Ўзбекистон | 18:46 / 19.12.2023
18677
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари коррупцион жиноятларда гумонланмоқда

Саидаҳмад Султонов Жиноят кодексининг 205- ва 206-моддаларида назарда тутилган жиноятлар – ваколатини суиистеъмол қилиш ва ваколати доирасидан четга чиқишда гумонланиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти суди вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов қамоққа олинганини тасдиқлади.

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг Саидаҳмад Султоновга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилган.

Ҳоким ўринбосари Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 206-моддаси 2-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

У Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг илтимосномасини қаноатлантирган ва гумон қилинувчи Саидаҳмад Султоновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.

  • 48 ёшли Саидаҳмад Султонов 2020 йил октябрдан буён Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
  • Kun.uz манбасига кўра, сўнгги бир ойда коррупцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида ўнга яқин мансабдор шахс қўлга олинган.
  • Хусусан, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Солиқ қўмитаси ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси мансабдорлари, Марказий банкнинг Бухоро вилояти бўйича бошлиғи Эркин Мансуров, Бухоро туманининг собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев қамоққа олинган.

Мавзуга оид