Ўзбекистон | 11:00 / 13.01.2024
9937
6 дақиқада ўқилади

Қоннинг сифати ҳавога боғлиқ – заҳарли ҳавода қаердан кислород топиш мумкин?

Уйқусизлик, ҳолсизлик, бурун битиши ёки кислород етишмаслиги Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида охирги кунларда кўпайди. Чунки пойтахт ҳавоси бир неча кундирки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан ўнлаб баробар кўпроқ ифлосланланяпти. Масъуллар бу масалага қачон эътибор қаратиши ҳозирча номаълум. Хўш, оддий аҳоли қандай қилиб ифлос ҳаводан ўзини ҳимоялай олади, танадаги кислородни яхшилаш учун нималар истеъмол қилиш керак? Бу ҳақда Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров ўз тавсияларини берди.

Қоннинг сифати ҳавога боғлиқ

Табиблар султони Ибн Сино инсон танасидаги қоннинг сифати у олаётган ҳавога боғлиқлигини айтади. Инсон табиатнинг бир бўлаги, ўша 4 унсур, ер, сув, ҳаво ва олов инсон танасида ҳам бор: қон, балғам, сафро, савдо.

Қонимизнинг сифати нега биз олаётган ҳавога боғлиқ? Чунки биз овқатдан озуқа олишдан ташқари, асосий озуқани ҳаводан оламиз. Бу қонимиз кислородга тўйиниши учун ҳаво таркибида кислород етарли бўлиши керак. Иккинчидан, бу ҳавода заҳарли моддалар кўпайиб кетган. Болалар, қариялар шу ҳаводан нафас оляпти. Ҳозир ҳатто ўрта ёшдагилар ҳам бу ҳавода ҳолсизланиб қоляпти. Чунки қони қуюқлашган, яъни ҳавонинг сифати бузилгани сари инсон танасидаги қон қуюқлашади. Қон қуюқлашганидан кейин инфаркт, инсулт, стенокардия касалликлари кузатилади. Ҳозир хоҳлаган инсоннинг қонини текширса, қуюқ чиқади. Бу инсон танасидаги аъзоларнинг ишдан чиқишига олиб келади. Нафақат юрак, балки буйрак, ўпка ҳам ишдан чиқади. 

Саёҳатга чиқиш

Тошкентда муқим яшаган, ойлаб-йиллаб шу муҳитдан бошқа бир муҳитга чиқмаган одам, албатта, хафақон касаллигига дучор бўлади. Хафақон бу – қоннинг қуюқлашиши. Экология заҳарланган ҳудудда яшайдиган инсон тез-тез саёҳат қилиб, ҳаво алмаштириб туриши керак. Ҳеч бўлмаса, Тошкент атрофидаги тоғолди, тоғга яқинроқ ҳудудларга чиқиб келиши керак. Ҳафтада бир марта бошқа ҳудудга чиқиб келган одамнинг қони текширилса, суюлган бўлади.

Тирик сув ёки ўрнини босувчи маҳсулотлар

Бундан ташқари, қоннинг сифатини яхшилаш учун тирик сув ичиш тавсия қилинади. Тирик сув бу – оқаётган дарё суви. Кўпқаватли уйларда яшайдиганлар учун тирик сувни топиш қийин. Унинг ўрнини қандай тўлдирса бўлади? Тирик сув табиий ўсимликлар таркибида, полиз экинлари, меваларда бўлади. Инсон бир кунлик кислородга бўлган талабини қондирмоқчи бўлса, кунига 200 грамм полиз экинлари ёки мевалардан олинадиган шарбатни ичиши керак. Масалан, қизил лавлаги, сабзи ва олмадан олинадиган шарбатни эрталаб ичган одам кун давомидаги кислород танқислигидан омон қолади. Бунга қўшимча, сифатида асални ҳам айтишим мумкин.70 грамм эрталаб ейилган асал ёки кечқурун ухлашдан олдин шунча миқдорда асал ейилса ёки сувга қўшиб ичилса, уй сифати яхшиланади. Бу ҳам кислороднинг яхши айланишига ёрдам беради. 

11 километр пиёда юриш

Учинчи тавсия пиёда юриш. Қон қуюляптими уни суюлтириш учун юриш керак. Инсон қанчалик кўп жисмоний ҳаракат қилса, фаол бўлса, қон суюқлашади. Қони қуюқ одамнинг 11 километр юргандан кейин қони текширилса, суюлганини кўриш мумкин. 11 километр деганимга сабаб инсон ҳазм тизимидаги ичаклари 11 метрни ташкил этади дейишади. Ҳар бир метр ичак бир километр пиёда юришни талаб қилади, шунда истеъмол қилинган овқат ўз вақтида ҳазм бўлади. Соғлом ҳаракатдаги одамнинг егани 8 соатда ҳазм бўлиб, танани тарк этиши керак. Юрмаган одамда бу жараён 12-15 соатгача узайиб кетади. Агар биз пиёда юрсак, юрагимиз дам олади. Қонни айлантириб беришга оёғимизнинг эгилиб букилиши ёрдам беради. Шунинг учун оёқ иккинчи юрак дейилади. Ҳар бир инсон юрагининг умрини узайтирмоқчи бўлса, кўпроқ пиёда юриши керак. Шунда юрак дам олади.

Танадан терни чиқариб ташлаш

Тўртинчи усул – ҳафтада бир марта ҳаммомга тушиб, яхшилаб терлаш ҳам қонни суюлтиради. Инсон танасидаги кислород танқислигининг олдини олади. Шунинг учун ўрта ёшдаги ва ўрта ёшдан ўтган одамлар ҳафтада бир марта қадимий усулда қурилган ҳаммомларга тушиб, танадан терни чиқариб ташлаши керак.

Консерваланган маҳсулотларни емаслик

Ҳар бир инсоннинг танаси ўзига нима кераклигини ўзи айтади. Лекин ҳамма учун мос умумий қоидалар ҳам бор. Масалан, таом устига таом емасак ҳамма аъзоларимиз яхши ишлайди. Бундан ташқари, дудланган маҳсулотлар, консерваланган маҳсулотлар таркибида ҳам кислород бўлмайди. Ўзи кислород етмаётган бир пайтда яна дудланган колбаса ёки консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилсак, уларнинг таркибида кислород йўқлиги ҳисобига танамиздаги ҳолат яна ҳам оғирлашади.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов, Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид