Жамият | 15:24 / 24.10.2023
29794
9 дақиқада ўқилади

Замонавий касаллик: рақамли кўз зўриқишида нима қилиш ёки қилмаслик керак?

Кўз қуриши, кўзда ортиқча нарса бордек ҳис қилиш, қизариш, қичишиш, хира кўришни бошлаш – булар 21-аср касаллиги рақамли кўз чарчаши белгиларидир. Экранларга узоқ термилиш сабаб бугун кўз касалликлари ёшариб боряпти. Смартфон, ноутбуклардан доимий фойдаланган ҳолда, кўз нурини асраш мумкинми ва бу учун нима қилиш керак?

Тошкент метросида эдим. Поезд қанча олдин кетганини билиш учун электрон таблога қарадим. 20 метрча масофада бўлсам ҳам таблодаги рақамларни аниқ кўра олмадим. Қизиғи, бундан бир йил олдин метронинг охири, вагони тўхтаган жойдан ҳам электрон таблодаги рақамларни ўқий олардим. Бу ҳолат жиддий хавотир уйғотиб, кўз шифокорига югурдим. Шифокорнинг айтишича, менда кўз ёш етишмаслиги бошланиб, натижада кўзим узоқни олдингидек яхши кўрмаяпти. Бу қандай пайдо бўлди, кўз қуриши, кўзда ортиқча нарса бордек ҳис қилиш, қизариш, қичишиш, хира кўриш сизда ҳам кузатилганми?

Рақамли кўз зўриқиши нима дегани?

Кўз шифокорлари cмартфон ва компютер оммалашганидан кейин digital eye strain – рақамли кўз зўриқиши атамасининг оммалаша бошлаганини айтади. Ёки буни computer vision syndrome – компютер кўриш синдроми ҳам деб аташ мумкин. Бу атамалар охирги 20 йилда кўп тилга олиняпти. Бу нима маънони англатади, белгилари қандай?

Рақамли кўз зўриқиши рақамли қурилмалардан узоқ вақт фойдаланиш натижасида пайдо бўладиган касаллик. Бундай ҳолларда кўзларнинг қуриб қолиши, қичишиш, кўзда бегона жисм кириб қолгандай ҳис қилиш, кўз ёшланиши, кўришнинг хиралашиши ва бош оғриғи каби белгилар кузатилади. Шу билан бирга бўйиннинг қотиб қолиши, бел оғриғи ҳам рақамли зўриқишнинг белгилари бўла олади. Таҳлилларга кўра, бу белгилар айниқса пандемия даврида 5 фоиздан 65 фоизгача ўсган. Хўш, Ўзбекистонда-чи, кўз шифокорларига мурожаат охирги 5 йилда кўпайганми?

Ҳа, кўпайган!

Ўзбекистонда кўз касалликлари билан боғлиқ мурожаатлар ҳақида Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов маълумот берди. Унинг айтишича, олдин кўз касалликлари, масалан катаракта операцияси 60 ёшдан бошлаб қилинган бўлса, ҳозир кўз касалликлари 35-40 ёшда ҳам ривожланяпти.

Офталмология соҳасида йилдан йилга касалликларнинг олдини олишга қаратилган диагностикалар мукаммаллашиб кетяпти. Шу билан бирга рақамли касалликларнинг ҳам ўз навбатида кўпайиши кузатилмоқда. Бу, албатта, компютер технологиялари ҳаётимизга кириб келиши ҳисобига бўляпти”, – деб тушунтиради Икромов.

Шунингдек, шифокор охирги вақтда беморлар кўзда доим қадалиш, ёт жисм борлигини ҳис қилишдан шикоят қилаётгани, болаларда кўз олмасининг нормадан тез ўсиши ҳам кузатилаётганини айтади.

“Буни махсус индикаторлар билан текширганимизда уларда кўз ёш етишмаслиги аниқланади. Бу баъзи ҳолларда кўздаги яраларнинг тез битмаслигига ҳам сабаб бўляпти”, – дейди у.

Нега экранлар кўзга ёмон таъсир қилади?

Кино кўриш ёки ўйин ўйнаш каби узоқ давом этадиган машғулотлар инсоннинг экранга кўз узмасдан қараб туришига сабаб бўлади. Нормал кўзлар 1 дақиқада 15-18 мартагача киприк қоқиб, ўзини намлаб туриши керак.

Диққат бир жойда бўлгандан кейин кўз юммасдан қаралади. Бунинг оқибатида кўз олмасида ҳар хил ўзгаришлар, шох пардада қавариқлик, кўз ёши етишмаслиги ёки кўз шох пардаси қуриб қолиши мумкин”, – дейди офталмолог.

Бундан ташқари, кечқурун чироқсиз қоронғи хонада экранларга термилиш ҳам кўз касалликларининг асосий сабабларидан бири. Шифокорнинг тушунтиришича, телефонда чиқадиган нур ҳам кўзга, ҳам марказий нерв системасига таъсир қилади. “Кўз олмаси миянинг ташқарига чиққан қисми ҳисобланади. Марказий нерв системасида бўладиган нарсаларнинг ҳаммаси кўзда бўлади. Кўзга бирдан ёруғлик тушиб, бирдан реакция бердими, бунга марказий нерв системаси ҳам бефарқ бўлмайди. Шундан кейин ҳар хил касалликлар ривожланиши мумкин”, – дейди у.

Америкаликларнинг 77 фоизида кўз чарчаши бор

Одамлар неча соатини экранларга қараб ўтказаётгани бўйича Ўзбекистондаги статистикалар топилмади. Бугунги кун рақамли экран қиёфаси ҳақида тасаввур пайдо бўлиши учун АҚШ олимлари ўтказган тадқиқотга қараш кифоя. Унга кўра, 93,5 фоиз одам кунига 2 соатдан ортиқроқ экранга қарайди. Ва уларнинг 77 фоизида кўз чарчаши касаллиги бошланган. 32,8 фоиз одам кўз зўриқиши, 32,7 фоизи бўйин оғриши, 24 фоизида бош оғриғи, 23,3 фоизида хира кўриш, 22,8 фоизида кўз қуришидан шикоят қилган. Ҳар 10 кишидан 6 нафари энг камида 9 фоиз вақтини экранларга қараш билан ўтказади.

Шунингдек, энг кўп фойдаланадиган рақамли воситалар ҳам ўрганиб чиқилган: 78 фоиз киши телевизор, 74 фоизи смартфон, 60 фоизи лептоп, 52 фоизи компютер ва 15 фоиздан кўпроғи видеоўйинларга қараши аниқланган.

30 ёшгача бўлганлар бошқа ёш гуруҳлари билан солиштирганда рақамли кўз зўриқиши белгиларидан энг кўп (73%) азият чекади. Бел оғриғи ёки бўйин оғриғидан аёллар эркакларга қараганда 7 фоизга кўпроқ шикоят қилиши аниқланган.

Кўзойнаклар фойда берадими?

Офталмолог Икромовнинг айтишича, ҳа. Компютердан ҳимоя кўзойнаклари нурларни қайтаради. Улардан фойдаланиб, бу жараённи маълум бир миқдорда чўзиш мумкин. Бунда кўзойнакдан фойдаланиб, 30-40 минут ишдан кейин танаффус қилинса, кўз билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Шифокор мутахассис билан учрашиб, қандай кўзойнакдан фойдаланиш бўйича тавсия олиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Ҳар бир тиббиёт муассасасининг ўз оптикаси бор, ўшанга кириб, нурларни қайтаришга мўлжалланган, кўз олмасининг бир-бирига яқинлигига қараб, ўлчаб, кўзойнак тавсия қилинади”, – деб тушунтирди у.

Бундан ташқари, ишлаётганда машқ қилдирувчи кўзойнаклардан фойдаланиш ҳам фойдали. Улар кўз мускуллари ва кўздаги нейронларни қитиқлаб ишлатади.

Кўзларни чарчатмаслик бўйича тавсиялар

Кўз зўриқишининг қандай олдини олиш ёки даволаш мумкинлиги ҳақида Канада кўз касалликлари ассоциацияси бир қанча усулларни тавсия қилади.

Мунтазам танаффуслар. Кўзларни чарчаш ва қуриб қолишидан сақлаш учун 20-20-20 қоидасига амал қилиш фойда беради. Бунда 20 дақиқа ишлаб, 20 дақиқа кўзларга дам бериш ва энг камида 20 фут (6 метр) узоқликдаги манзарага қараб туриш тавсия этилади.

Киприк қоқишни эсда сақлаш. Экранларга қараб турганда кўз юзаси қуриб қолади, чунки кам киприк қоқамиз. Киприк қоқиш кўзни намлантириб, қуриб қолишдан сақлайди.

Кўз томчилари. Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда турли кўз томчиларидан фойдаланса ҳам бўлади.

Экран ёруғлиги ва ўлчами. Экран ёруғлигини созлаш ҳам фойда беради. Қолаверса, экранни бармоқ излари ва чанглардан тез тез тозалаб туриш керак. Чунки бу иккиси ҳам экранни хиралаштириб, визуал равшанликка рахна солади. 

Экраннинг шрифт ўлчами, контрасти ва ёрқинлигини кўзингизга қулайлаштиринг. Мисол учун, ўқиш учун жуда кичик бўлса, шрифт ҳажмини оширинг ва экран ёрқинлигини атрофга мосланг. Компютерлар учун экранни кўзларингиздан қўл узунлигидан (>50 см) узоқроқ жойлаштиринг.

Кўз учун муҳим машқлар

Бундан ташқари, Отабек Икромов ўзи синовдан ўтказган айрим усуллари билан ҳам бўлишди.

Яна бир яхши йўли – стол тенниси ўйнаш. Бунда ҳам кўз гимнастика қилади, ҳам ҳимоя воситаси ошиб, кўз мускуллари яхши ривожланади. Аввало ўтирган одамнинг қон айланиши яхши бўлмайди. Шунинг учун кабинетда ҳеч бўлмаса кўз тушадиган бирор расмни осиб қўйиб, ўшанга қараб туриш ёки хонани тоза ҳаво билан шамоллатиб, 5-10 марта айланиш ҳам қон айланишини, ҳам кўришни яхшилайди”, – дейди у.

Шунингдек кўзлар учун айрим машқлардан фойдаланиш ҳам самарали. Масалан, кўзни юмиб очиш, кўз олмасини ҳаракатга келтириш, кўз мускул аппаратининг ҳаракатини яхшилайди.

Бармоғингизни кўзларингиздан бир неча сантиметр узоқликда ушлаб туринг ва диққатни унга қаратинг. Кейин диққатни узоққа қаратинг, сўнгра бармоғингизга қайтинг. Буни бир неча марта такрорланг. Ёки кўзингизни юминг, уларни шифтга, сўнгра полга қараб айлантиринг. Ўнгга, кейин чапга қаранг. Ушбу машқлар кўз чарчоқларини енгиллаштиришга ёрдам беради”, – деб тушунтирди Икромов.

Юқоридаги тавсияларга, албатта, амал қилинг. Чунки пулни шифокорга сарфлаб юргандан кўра, йиғиб тезроқ саёҳат қилиш яхши вариант.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид