Ўзбекистон | 20:40 / 06.10.2023
5178
2 дақиқада ўқилади

Ўқишга киритиб қўйитиш билан боғлиқ бир қанча фирибгарликлар аниқланди 

Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкентда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган шахслар ушланди. 

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Н.М. бошқа фуқаролар ишончига кириб, уларнинг фарзандларини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиши эвазига жами 8 минг доллар ва 43,5 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган. 

Шунингдек, яна бир тезкор тадбирда Ш.С. бошқа фуқарони танишлари ёрдамида Тошкент шаҳридаги Renessans хусусий олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда М.Э. бошқа фуқарога Россия ёки Тожикистондаги олий ўқув юртида ўқиганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштириб бериш орқали Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид