақида кўп гапириш мумкин, лекин прокурор олдида этик ва фонар билан саф тортиб турган фермерларнинг биргина сурати мавжуд вазиятни мингта сўздан кўра яхшироқ ифодалайди. Бунга қўшимча, прокуратура тизимидаги ҳолатни Паркент тумани прокурорининг ишдан олиниши ҳам тўлиқроқ очиб бериши мумкин.

Тошкент вилояти Паркент тумани прокурори Шарифжон Акбаров 14 июл куни лавозимидан бўшатилди ва бу ҳақда расмий ахборот берилмади. Kun.uz манбасининг хабар беришича, прокурор истеъфосига айнан унинг ташаббуси билан Паркент тумани ҳокимининг ўринбосарларидан бири жиноятда гумонланиб қамоққа олингани сабаб бўлган. Манбага кўра, ҳоким ўринбосари кўп ўтмай озодликка чиқарилган, Акбаров эса қамоққа олиш тўғрисида илтимоснома киритишда қонунбузилишига йўл қўйганликда айбланиб лавозимидан озод этилган.

Эксклюзив ҳуқуқ эгалари очиқланиши мумкин

Рақобат қўмитасининг ваколатларини бирмунча кенгайтирган “Рақобат тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши ортидан, бу соҳа бўйича президент фармони ҳам имзоланди. Унга кўра, Рақобат қўмитаси яна президент ва Сенатга ҳисобдор деб белгиланди. Монополияга қарши орган йил бошидаги маъмурий ислоҳот вақтида Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилган эди. Ярим йил ўтиб бу тартиб бекор қилиниб, қўмита аввалгидек президент ва Сенатга бўйсунадиган бўлди.

Бу ўзгариш рўй бериши билан, қўмита раиси Шоҳрух Шораҳмедов Uzum ва Click компанияларининг бирлашиши масаласида дадил баёнот берди. “Улар бизнинг рухсатимизсиз бирлашса, жазога тортамиз”, деди антимонопол орган раҳбари. Эслатиб ўтамиз, Uzum ҳам, Click ҳам тўлов тизимлари бозорида катта ўринга эга, шу сабаб уларнинг бирлашуви янги монополия ҳақидаги хавотирларга сабаб бўляпти. Қонунга кўра, йирик компаниялар ўзаро бирлашиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан рухсатини олиши керак. Агар бирлашиш бозордаги рақобатнинг чекланишига олиб келади деб топилса, бунга рухсат берилмайди.

Президент фармонида, шунингдек, 1 октябрдан бошлаб эксклюзив ҳуқуқлар берилган компаниялар реестрини юритиш ҳам кўзда тутилган. Агар бу реестр очиқ бўлса, жамоатчиликда қайси компанияда қанақа эксклюзив ҳуқуқ борлигини билиш имкони пайдо бўлади. Бундан ташқари, давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи ҳужжатлар лойиҳаларини Рақобат қўмитасига киритиш мажбурий бўлади.

Фармонга асосан, қўмитанинг табиий монополия соҳаларидаги нархларни тартибга солиш бўйича функциялари келаси йил охиригача мустақил бозор регуляторларига ўтказилади. Бу соҳалар қаторига электр энергияси, табиий газ, темир йўллар, фуқаро авиацияси, аэропорт хизматлари, автомобил йўллари ва телекоммуникация соҳалари киради. Бу соҳаларда тарифларни белгиловчи ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади. Оддийроқ айтганда, газ ва “свет” каби табиий монопол товарларнинг нархини белгилашда давлатнинг иштироки камаяди.

Иқтисодий янгиликлар қаторида доллар курсининг ошаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Пайшанба куни Ўзбекистон банкларида долларнинг сотиш курси 11 650 сўмгача кўтарилиб, тарихий максимумни қайд этди. Йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 3 фоизга қадрсизланди. Марказий банк маълумотига кўра, июн ойида ўтказилган сўровлар аҳолининг валюта курси ўзгаришидан хавотири сезиларли ошганини кўрсатмоқда. Сўровларга кўра, ўзбекистонликлар келгуси бир йил ичида инфляция 13 фоиздан ортиқ бўлишини кутяпти. Расмий инфляция эса ўтган ойда 2016 йилнинг августидан бери биринчи марта 9 фоизга тушди. Лекин иқтисодчилар бу рақамга катта шубҳа билан қарамоқда. Шу билан бирга, ўтган ойда асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирган Марказий банк инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясига ўтгани, йил охиригача нархларнинг кескин ошиши эҳтимоли камайиб бораётганини маълум қилганди.

Дарахтлар қирғини. Тошкентнинг айрим туманлари 5 йил ичида 33 фоизгача яшиллигини йўқотган

Ўзбекистонликлар ёзнинг энг иссиқ ҳафталаридан бирини ўтказди. “Ўзгидромет” хабарига кўра, душанба-чоршанба кунлари Ўзбекистон ҳудудида термик депрессия ҳодисаси кузатилган, яъни максимал даражадаги иссиқ ҳарорат қайд этилган. Аввалроқ синоптиклар 2023 йилнинг июн ойи Тошкент шаҳрида кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июн бўлганини маълум қилганди.

Айни пайтда, бундай иссиқ глобал миққёсда кузатилганини айтиш ўринли. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, июл ойининг биринчи ҳафтаси Ер сайёрасида рекорд даражада иссиқ ҳарорат кузатилган. Хусусан, денгизлар юзасидаги ҳарорат кузатувлар бошланганидан кейинги даврда мисли кўрилмаган даражага етган. Халқаро ташкилот ўта юқори ҳарорат 2024 йилгача сақланиб қолишини прогноз қилмоқда. Аввалроқ кейинги 5 йил дунё тарихидаги энг иссиқ 5 йиллик бўлиши айтилганди.

Фото: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

Шундай шароитда, ўзбекистонлик тадқиқотчилар республикадаги дарахтлар қирғинига оид даҳшатли рақамларни эълон қилди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистондаги шаҳарларнинг кенгайишини таҳлил қилиб, қурилиш ишлари яшилликни қанчалик камайтириб юборганини аниқлади. Маълум бўлишича, 2022 йил ҳолатига яшиллик 2017 йилдагига нисбатан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида 18 фоизга, Яккасаройда 23 фоизга, Шайхонтоҳурда 26 фоизга, Олмазор туманида эса 33 фоизга камайиб кетган. Бундай ҳолат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланган. Масалан, Бухоро шаҳрининг марказий қисмида яшиллик даражаси 37 фоизга қисқарган.

Ўрнатилган мораторийга қарамай, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши давом этяпти. 9 июл куни ўзларини тадбиркор деб таништирган шахслар Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги истироҳат боғида бир нечта катта дарахтни кесиб ташлаган. Экологик партия хабарига кўра, ҳолат маҳалла фуқароларининг аралашуви билан тўхтатилган. Дарахткесарлар бунга туман ҳокими оғзаки рухсат берганини айтган. Маълум бўлишича, шу йил бошида туман кенгаши боғга 14 та аттракцион ва 10 та кўчма савдо шохобчасини жойлаштириш ҳақида қарор чиқарган. Фаолларнинг айтишича, бу қарордан кейин кўчма шохобчаларни ўрнатиш эмас, қурилиш ишлари бошланиб кетган.

Эътиборлиси, Хоразм вилояти Экология бошқармаси боғдаги 57 туп дарахт қуригани учун кесилаётганини маълум қилди. Бошқармага кўра, фақатгина битта соғлом дарахт ноқонуний кесилган ва бунинг учун айбдор фуқарога 1 млн 650 минг сўм жарима ёзилиб, етказган зарари қарийб 8,5 млн сўмга баҳоланган. Айни пайтда, сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда аввалроқ боғ ҳудудининг бир қисмида дарахтлар кесилиб, бино қуриб юборилганини кўриш мумкин.

