Жамият | 17:52 / 17.11.2023
18131
9 дақиқада ўқилади

«Навоийуран» ва «Навоий кон-металлургия комбинати» 65 ёшга тўлди

Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида йирик уран конларини топиш ва ўзлаштиришдек стратегик вазифалар бепоён Қизилқум чўлларида уран захираларини излаб топиш ва уни саноат усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича янги тарихга пойдевор қўйди.

Орадан ўтган 65 йил вақт давомида корхона техник ва технологик жиҳатдан янгиланиб борди, ўз замонасининг илғор тажрибаларидан фойдаланиб, уран ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

2022 йилнинг 1 январидан Республикамизда уранни қазиб олиш янги ташкил этилган “Навоийуран” давлат корхонаси зиммасига юклатилди. Ҳозирги кунда корхона барқарор ва жадал ривожланиб, ўз маҳсулотини Япония, Франция, Канада, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларга 100 фоиз экспортга йўналтираётган мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналаридан бирига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоийуран” ДК жамоаларига байрам табригида “Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган, дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин, табиий уран ва бошқа нодир қазилма бойликлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга экани барчамизга яхши маълум.

Шу маънода, 40 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассислар меҳнат қилаётган мазкур комбинат ва 3 йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан “Навоийуран” корхонаси миллий саноатимиз фахри, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз” деган гаплари ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан уран саноатига жуда катта эътибор қаратилиб, иккита муҳим тарихий қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда корхонанинг келажагини белгилайдиган янги ва муҳим вазифалар ўз ифодасини топди.

Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийуран” давлат корхонасининг 65 йиллиги муносабати билан корхона бўлинмаларида ўтказилаётган байрам тадбирларининг аввали Учқудуқ туманидан бошланди. Боиси, ўзбек уран саноати тарихи бевосита ушбу ҳудуд билан боғлиқдир. “Учқудуқ” маданият саройига жам бўлган кончилар, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар ўтган кунлар ва бугунги ислоҳотлар борасида диллашди. Тадбирда сўз олганлар барчани байрам билан табриклаб, бугун Давлатимиз ва Ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, унинг халқимиз ҳаётидаги ифодаси хусусида тўхталдилар. Ўз навбатида кончиларнинг меҳнатлари ҳам эътироф этилди.

Бугунги сана мен учун икки карра қувончли бўлди дейишим мумкин. Боиси, республикамизнинг гигант корхоналарининг 65 йиллиги муносабати билан III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу менга янада куч ва ғайрат бағишлайди. “Учқудуқ” геотехнологик конида 20 йилдан буён ишлаб келаётган бўлсам, сўнгги етти йилда соҳамизга алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлмоқдаман. Мен оддий уста лавозимида ишласам-да, меҳнатларим эътироф этилганидан хурсандман. Давлатимиз раҳбари томонидан корхонамиз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда менинг ҳам ҳиссам борлигидан фахрланаман. Бугунги байрамона тадбирда устозларимиз билан кўришдик, улар билан дилдан суҳбатлашдик. Уларнинг босиб ўтган йўллари албатта биз каби ёшларга намуна мактаби вазифасини ўтайди, - дейди “Учқудуқ” геотехнологик кони устаси Зиёдулло Хотамов.

Асосий байрам тадбири “Навоийуран” ДКнинг фаоллар залида давом этди. Тантанага корхона муҳандис-техник ходимлари, меҳнат фахрийлари билан биргаликда корхона ҳамкорлари бўлган Хитой Миллий Ядро корпорaцияси ҳамда Франциянинг “Orano mining” компанияси каби нуфузли ташкилотлар вакиллари ҳам меҳмон сифатида таклиф этилди.

