Фоторепортаж: Россия ва дунёда овоз беришнинг учинчи куни қандай ўтди?
Мухолифатчилар тарафдорлари соат 12:00да сайлов участкаларида тўпланишди, «эркинлик ўлими хотираси»га гуллар қўйилди ва бюллетенлар Навалний қабрига келтирилди. Россия ва хориждаги сайлов участкаларида яна нималар бўлди?
17 март куни Россиянинг ўнлаб шаҳарлари ва РФнинг хориждаги элчихоналарида одамлар сайлов участкаларида узундан узун навбатлар ҳосил қилишди. Улар маҳаллий вақт билан соат 12 да келиб, мухолифатчи Алексей Навалний қамоқхонадаги ўлимидан олдин анонс қилган «Путинга қарши чошгоҳ» акциясида иштирок этишди. Айрим жойларда навбатлар километрларга чўзилган. BBC Россия фуқаролари Владимир Путиннинг навбатдаги муддатга сайланишига қаршилигини қандай шаклларда изҳор этгани ҳақида материал тайёрлади.
Москва ва Петербургдаги энг эрта ўтказилган «чошгоҳ» акциялари
Алексей Навалнийнинг сафдошлари ўз тарафдорларини сайлов участкаларига бир вақтда — кун ярмида келишга чақиришди. Участкаларда нима қилишни — Путиндан бошқа номзодларга овоз бериш, бюллетенларни бузиш ёки уни уйга олиб кетишга уриниш — ҳар кимнинг ўзига ҳавола этилди. Акция ташаббускорларининг режасига кўра, Россия шаҳарларида худди шу вақтда юзага келадиган узун навбатлар Украинадаги урушга ҳамда Путиннинг қайта сайланишига қарши бўлган россияликлар кўплигини намойиш этиши керак эди.
Навалнийнинг жамоаси сиёсатчининг қамоқхонадаги ўлимидан кейинги бир ой давомида ушбу акцияни тарғиб этишди, Россия ҳукумати эса унинг олдини олишга уринди. Хусусан, Москва прокуратураси уч марта шаҳардаги сайлов участкаларига «маълум вақтда» келишга чақириқлар, сайловларда овоз бериш вақтида келишилмаган оммавий митинглар уюштириш ва иштирок этиш ҳамда сайловларга халақит берганлик учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.
Айрим россияликлар шанба куни Telegram ва Signal мессенжерлари орқали «экстремистик ғоялар»ни қўллаб-қувватлашда айблаб, «тинч, навбатлар ва провокацияларсиз овоз бериш»га чақирган номаълум аккаунтлардан хабарлар қабул қилган.
Москвада якшанба куни сайлов участкаларини қўриқлаш кучайтиртилди — кун ярмига қадар уларнинг атрофида кучишлатар тузилмалар ходимлари жойлаштирилди, айримларининг олдига автозаклар ва Росгвардия машиналари олиб келинди.
Шунга қарамай, ўнлаб шаҳарлардаги одамлар акцияда иштирок этишди. Перм, Челябинск, Екатеринбург шаҳарларида узун навбатлар ҳосил қилинди, It’s My City нашри ёзишича, Екатеринбургдаги участкаларда ИИВ, ФВВ, Росгвардия ва бошқа кучишлатар тузилмаларнинг 20 мингдан ошиқ ходимлари навбатчилик қилган, шаҳар устида эса дирижабл учиб юрган.
Овоз беришнинг биринчи куни арафасида «Голос» сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати ҳамраиси Станислав Андрейчук жамоатчилик палаталари, хусусан, Свердловск областидаги кузатувчиларга тарқатилган эслатмани эълон қилди. Инструкция «Путинга қарши чошгоҳ» акцияси иштирокчиларини бошқа сайловчилардан фарқлашга бағишланган. Акция иштирокчиларини Навалнийнинг штаби атрибутикалари, Украина байроқлари ёки оқ-кўк-оқ ранглар, пацифистик рамзлар борлигидан, шунингдек «полиция ходимларига яқинлашганда асабийлашиши» ва «сунъий равишда тўпланиш ҳосил қилиши»дан таниб олиш таклиф этилган. Кузатувчиларга соат 12:00 да «ҳудуд ва одамларни максимал қамраб оладиган» икки видео олиш мажбурияти юкланган: сайлов участкаси ҳовлисида ва ичкарисида.
