Жаҳон | 18:22 / 02.10.2023
12338
2 дақиқада ўқилади

Габон президентининг хотинига пул ювиш бўйича айблов эълон қилинди

Габон президенти лавозимидан ағдарилиши ортидан аввалига унинг ўғли, энди эса рафиқасига нисбатан коррупцион жиноий айбловлар қўйилмоқда.

Али Бонго Ондимба (чапда) рафиқаси Силвиа Бонго Ондимба билан Габон пойтахти Либревиллдаги стадионда. 2023 йил 10 июл / Фото: Steeve Jordan / AFP

Ҳокимиятдан ағдарилган Габон президенти Али Бонго Ондимбанинг хотинига пул ювиш ва бошқа жиноий айбловлар қўйилмоқда. Бу ҳақда масъул прокурор маълум қилди, дея хабар бермоқда “Ал-Жазира”.

Али Бонго 30 август кунги ҳарбий тўнтаришда ҳокимиятдан ағдарилган, унинг рафиқаси Силвиа Бонго Ондимба ўшандан буён мамлакат пойтахтида уй қамоғида сақланаётганди.

Прокурор Андре Патрик Ропонатнинг мамлакат телевидениесида маълум қилишича, 28 сентябр куни собиқ биринчи хонимга нисбатан тергов судяси томонидан айблов эълон қилинган.

Аввалроқ унинг тўнғич ўғли Нуриддин Бонгога нисбатан ҳам жиноий айбловлар қўйилган. У собиқ ҳукуматнинг бир нечта аъзолари ва икки нафар собиқ вазир билан биргаликда коррупция ва давлат маблағларини талон-торож қилишда айбланяпти.

Ҳокимиятдан ағдарилган президент Али Бонго 2009 йилдан буён лавозимда эди. У давлат раҳбарлигини мамлакатни 42 йил бошқариб, 2009 йилда вафот этган отасидан қабул қилиб олган. 2023 йил август ойидаги ҳарбий тўнтариш навбатдаги президентлик савловидан кейин рўй берди. Исёнчиларга кўра, сайлов адолатсиз ўтган, ҳукумат эса коррупция ботқоғида.

Мавзуга оид