Ўзбекистон | 21:49 / 19.02.2024
11633
2 дақиқада ўқилади

Бағдод тумани ҳокими ўзгарди

Сўнгги икки йил давомида Бағдод туманига раҳбарлик қилиб келган Юсуфжон Ҳусайинов ишдан кетди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларидан яна бири туман ҳокимига айланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Бугун, 19 феврал куни Халқ депутатлари Бағдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.

Сессияда лавозимидан озод этилган Юсуфжон Ҳусайинов ўрнига янги туман ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Ғанижон Шералиевич Солиев номзоди Бағдод тумани депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди ва ҳозирга қадар Бағдод тумани «Хўжақишлоқ» МФЙда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаб келган Ғанижон Солиев Бағдод тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Ғанижон Солиев 1979 йилда Бағдод туманида туғилган. Тошкент молия институтини иқтисодиёт йўналишида тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Учкўприк тумани молия бўлимида бошлаган. Турли йилларда Молия вазирлиги ижтимоий соҳа ва аҳолини молиялаштириш бош бошқармасида, Фарғона вилояти молия бошқармасида, Фарғона шаҳар ва Бағдод тумани молия бўлимларида масъул лавозимларда ишлаган.

2014–2017 йилларда Олтиариқ тумани ҳокими ўринбосари, 2017–2020 йилларда Бағдод тумани ҳокими биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. 2020–2022 йилларда Фарғона вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган. 

Ғанижон Солиев 2022 йил 11 январдан буён Бағдод тумани «Хўжақишлоқ» МФЙда ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

  • Бағдод туманига 2022 йил январидан буён Юсуфжон Ҳусайинов раҳбарлик қилаётганди. 2024 йил январ ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмагани, ҳокимлар буни режа ҳам қилмаганини айтган ва бош вазирга мазкур туманлар ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди. Бу ҳокимлар орасида Ҳусайинов ҳам бор эди.

Мавзуга оид