Новосибирск аҳолиси ҳам кун ярмида участкаларга келишди. Шаҳар мэрияси «турли регионларда сайлов комиссиялари фаолиятини издан чиқаришга қаратилган провокацион ҳаракатларга уринишлар содир этилгани» ҳақида хабар тарқатган. Шу туфайли участкаларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, мэрияда хабар қилишларича, бунга «сайловчилар тўпланиши» сабаб бўлган.
Жума ва шанба кунлари Россиянинг ўнлаб шаҳарларида одамлар бюллетенларга бўёқ сепиши ва участкаларда ёнғин келтириб чиқаришга уриниши ҳолатлари кузатилганди. Россиядаги олдинги сайловларда бундай ҳолатлар бу қадар кўп кузатилмаганди. ОАВдаги хабарларга кўра, бундай ҳодисаларни келтириб чиқарганларнинг кўпчилиги фирибгарлар қурбонига айланишган. Ҳуқуқ-тартибот органлари «сайлов комиссияси фаолиятига тўсқинлик қилиш» (РФ ЖК 141-модда) бўйича камида 15 та жиноий иш очган, уч киши тергов изоляторига юборилган.
Россиядаги сайлов участкалари атрофидаги энг катта навбатларнинг бир қисми кутилганидек Москва ва Санкт-Петербургда юзага келди. «Бумага»нинг ёзишича, петербургликлар бюллетенларда «Нет войне», «Россия будет свободной, Путин — в Гааге», «Убийца», «Мир!» каби ёзувларни қолдиришган. «Агентство» нашри ўз обуначиларига асосланиб ёзишича, Москвада қоқ тушда Арбатда, Ярославский шоссесида, Мичуринский проспектида, Лялин тор кўчасида, Амурская ва Пушкин кўчаларида, шунингдек Мусо Жалил кўчасида участкалар атрофида одамлар тўпланган. BBC рус хизмати мухбири Бутово кўчасидаги сайлов участкаси олдидаги навбат фотосини юборган.
«Мен учун бугун бу ерга келган бошқа одамларнинг юзига қараш ва ўз сиёсий қарашларим бўйича ёлғиз эмаслигимни англаш муҳим эди», — дейди BBC’нинг Россия бўлими муҳаррири Стив Розенбергга Москвадаги «Путинга қарши ярим кун» акциясида иштирок этган Иван. — Россия бошқача давлат бўлиши ва бошқача келажакка эга бўлиши мумкинлигига ишонадиган москваликлар ва бошқа шаҳарликлар кўп».
SOTA нашри ёзишича, Москвадаги Москва физика-техника институтида жойлашган 338-сонли сайлов комиссияси олдида ҳам катта навбат ҳосил бўлган — сайловга номзоди қўйилмаган Борис Надеждин шу ерда дарс беради. Надеждиннинг ўзи Москва вақти билан соат 12:08 да ўз телеграм-каналида «Қадрдон Долгопруднийдаги участкада сўнгги куни овоз бердим» ёзуви акс этган видеони эълон қилди. Кўп ўтмай у институтдаги сайлов участкасидан видео жойлаштирди, бу ерда уни олқишлар билан қаршилашган, ўраб олишган ҳамда «Надеждин» ва «президент» деб ҳайқиришган.
Якшанба куни москваликлар Алексей Навалнийнинг Борисов қабристонидаги қабрига ҳам ташриф буюришди — бу ерда гуллардан ташқари сайлов бюллетенлари ҳам олиб келинди, уларда одамлар унинг исмини ёзиб қўйишган. Келган одамлар телефонларида «Элизиум» гуруҳининг «Привет, это Навалний» қўшиғини ёқиб қўйишган — мусиқачилар бу трекни Алексей Навалнийнинг мактубларидан бири асосида ёзишган, унда у ўзининг тергов изоляторидаги кунларини космик саёҳатга қиёслайди.
