Ўзбекистон | 10:21 / 18.02.2024
34221
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги кучли қор ёғишидан огоҳлантирди

Қор бир неча соат давом этиши кутилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Тошкент шаҳри ҳокимлиги 18 феврал куни қор ёғиши, у камида 12 соат давом этиши, ёғингарчилик ҳажми икки ойлик меъёрдан ошиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Кейинроқ бу хабар таҳрирланиб, фақат қор бир неча соат давом этиши ҳақидаги қисми қолдирилди.

Фуқароларга заруратсиз уйдан чиқмаслик, шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишни минималлаштиришга ҳаракат қилиш ва ҳаракатланиш учун жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия қилинган.

Аҳолидан қор ва муз массалари тушиши мумкин бўлган кўп қаватли бинолардан сақланиш, қулоқчин таққан ҳолда ташқарига чиқмаслик сўралди — бу яқинлашиб келаётган машина ёки қор тушишини эшитмай қолишга олиб келиши мумкин.

Автомобилларни кўп қаватли бино ва иншоотлар, шунингдек, дарахтлар тагида қолдириш тавсия этилмайди.

«Қор ёғиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш учун ҳокимлик хизматлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар шай ҳолатда эканлигини маълум қиламиз», дейилган хабарда.

Электр ёки газ таъминотида узилишлар юзага келган тақдирда Марказий диспетчерлик хизматининг 1055 рақамига ёки Telegram орқали мурожаат қилиш мумкин.

«Ўзгидромет» ҳам бугун Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши ҳақида хабар берганди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларига туман тушади. Йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилади. Шамол 7–12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 15–20 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат –3...+2, шимолда 0...–5 даража бўлади.

Хабарда пойтахтда вақти-вақти билан қор ёғиши, туман тушиши мумкинлиги, йўлларда яхмалак кузатилиши, шамол 3–8 метр/секунд тезликда эсиши, ҳарорат –1...+1 даража бўлиши айтилган, аммо қор 12 соат давомида узлуксиз ёғиши ҳақида огоҳлантириш берилмаганди. 

Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғади, туман тушиши мумкин. Йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилади. Қор кўчиш хавфи бор. Шамол 7–12 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат –4...–9 даража бўлади.

  • Бундан олдинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини қорли ва совуқ кунларда кўчада эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишга, бинолар томидан тушиши мумкин бўлган қор ва музлардан эҳтиёт бўлишга чақирганди.

Мавзуга оид