«Марказий Осиё – АҚШ» саммити қайсидир давлатга қарши қаратилмаган — Салливан
Байден Марказий Осиё етакчилари билан нимани муҳокама қилмоқчи? У президентларни Вашингтонга нега таклиф қилган?
АҚШ президенти Жо Байден янги ҳафта бошида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашув режалаштирган. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан брифинг вақтида маълум қилди.
Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг Ню-Йоркдаги 78-сессиясида нутқ сўзлаганидан сўнг Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан илк бор учрашув ўтказади.
«Аслида, „C5+1“ [диалог формати] 2015 йилда бошланган. Кейинги йилларда у янада мустаҳкамланди. Ва энди биз биринчи марта етакчилар даражасидаги учрашувни кўрамиз», — дея таъкидлади у.
Байден маслаҳатчисининг қўшимча қилишича, учрашувда минтақавий хавфсизликдан тортиб савдо ва алоқалар, иқлим ўзгариши ва бошқарувни яхшилаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларгача бўлган «бир қатор масалалар» муҳокама қилинади. Ҳозирча учрашув вақти маълум қилинмаган.
Журналистлардан бирининг саммитни Хитойга сигнал сифатида кўриш керакми ва ундан қандай натижалар кутилмоқда, деган саволига Жейк Салливан шундай жавоб қайтарган: «Қулоқ солинг, бу саммит қайсидир бир давлатга қарши қаратилмаган. Бу биз ишлашни истаган ушбу мамлакатлар билан бўладиган позитив кун тартиби ҳақида».
«Биз муҳим соҳаларда биргаликда ишлаш ниятимиз кўрсатиладиган қўшма баёнот натижасини кутамиз ва Қўшма Штатлар буни самарали амалга ошириш учун маълум ресурсларни тақдим этади», — дея қайд этган маслаҳатчи.
Учрашувда Россия ғарб санкцияларини Марказий Осиё мамлакатлари орқали айланиб ўтишига қарши курашиш масаласи муҳокама қилинишига ҳам аниқлик киритилмаган. Аввалроқ АҚШ Давлат департаментининг санкциялар бўйича координатори Жим О’Брайен Қозоғистонни РФга ғарб томонидан қўйилган чекловларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган беш мамлакатдан бири сифатида санаганди (унинг рўйхатидан Туркия, БАА, Гуржистон ва Арманистон ҳам ўрин олган).
CNN телеканалининг аниқлик киритишича, АҚШ президенти Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари билан учрашув арафасида БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлайди ва у ерда «дунёдаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаб беради».
«Марказий Осиё – АҚШ» саммити (5+1) 19-20 сентябр кунларига режалаштирилган.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
18:12 / 23.12.2024