«Менимча, акция ўз мақсадига эришди. Чунки кўплаб участкаларда чиндан ҳам одам кўп эди, одамлар келишди ва бирдамлигини изҳор этишди», — дея ёзган Коррупцияга қарши кураш фонди директори Иван Жданов твиттер саҳифасида, у айни вақтда Россиянинг Вилнюсдаги элчихонаси атрофида бўлиб турибди.
Россия расмийлари эса бу вақтда якшанба куни тушдан кейин участкалардаги юқори давоматни бошқача талқин этишга уринди. Хусусан, МСК раиси Элла Пафмилова навбатларни «фуқаролик иродаси бўрони» деб атади. Унинг фикрича, участкаларга жума ва шанба куни сайлов қутиларига зелёнка тўкилганидан ғазаб отига минган одамлар ташриф буюришган. У бу ҳолатни «Зеленскийнинг зеденлари» деб ифодалади. «Улар шунчалик одамларнинг ғазабини қўзитдики, бизга тинмай қўнғироқ қилишди ва менинг ўзимга ҳам ёзишди: „Ҳатто сайловга бориш ҳақида ўйламагандим, аммо энди барча ишни бир четга суриб, овоз беришга боряпман“», — деган Памфилова. Пропагандачи Владимир Соловёвнинг каналида кун ярмида сайлов участкаларида Путиннинг тарафдорлари саф тортгани хабар қилинган.
Участкалардаги қўлга олишлар
«ОВД-Инфо»нинг сўнгги маълумотларига кўра, кун давомида Россиянинг 17 шаҳрида жами 74 киши қўлга олинган. Шундан энг кўп қисми — 29 киши — Қозонда. Бундан ташқари, Москвада — 19, Санкт-Петербургда — 7, Волгоград, Челябинск ва Рязанда уч нафардан, Петрозаводск, Уфа, Барнаул, Балаково, Костромо, Новокуйбишевск, Череповец, Серпухова, Коломна, Киров ва Иркутск шаҳарларида бир нафардан одам қўлга олинган.
Москвадаги Басман райони 33-сонли участкада комиссия аъзоси Вячеслав Голиков қўлга олинган, унинг футболкасида майда қилиб «Навалний» ёзуви акс этганди. «ОВД-Инфо» бундай ёзувли футболка қўлга олиш учун қонуний сабаб эмаслигини қайд этган. «Бу президентлик лавозими учун номзоднинг ташвиқоти ҳам, экстремистик рамз ҳам эмас», — дея қайд этилади хабарда.
«Фонтанка» нашри кун ярмида ўз журналисти 2182-сонли участка ёнида қўлга олингани ҳақида хабар берган — комиссия раҳбари журналист гўёки қўлларини силкитиб, беҳаё сўзлар ишлатиб, атрофдагиларни безовта қилгани ва «бошқа фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини поймол қилгани» тўғрисида ариза ёзган. Лекин журналист ҳатто бинога киришга улгурмаган, дея қайд этади нашр.
Яна бир киши — активист Анастасия Кузнецовани уйидан чиқишда ушлашган, уни полицияга олиб боришган ва энди безориликда айблашмоқда. Унинг ўзи гап қандай ҳолат ҳақида кетаётганини тушунмаётганини билдирган. Сайлов тугаганидан кейин Петербург метросида активист Виталий Иоффе қўлга олинди. У бюллетенга «Барчангизга лаънат бўлсин» деб ёзиб чиққанди. Ҳозирда унга анча вақт олдинги яккалик пикети учун айб қўйишмоқда, у ўшанда «Бири ўлган, бошқаси ҳам ўлади» ёзуви туширилган Иосиф Сталин портретини кўтариб чиққанди, уни полиция бўлимига олиб кетишган, деб хабар берган «ОВД-Инфо».
Қозонда яшовчи Александр Ширшовни сайлов участкасига соат 12 да келгани учун ушлашган. «ОВД-Инфо» маълумотига кўра, у билан бирга автозакда 20 дан ортиқ киши бўлган. Нашрнинг аниқлашича, шаҳардаги участкалардан бирида полициячилар ёшларга кун ярмида овоз бериш учун келишни тақиқлаган — уларга қўлга олиш билан таҳдид қилиниб, «бир-икки соатдан кейин» келиш талаб қилинган.
