Жаҳон | 08:44 / 14.08.2023
7163
4 дақиқада ўқилади

Нигердаги хунта президент «давлатга хиёнат» бўйича суд қилинишини билдирди

Нигерда тўнтариш уюштирганлар мамлакатнинг ҳокимиятдан четлатилган президенти давлатга хиёнат қилгани ҳақида далиллар тўплаганини айтди.

Фото: Sophie Garcia/AP Photo/picture alliance

Июл ойи охирида мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширган Нигердаги ҳарбий хунта раҳбарияти ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Базумга нисбатан «суд жараёни» ўтказиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Нигер миллий телевидениесида тўнтариш уюштирганлар томонидан тузилган Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш вакили, катта полковник Амаду Абдраман маълум қилди, унинг нутқидан парчалар 14 август, душанбага ўтар кечаси AFP агентлиги томонидан чоп этилди. 

Хунта вакилининг сўзларига кўра, тергов Базум ҳамда унинг «маҳаллий ва хорижий шерикларини» «ватанга хиёнат қилгани, ваколатли миллий ва халқаро органлар олдида Нигер ички ва ташқи хавфсизлигига путур етказгани учун» жавобгарликка тортиш учун етарли далиллар тўплашга муваффақ бўлди. 

Худди шу баёнотида Абдраман, хунта Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) томонидан тўнтаришдан сўнг Нигерга нисбатан қўйилган санкцияларни қоралашини билдириб, уларни «ноқонуний, ғайриинсоний ва камситувчи» деб атади. 

Воситачилар делегацияси раҳбари: хунта музокараларга тайёр 

Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш раҳбари Абдураҳмон Тчиани Нигер ҳарбий хунтаси ва ЭКОВАС блоки ўртасидаги қарама-қаршиликни дипломатик йўл билан ҳал этиш йўлини кўриб чиқишга тайёр, деди Нигериядан келган мусулмон диний етакчилар делегацияси раҳбари шайх Бала Лау. У тўнтариш уюштирганлар ва ЭКОВАС ўртасида воситачилик қиляпти. 12 август куни делегация Ниамейга ташриф буюриб, у ерда режим вакиллари билан учрашди. 

Лаунинг сўзларига кўра, Тчиани «тўнтариш яхши ният билан амалга оширилгани» ҳамда исёнчилар «Нигер ва Нигерияга яқинлашиб келаётган таҳдиднинг олдини олиш учун» ҳаракат қилганини билдирган. Хунта раҳбари ЭКОВАС уларнинг позициясига қулоқ солмаганини «оғриқли» деб атади. 

Шу билан бирга, исёнчилар аввалроқ Нигерга боришга уринган ЭКОВАС делегациясига мамлакатга киришни тақиқлаган эди. Хунта вакиллари музокарачилар хавфсизлигини таъминлай олмаслигини айтди. Шунга қарамай, ЭКОВАС парламенти исёнчилар билан учрашиш учун янги воситачилар делегациясини шакллантиришга чақирди. 

Исёнчилар ҳарбий аралашув юз берадиган бўлса, президент ўлдирилишини маълум қилди

Август ойи бошида, АР ахборот агентлигига кўра, исёнчилар мамлакатдаги вазиятга ҳарбий аралашув юз берадиган бўлса, Муҳаммад Базумни ўлдиришларини айтган. Бу - ЭКОВАСга аъзо мамлакатларнинг Нигерда конституциявий тартибни ва демократик йўл билан сайланган президент ҳокимиятини тиклаш учун қўшин юбориш тўғрисидаги таҳдидларига жавоб бўлди. 

Нигер қонунчилиги ўлим жазосига рухсат беради, у бошқа нарсалар қатори республиканинг давлат хавфсизлигини назарда тутувчи моддалар бўйича ҳам қўлланиши мумкин - Базумга қарши ҳам шундай айбловлар эълон қилиниши мумкин. Нигерда суд жазоси сифатида қатл этиш бўйича охирги маълум бўлган иш 1976 йилга тўғри келади. «Ўлим жазосига қарши бутунжаҳон коалицияси»га кўра, мамлакатда ўлим жазосига ҳукм қилинган камида 11 киши ҳибсда сақланмоқда. 

Мавзуга оид