Жаҳон | 17:27 / 20.01.2024
8109
4 дақиқада ўқилади

2023 йилда дунё бўйлаб яшил энергия қувватлари 50 фоизга ошди

2023 йилда янги қуёш ва шамол қувватларининг 96 фоизида харажатлар янги кўмир ва газ электр станцияларига қараганда камроқ бўлган. Шамол ва қуёш станциялари 2025-2026 йилларда АЭСларни ортда қолдириши кутиляпти. Германияда қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергиянинг улуши аллақачон 60 фоизга яқинлашган; шунингдек, Хитой ҳам катта ўсишни кўрсатмоқда.

Бруклиндаги қуёш панеллари ва Манҳеттен манзараси / Фото: Reuters

2023 йил давомида қайта тикланадиган энергиянинг глобал қуввати 2022 йилга нисбатан 50 фоизга ошиб, қарийб 510 GW'га етган. Бу сўнгги 20 йилдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичидир. Бу ҳақда Халқаро энергия агентлиги ҳисоботида келтириб ўтилган.

Европа, Қўшма Штатлар ва Бразилияда қайта тикланадиган қувватларнинг ўсиши барча вақтлардаги энг юқори натижани қайд этган бўлса-да, Хитойдаги ўсиш фавқулодда даражада юқори бўлган. Хусусан, ўтган йилда Хитойда бутун дунё 2022 йилда ишга туширган қуёш фотоэлектр станцияларидан ҳам кўпроқ қувватлар ишга туширилган, шамол электр станцияларининг қуввати ҳам 66 фоизга ошган.

Мавжуд сиёсат ва бозор шароитларига кўра, глобал қайта тикланадиган энергия қуввати 2028 йилга бориб 7300 GW'га етиши мумкин.

Ҳисобот муаллифлари прогнозларига кўра , келгуси 5 йилда қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича бир нечта муҳим натижаларга эришилиши кутилмоқда:

  • 2024 йилда шамол ва қуёш энергияси биргаликда гидроэнергетикадан кўра кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди;
  • 2025 йилда барча қайта тикланадиган энергия манбалари қуввати кўмирда ишлайдиган қувватларни ортда қолдиради ва энг йирик электр энергияси манбаига айланади;
  • Шамол ва қуёш электр станцияларининг ҳар бири мос равишда 2025 ва 2026 йилларда атом электр станцияларини ортда қолдиради;
  • 2028 йилда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши глобал электр энергияси ишлаб чиқаришининг 42 фоиздан ортиғини ташкил қилади, шамол ва қуёш энергиясининг улуши эса 25 фоизга етади.

Қайд этилишича, 2028 йилга бориб жаҳон миқёсида ишга туширилиши кутилаётган янги қайта тикланадиган қувватларнинг деярли 60 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатда 2020 ва 2021 йилларда миллий субсидиялар босқичма-босқич тўхтатилишига қарамай, технологияларнинг иқтисодий жозибадорлиги сабабли шамол ва қуёш станцияларини қуриш тезлашиб бормоқда.

2023 йилда қуёш панелларининг нархи йиллик ҳисобда қарийб 50 фоизга пасайган ва уларнинг дунёда ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилга нисбатан уч баробарга ошган. Қурилаётган ҳозирги ишлаб чиқариш қуввати шуни кўрсатадики, 2024 йил охирида қуёш станцияларининг глобал таъминоти 1100 GW’га етади ва потенциал ишлаб чиқариш талабнинг жорий прогнозидан уч баравар кўп бўлади.

Шунингдек, 2023 йилда янги қуёш ва шамол қувватларининг 96 фоизи янги кўмир ва газ электр станцияларига қараганда ишлаб чиқариш харажатлари пастлигини кўрсатган.

Германияда ҚТМлардан олинадиган энергиянинг улуши 60 фоизга яқинлашган

Фраунҳофер жамиятининг немис қуёш энергияси тизимлари институти маълумотларига кўра, 2023 йилда Германияда қайта тикланадиган энергия манбалари ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қарийб 60 фоизини ташкил қилган.

Ўтган йилда шамол электр станцияларида 140 TWh электр энергияси ишлаб чиқарди, бу 2022 йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Шу тариқа Германия электроэнергетика саноатининг умумий таркибида шамол турбиналарининг улуши 32 фоизга етган.

2023 йил қуёш электр станцияларида энергия ишлаб чиқариш 30 фоизга, 46 TWh’дан 60 ТWh’гача кўпайган. Германия ҳукумати 9 GW қувватга эга янги қуёш электр станцияларини ишга туширишни режалаштирган эди, бироқ якунда умумий миқдор икки бараварга оширилган.

Йил якунида мамлакатдаги қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий қуввати 260 TWh’ни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсган. Шу тариқа етказиб бериладиган “яшил” энергия улуши 50,2 фоиздан 57,1 фоизга етган.

Бундан ташқари, Германияда қўнғир кўмирдан электр энергияси ишлаб чиқариш 27 фоизгача (1963 йилдаги даража), тош кўмирдан электр энергияси ишлаб чиқариш 35 фоизгача (1955 йилдаги даража) камайган.

Мавзуга оид