Ўзбекистон | 15:21 / 24.01.2024
46355
5 дақиқада ўқилади

Рус пропагандачилари нимани кўзлаяпти?

Охирги пайтларда россиялик пропагандачилар Ўзбекистонга ахборот билан ҳужум қилиши қайта-қайта такрорланяпти. Куни кеча рус тарихчиси Михаил Смолин НТВ телеканалидаги чиқишида “инқилобгача ўзбек миллати бўлмаган” деб иддао қилди.

“Масалан, ўзбеклар инқилобга қадар мавжуд эмасди, бундай этник ном бўлмаган. Марказий Осиёнинг бир нечта халқларини олиб туриб, улардан ўзбеклар ҳосил қилинган”, – деди у.

Хўш, бу каби очиқдан очиқ ёлғон, провокация ва камситишлар билан чиқаётган рус мафкурачилари нимани мақсад қилган? Империалист тафаккурида қотиб қолган бундай шахсларга Ўзбекистон қандай жавоб қайтариши керак? Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа бу борадаги ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Империя деган тушунча Михаил Смолиннинг қон-қонига сингиб кетган. Эътибор беринг, у “Халқ радиоси”да “Императорлик онги” ва “Китоблар империяси” радиодастурлари муаллифи ва бошловчиси, “Император уйғониши” журналининг ношири ва бош муҳаррири бўлган. Шунингдек, “Императорлик йўлидаги очерклар. 19-асрнинг иккинчи ярми – 20-асрнинг биринчи ярмидаги номаълум рус консерваторлари", “Россия империясининг сири”, “Рус тафаккурининг император анъанаси энциклопедияси” , “Монархиями ёки республика? Қўшниларга император хатлари” каби китобларни ёзган. Асарларидан тортиб ишлаган лавозимлари, ҳатто кўринишидан ҳам империя ислари таралиб туради (майли, шахсиятига тўхталмайман). Бу каби шахслар ўта консерватор, эски тузум қайтишини истайди. Уни империяни тиклаш идеологларидан бири дейиш мумкин.

Россия империясининг тарғиботчисига айланган Михаил Смолин каби юқори, ўрта ва қуйи қатлам тажовузкорлари томонидан бундай фитналар доим бўлган. Бир вақтлар Жириновский жаноблари бор эди, ўлиб кетди, қутулдик. Бу биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Бизда ўзимизга нисбатан нотўкислик комплекси бўлиши керак эмас. Бизнинг тарихимизда ҳам империялар бўлган. Биз ҳам империяларнинг меросхўрларимиз. Тарихда ўзимизнинг божхонамиз, хавфсизлик хизматимиз, тилла тангамиз, дипломатларимиз мавжуд эди – катта империя бўлганмиз. Бироқ бизда империяни тиклаш нияти йўқ. Ҳаёт қандай сиёсат юритишни талаб этаётганини кўриб турибмиз. Аммо баъзи давлатлар, хусусан, маргинал Россияда империяни тиклашга истаклар бор. Бундай фитналарга нисбатан “Ит ҳурар, карвон ўтар” деб ҳам қарашимиз мумкин, лекин шахсан бундай чиқишлар мени хавотирга солади.

Биринчидан, бугунги провокацияларда Россия империалистларининг стратегик мақсадлари яширилганини эсдан чиқармаслигимиз керак. Бунинг зоҳирида нима бор? Аввало, Михаил Смолиннинг гаплар ортида “ўзбек миллати қадимми, қозоқ миллати қадимми ёки тожик миллати қадимми” деган саволни ўртага ташлаб, низо-нифоқ чиқариш нияти турибди. Яъни – бўлиб ташла, ҳукмронлик қил. Айни шу нарсадан эҳтиёт бўлишимиз зарур.

Иккинчидан, Михаил Смолин кабилар содда ва анойи эмас, улар бизнинг буюк тарихимизни жуда ҳам яхши билишади. Бугунги яхлит Россиянинг вужудга келишида бизнинг туркийлар ҳиссаси борлигини ҳам яхши англашади. Смолин ва унинг ортида турганлар аниқ нишонни мўлжаллаб олган. Бундан 150 йил аввал ҳам руслар Туркистонни ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожикка бўлиб ташлаган, кейин болшевиклар бошқарувни давом эттирган. Охир-оқибат, империя таназзулга юз тутди. Мана, мустақилликка эришганимизга 33 йил бўлди, лекин улар арқонни қўйворгиси келмаяпти-да... Империяни тиклаш истаги борки, шу каби пропагандаларни амалга оширяпти. Аммо тарихни яна шундай – аслича қайтариб бўлмайди. Шуни яхши тушунишимиз керакки, бизни энди бўлиб ташлаб бошқариб бўлмайди, бизни парчалаб бўлмайди, бизга нифоқ киргазиб бўлмайди. Биз ўша пайтларда Бухоро амирлиги, Қўқон, Хива хонлиги қилган хатоларни қайтармаймиз. Унинг учун аҳил бўлиб, вазиятни тушунишимиз керак.

Бу борада зиёлиларга кўпроқ юзланмоқчиман. Зиёлилар, келинг, бирлашайлик. Тухмат, фитналарга ташқи ва ички ҳолатларга қарши бирдам турайлик. Агрессив фазага кираётган империалистларнинг провокацияларига учмаслигимиз керак. Биз туркийларининг динимиз, яйловларимиз, осмонимиз, сувимиз бир бўлган – тарихда туркийлар битта бўлганмиз. Бугун бир-биримизга рақобатчи давлат сифатида қарамасдан, ўзаро ёрдам беришимиз лозим. Икки жугут бирлашса, ширкат тузар, икки туркий бирлашса, давлат тузар, деган гап бор.

Провокаторларнинг бу каби чиқишлари бизни ўз тарихимизни англашга, тарихимиз ҳақида кучлироқ ўқиб-ўрганишга яна бир бор ундади. Келинг, бугун тарихимизни чуқур ўрганайлик ва турли таҳдидларга қарши мустаҳкам иммунитетни ўзимизда шакллантирайлик.

Мавзуга оид