Исроил фақат ҲАМАС билан урушяптими ёки умуман Фаластин биланми?
7 октябрда Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳининг Исроилга қилган ҳужуми ортидан, Исроил ҳам секторни аёвсиз ўққа тута бошлади. Натижада минглаб тинч аҳоли, шу жумладан болалар, аёллар ва қариялар ҳалок бўлди ва бўлмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Фаластин мухториятининг 45 фоиз аҳолиси – 18 ешгача бўлган болаларни ташкил қилади. Шунинг учун ҳам, Исроилнинг Ғазога бомба ташлашлари натижасида болалар ниҳоятда кўп қурбон бўляпти.
Дунё ОАВ фаластинлик болаларнинг жасадларини кўриб, шокка тушаётган бўлса, Исроил ва унинг иттифоқчилари бу ғайриинсоний вахшийликни оқлаш учун “биз фаластинликларга қарши эмас, фақат ҲАМАСга қарши уруш қиляпмиз” деб, пропаганда олиб бормоқда. Хўш, Исроил ҳақиқатда ҳам фақат ҲАМАСга қарши урушмоқдами? Бу мақолада Исроилнинг асл нишони ҲАМАС эмас, аслида Фаластин давлатчилиги ва оддий фаластинликлар эканини кўрсатувчи бешта фактни келтирамиз.
Биринчидан, Фаластин – Исроилнинг оккупациялари натижасида иккига бўлиниб қолган давлат. ҲАМАС ташкилоти фақат Ғазо секторида бор, Ғарбий соҳилда мавжуд эмас. Лекин, мана 75 йилдирки, Ғарбий соҳилда ҳам Исроилнинг ҳудудларни босиб олиш сиёсати, фаластинликларни таҳқирлаш сиёсати кучайса кучаймоқда, лекин пасаяётгани йўқ.
Иккинчидан, ҲАМАС ва шунга ўхшаш жангари гуруҳлар асосан кейинги 30-40 йилда ташкил топди. ҲАМАС 1987 йилда тузилган, “Ҳизбуллоҳ” эса 1983 йилда. Яъни 1970 йилларга қадар Фаластин ҳудудида ёки ундан ташқарида Фаластинни жангари усуллар орқали ҳам ҳимоя қиладиган қуролли гуруҳлар умуман йўқ эди. Лекин ўша пайтда ҳам Исроил ҳар хил баҳоналар билан Фаластиннинг ерларини босиб олиш сиёсатини олиб борар эди. Бугун эса, ҲАМАСни баҳона қилиб, фаластинликларнинг Ғазо секторини ташлаб чиқиб кетиши учун ҳаракат қилмоқда.
Учинчидан, агар ҲАМАС “террорчи гуруҳ” бўлса, унда савол туғилади: Исроил тинчликпарвар гуруҳлар билан мулоқот олиб боряптими, уларга Фаластин ерларини қайтариб бердими еки бериш нияти борми? Йўқ, Исроил ҳеч бир тинчликпарвар, конструктив гуруҳ ва шахсларга ҳам Фаластин давлати тузиш имкониятини бермаган, бермайди. Босиб олинган ерларни ҳам қайтариш ниятида эмас.
Тўртинчидан, Исроил Ғарбий соҳилда расмий мақомга ва ваколатга эга Фаластин Озодлик Ташкилотининг раиси Маҳмуд Аббос билан конструктив мулоқот олиб бордими? Йўқ, аксинча, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу конструктив ва вазмин Маҳмуд Аббос ҳамда унинг ташкилотини таҳқирлаш, ерга уриш билан шуғулланиб келди. Исроилнинг бу сиёсатига гувоҳи бўлаётган фаластинликлар радикал ҳисобланмиш ҲАМАСга кўпроқ ишонди ва ишонмоқда.
Бешинчидан, шу пайтга қадар Исроил нима қилса ҳам, фақат ўзини қурбон сифатида кўрсатиб келди, мисли кўрлмаган ваҳшийликлар қилди ва қилмоқда. Ғарбий соҳил, гарчи у расман Фаластин ерлари бўлса-да, бу ерлар ичкаридан тўлиқ яҳудийлар томонидан ўзлаштириб олинмоқда. Исроилнинг сиёсати – бу Фаластин давлатига имкон бермаслик, ўзининг куч-қудратига таяниб, фаластинликларни ўз уйларидан, ҳудудларидан сиқиб чиқариш ва шу йўл билан Исроил давлатини кенгайтириш эканини нафақат фаластинликлар, араб давлатлари, мусулмон халқлари, балки кўплаб холис бўлган ғарбликлар ҳам тушуниб бўлган.
Шундай экан, Исроил учун ҲАМАСнинг жангарилиги ўз жиноятларини оқлаш учун бир баҳона холос. ҲАМАС ҳали ташкил топмаган вақтлари ҳам Исроил бу жиноятларни қилган ва ҳамон қилмоқда. Фаластинлик бошқа, конструктив кучлар бор бўлса-да, Исроил бу кучларга имконият бериш ниятида эмас. Шу сабабли айтиш мумкинки, Исроил фақат ҲАМАС билан урушаётгани йўқ, умуман барча фаластинликлар билан урушяпти, Фаластин давлатига имкон бермаслик ниятида.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024