Мени шундай қутлуғ айёмга таклиф этишшганидан ва унда иштирок этаётганимдан мамнунман. Илк ташрифимиз “Навоийуран” давлат корхонасининг 65 йиллигига тўғри келди. Бизнинг ташкилотимиз Хитой Миллий Ядро корпорaцияси мазкур корхона билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Айтишим мумкинки, бунга унча кўп бўлгани йўқ. Жорий йилнинг октябр ойида Корпорациямиз таклифига биноан, "Навоийуран" давлат корхонаси Бош директори Дж.Файзуллаев бошчилигидаги делегaция Пекин шаҳрида бўлиб ўтган "Табиий уран саноатини ривожлантириш бўйича биринчи халқаро форум”да иштирок этди. Ташриф доирасида Дж.Файзуллаев ва CNNC вице-президенти Shen Yanfen "Навоийуран" ДК ва CNNC ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоладилар. Бугун эса биз корхонанинг фаолияти билан танишмоқдамиз. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз узоқ йиллар самарали давом этади ҳамда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади, - дейди Хитой Миллий Ядро корпорaцияси Бош менежери Lyu Syunfan.

Тадбир давомида Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари – “Навоийуран” ДК Бош директори Джамал Файзуллаев йиғилганларни ва барча соҳа ходимларини сана муносабати билан муборакбод этди. Шунингдек, корхонанинг сўнгги йилларда эришган ютуқлари, олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди. 

Шунингдек, шодиёна давомида корхонада кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда 65 йиллик юбилей муносабати билан бир гуруҳ ишчи-ходимлар “Навоийуран фахрийси” унвони, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Мен кончилик соҳасида 20 йилдан буён ишлаб келмоқдаман ва бундан жуда фахрланаман. Сўнгги йилларда уран саноати жадаллик билан ривожланиб, Давлатимиз ва Ҳукуматимизнинг бу борада бир қатор қарорлари қабул қилинди. Табиий уран ишлаб чиқариш ҳажми 2030 йилгача мос равишда уч бараварга ошириш бўйича стратегик вазифалар қўйилган. Мен раҳбар сифатида фаолият юритаётган Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи ҳам шунга монанд равишда қувватларини ошириб бориши белгиланган. Хусусан, 2024-2025 йилларда қўшимча қувватлар қурилиб, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 400 минг тоннага оширилади. Муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади, - дейди Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Эрали Васиев.

“Зафаробод” кон бошқармаси ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдони ҳам корхонанинг энг йирик бўлинмаларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда ушбу майдонларга қарашли 18 та конда уран маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Корхона томонидан қазиб олинаётган ураннинг 85 фоизи ушбу ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

Улар ҳам байрамни юқори кайфиятда, муносиб ютуқлар билан қарши олди. Хусусан, Зафаробод қўрғонидаги “Ёшлик” маданият саройига йиғилганлар сўнгги йилларда корхонада амалга оширилаётган катта ҳажмдаги ўзгаришларга видеороликлар ва маълумотлар орқали гувоҳ бўлишди. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, яратиладиган иш ўринлари, инвестицион лойиҳалар ҳудуд аҳолисининг ҳаёт сифати ва турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди. Кон бошқармасининг фаол ишчи-ходимлари тақдирланди, меҳнат фахрийларининг хизматлари эътироф этилди.

Сана муносабати билан Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда “Навоийуран” ДКнинг

65 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди. Тантанада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийуран” ДК жамоасига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқариш илғорларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийуран” ДКнинг бир гуруҳ ишчи-ходимларга юксак давлат мукофотлари топширилди.

Хусусан, “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилган “Навоийуран” давлат корхонаси бош геологи Хайрулла Аҳадов ҳам ушбу давлат мукофотини қабул қилиб олди.

Тантана давомида пойтахтдан ташриф буюрган хонандалар ва маданият саройи бадиий жамоаларининг Она Ватанни ва шарафли касб соҳиблари бўлган кончиларни улуғловчи куй-қўшиқ ва рақслари ҳамда ранг-баранг мушакбозлик барчага байрам кайфиятини улашди.

Мавзуга оид