Афсуски, сунъий йўлдош тасвирлари Марказий Осиёнинг бошқа бир жойида ҳам экологик нохушликдан дарак беряпти. Қозоғистонлик мутахассислар эълон қилган суратлардан маълум бўлишича, Каспий денгизи ҳам қурий бошлаган. Охирги 15 йилда кўлнинг Қозоғистонга тегишли қисми 7 фоизга қисқарган. Натижада Атирау шаҳри яқини ва Ёйиқ дарёси дельтасида улкан янги чўл ҳосил бўлган.

Олимларнинг айтишича, Каспий сувининг камайиб бораётганига асосий сабаб – иқлим ўзгариши. Тоғлардаги музликлар эриб кетиши натижасида дарёларнинг сатҳи пасайиб, Каспийга қуйиладиган сув миқдори камайяпти. Денгизга тушадиган сувнинг 80 фоизини таъминлайдиган Волга дарёсида Каспийга томон сув оқими 30 фоизга камайган. Айрим тадқиқотчиларга кўра, аср охиригача дунёдаги энг йирик кўлнинг ярми қуриб кетиши мумкин.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Самарқанд шаҳрида такси ҳайдовчиси 10 ёшли болани итлар ҳамласидан қутқариб қолди. Воқеа видеосидан кўринишича, у етиб келгунига қадар иккита ит болани тишлаб улгурган эди. Унинг аҳволи яхши экани, пластик операция қилиниши айтиляпти. Самарқанд шаҳар ҳокими ва ИИБ бошлиғи 23 ёшли такси ҳайдовчиси Исматжон Ибрагимовга миннатдорлик билдириб, уни тақдирлади. Болага ташланган итлар ушланиб, карантинга олинган, уларнинг эгаси жаримага тортилган. Бу воқеадан кейин айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар дайди итларни ўлдиришни бошлагани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Вилоятларда реаниматог шифокорларнинг маоши 20 фоизгача пасайиб кетгани маълум бўлди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тушунарсиз сабабга кўра уларнинг ҳақ тўлаш коэффициентини 4-гуруҳдан 2-гуруҳга туширган. 6 ойдан бери муаммосини ҳал қилолмаган шифокорлар масъулларни судга берган. Ҳозир иш судда кўриляпти. Вазирлик реаниматологлар маошини нега пасайтиргани юзасидан шу пайтгача изоҳ бермаган.

Ички ишлар вазирлиги 44,6 млрд сўмга 7 мингта планшет сотиб олди. Суриштирувларга кўра, битта планшетга тўғри келадиган 6,4 млн сўм нарх интернет-дўконлардаги нархлар билан солиштирганда анчагина қиммат. Тендерда бу нарх билан Литванинг Start Group компанияси ғолиб деб топилган. Бу фирмада атиги бир киши ишлаши, унинг устав фонди 3 минг еврога ҳам етмаслиги айтиляпти. Компания Литвада жойлашган бўлса ҳам, сайти фақат рус тилида ишлаши, сайтдаги расмлардан бирида Асакабанк картаси кўриниб қолгани ҳам шубҳаларни оширяпти.

UzAuto Motors Асакадаги заводини 17 июлдан тўлиқ қувватда қайта ишга туширишини маълум қилди. Завод фаолияти модернизация ишлари сабаб шу ой бошида вақтинча тўхтатилганди. Компания асосий моделлари сотувини қачон бошлаши номаълумлигича қоляпти. Эслатиб ўтамиз, Damas, Cobalt ва Gentra учун шартнома бериш тўхтатилганига 7 ойдан ошган.

Аския ва қизиқчилик санъатини ривожлантириш ҳақида қарор қабул қилинди. Унга кўра, Марғилонда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази очилади. Бюджет ҳисобидан аскиячиларнинг концертлари, миллий ва халқаро танловлар ўтказиладиган бўлди. Аския ва қизиқчилик санъати ҳақидаги илмий тадқиқотлар ҳамда ҳажвий асарлар учун давлат буюртмаси берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан неча миллиард сўм ажратилиши ҳозирча маълум эмас.

Мавзуга оид