Жаҳон | 11:10 / 04.08.2023
5918
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Минскка қарши санкциялар киритди

Европа Иттифоқи Беларусда давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари муносабати билан янги индивидуал санкциялар пакетини қабул қилди. Бу Минскнинг Украина урушида иштирок этгани учун санкциялар киритилгандан сўнг дарҳол содир бўлди.

Фото: Shutterstock

3 август, пайшанба куни ЕИ Кенгаши Беларусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли бу мамлакатда 38 нафар жисмоний ва уч юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. Брюссел бу шахслар ва ташкилотларни инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, фуқаролик жамияти ва демократик кучларни репрессия қилиш, шунингдек, Александр Лукашенко режимини қўллаб-қувватлашда айблади.

Санкциялар рўйхатига таниқли тарғиботчилар (Вадим Гигин, Ксения Лебедева, Евгений Пустовой), маҳкумларни қийноққа солиш ва уларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жавобгар бўлган қамоқхоналар ва колониялар раҳбарлари, шунингдек, режимнинг демократик мухолифлари, фуқаролик жамияти вакиллари ва журналистларни таъқиб қилишда иштирок этган суд ҳокимияти вакиллари киритилди. 

Санкциялар тинч намойишлар ва иш ташлашларда қатнашгани учун ходимларни жазолаган ёки ишдан бўшатган давлат корхоналарига ҳам тегишли, масалан - Лукашенко режимини қўллаб-қувватловчи стратегик компаниялардан бири саналган БМЗ ва «Белнефтехим». 

Умуман олганда, Европа Иттифоқининг Беларусга нисбатан чеклов чоралари энди 233 жисмоний ва 37 юридик шахсга нисбатан қўлланади. Уларнинг активлари музлатиб қўйилади ва Европа Иттифоқи фуқаролари ва компанияларига уларга маблағ бериш тақиқланади. Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши ва транзит ўтиши тақиқланади. Тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар Европа Иттифоқининг расмий журналида эълон қилинди. 

Мавзуга оид