Ўзбекистон | 15:35 / 17.01.2024
56134
6 дақиқада ўқилади

ИИВнинг “обрўсизлантириш қонуни”. Масъуллар ва фаоллар баҳси

Фуқаро орган ходимининг видеосини қанақа мақсадда тарқатгани қандай аниқланади? Жамоатчилик назоратини таъминламоқчи бўлганлар қамалиб кетмаслигига кафолат борми? Сенат қўмитаси мажлисида Kun.uz мухбирининг шу саволлари очиқ қолди. Мажлисда фаоллар ва масъуллар ўртасида баҳс келиб чиқди.

Ўзбекистонда ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жазо белгилашни кўзда тутувчи қонун Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида кўриб чиқилмоқда.

Қўмитанинг 15 январ кунги мажлисида бу масала жамоатчилик вакиллари – журналистлар ва блогерлар иштирокида муҳокама қилинди. Унда расмийлардан сенаторлар, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.

Масъулларнинг айтишича, 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимлари фуқаролар томонидан 253 марта фото ва видеотасвирга олиниб, бу тасвирлар интернетга тарқатилган. Ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирган.

Тадбирда таъкидланишича, “қатор ривожланган давлатлар” қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқланган.

Тадбирда Kun.uz мухбири масъулларга қуйидаги иккита савол билан мурожаат қилди:

  1. Фуқаронинг тасвирни тарқатишдан мақсади нима бўлгани (обрўсизлантиришми ёки йўқ) қандай аниқланади? Соҳадаги “айрим нопок кимсалар” ҳақида хабар бермоқчи бўлганлар ноҳақ қамалиб кетмаслигига кафолат борми?
  2. ИИВ келтираётган важлар ва бу модданинг салбий оқибатлари, хусусан очиқлик сиёсатига катта доғ тушиши мумкинлиги ўзаро таққослаб кўриляптими?

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг айтишича, орган ходимининг тасвирини тарқатишда фуқаро қандай мақсадни кўзлаганига прокуратура органлари ва ИИВнинг юқори турувчи органлари аниқлик киритади. “Агар ўша ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими айбдор бўлса, прокуратура органлари қонуний баҳо беради”, деди у.

Иккинчи саволга жавобан, Бурҳоновнинг ишонч билдиришича, бу модданинг қабул қилиниши очиқлик сиёсатига “умуман доғ туширмайди”.

“Чет мамлакатларни оладиган бўлсак ҳам, Европа давлатларида, Америкаларда уйингиздан битта шприцни олиб чиқиб ташласангиз ҳам, мумкин бўлмаса, “шу уйидан олиб чиқди, қанақа касаллиги бор экан, ўрганинглар” деб хабар беради. Бунинг ёмон ери йўқ. Нимаси ёмон? Ким айбдор бўлса, жавобгарлик масаласини ҳал қиладиган органлар бор. Прокуратура, суд доим керакли чораларни кўришади”, – деди сенатор.

Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев Kun.uz мухбирининг саволлари ўринли эканини айтаркан, айрим саволлар жавобсиз қолганини таъкидлади.

“Мақсадини қандай аниқлайди деган саволга жавоб берилмади. Умумий қилиб, прокуратура органлари аниқлайди, дейилди. Хўп, мана масалан, бир киши Instagram, Telegram ёки YouTube'га [орган ходимлари иштирокидаги] бир видеони жойлади. Видеода ёлғон йўқ. Мисол учун, видеода электрошокер ишлатилган, ёки бозорда кимдир ушлаб олиб чиқиб кетилган. Жойлаган одам терговга қадар текширувда ёки терговда: “Менинг мақсадим одамларни огоҳлантириш эди. Ўртоқлар, қонунни билиб олинглар деб айтмоқчи эдим”, “Менинг мақсадим Like йиғиш эди, обрўсизлантириш эмас эди”, “Мақсадим жамоатчилик назорати эди” деса, қандай қилиб унинг бўйнига қўясизлар?

“Йўқ, сенинг кўнглингда обрўсизлантириш мақсади бор эди”, дейишга нима асос бўлади? Одамнинг ичига кириб чиқиб бўлмайди. Субъектив томони қандай исботланади?

Журналист тўғри савол берди. Эртага умуман ноҳақ айблашларга ўтиб кетилмайдими? Бунга деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Афсуски, бизда бу нарса мавжуд”, – деди Хушнудбек Худойбердиев.

Иккинчи марта берилган бу саволларга яна жавоб берилмади.

Бундан ташқари, Хушнудбек Худойбердиев ўз сўзида масъулларнинг журналистларга қарата “қонунни ўқимай туриб гапиряпсизлар” қабилидаги гапларига ҳам эътироз билдирди.

“Бу ерга журналистларни урушгани чақирдингларми, деб ҳайрон қоляпман. Мен ўзим юристман, жиноят-процессуал ҳуқуқи бўйича юридик университетда дарс берганман. Шу сабабли қонунларни яхши тушунаман. Бирданига тушунмасликка олиб, унақа фикр билдирманглар-да, илтимос. Биз ҳам қонун нималигини тушунамиз.

“Мана, бирорта одам қонуннинг диспозициясини ўқиб кўрмасдан, фикр билдиряпти” дейилди. Кечирасизлар-ку, қонун лойиҳаси ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, Қонунчилик палатаси қабул қилган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, Сенат кўриб чиқаётган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, осмондан олиб фикр билдирамизми?

Қонуннинг матни қаерда тўлиқ эълон қилиндики, кейин биз уни кўриб,, лекин ўқимадик? Қаерда эълон қилинди? Бу қонун ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ-ку! Биз фақатгина Қонунчилик палатаси, Сенатнинг хабарларида кетган саноқли гапларни ўқиб, ўзимизнинг муносабатимизни билдиряпмиз”, – деди у.

“Журналистларни сўкиш учун тўплаган экансизлар, деяпсиз. Сўкиш учун эмас, сизларнинг фикрингларни аниқ эшитиш учун таклиф қилганмиз. Ҳеч ким ҳеч кимни сўкаётгани йўқ”, – дея жавоб қайтарди сенатор Қутбиддин Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, қонунда ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун 50 БҲМ (17 млн сўм) жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Жамоатчилик фаоллари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бу нормани очиқлик сиёсатига зид деб баҳолаган.

Мавзуга оид