Кировда бир қиз сайлов участкаси девори остида «эркинлик ўлими хотирасига» тўртта чиннигул қолдирган — уни дарҳол ушлаб, ИИВнинг шаҳар бошқармасига олиб кетишган.
Уфада бир эркакни сайлов қутисига Алексей Навалнийнинг суратини ташлашга уринганида қўлга олишган — уни ҳам полиция бўлимига олиб кетишган. Уни айнан нимада айблашаётгани ҳозирча маълум эмас, аммо комиссия аъзоси унга сайлов комиссияси фаолиятига тўсқинлик қилганлик моддаси бўйича жиноий модда билан таҳдид қилган.
Иркутскда яшовчи киши ўзи билан клей ва «ўз номзодлари» исм-шарифи туширилган қоғоз олиб келиб, бюллетенга Иля Яшин, Владимир Кара-Мурза ва Юлия Навалная исмларини ёпиштирган. У Путиннинг исми кўрсатилган қатор устига «РФ ЖК 285-моддаси, 3-қисми бўйича гумондор, Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган» ёзувини ёпиштирган. «Афсуски, мен хатога йўл қўйдим — бир сонияда қотирадиган клей ишлатдим. Бюллетен тайёрланган қоғоз жуда арзон экан, ҳожатхона қоғозига ўхшайди. Клей уни тезда столга ёпиштириб қўйди» — деган у «Люди Байкала» нашрига. У бюллетенни столдан кўчириб олишга ҳаракат қилган, бу овозни навбатчи сержант эшитиб қолган ва полициячи чақирган. Сайловчидан тушунтириш ёзиш талаб этилган, аммо Конституциянинг 51-моддасига ҳавола қилган ҳолда бундан бош тортган. Шундан кейин комиссия раисига унга қарши ариза ёзиш сўралган, аммо у ҳам буни рад этган. Якунда ушбу шахсга протокол тузилмаган, унга бузилган бюллетенни урнага ташлашга рухсат берилган.
Хорижда қандай овоз беришди?
«Путинга қарши чошгоҳ» акцияси дунёнинг бошқа кўплаб шаҳарларида ҳам ўтказилди. Россияликлар РФ элчихоналарига ҳамда консуллик бўлимларига келишди ва овоз бериш учун бир неча соатгача навбатда туришди.
Берлинда Россия элчихонасига Юлия Навалная ташриф буюрди. Уни олқишлашди, одамлар у билан гаплашишди ва қучоқлашишди. «Медиазона»нинг ёзишича, Берлиндаги навбат бир неча кварталга чўзилган.
Литва пойтахти Вилнюсда «Путинга қарши ярим кун» акциясига юздан ортиқ киши келган. Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди Вилнюсга кўчиб ўтган, шаҳарда кўплаб россиялик мухолифатчилар яшайди. Шу билан бирга, уларнинг барчаси ҳам овоз беришда қатнашмади — фондда ишлайдиган Мария Певчих ва Георгий Албуров кабилар норозилик акциясида қатнашди, аммо Россиянинг элчихонасига киришмади. Албуров BBC мухбирига изоҳ беришича, у ва бошқа кўплаб фаоллар федерал қидирувга берилган ва элчихонага кирганда паспорти олиб қўйилиши мумкин.
Журналист Дмитрий Колезевнинг ёзишича, Лиссабондаги участка олдидаги навбатни босиб ўтиш учун жадал қадамлар билан 2,5 дақиқа вақт кетган, у ўз сўзларини тасдиқловчи видеони эълон қилган.
Марказий сайлов комиссиясининг Москва вақти билан соат 15:05 даги маълумотига кўра, сайловда давомат 67,60 фоизни ташкил этган — бу кўрсаткич масофадан овоз берган сайловчиларни қамраб олмайди. МСК қайд этишича, бу сафарги давомат 2018 йилги президентлик сайловидаги давоматни аллақачон ортда қолдирган — ўшанда сайловчиларнинг участкалардаги якуний давомати 67,54 фоизни ташкил этганди.
Дунёнинг турли шаҳарларида овоз бериш жараёни
Германия
Буюк Британия, Лондон
Франция, Париж
Сербия, Белград
Италия, Милан
Исроил, Тел-Авив
Черногория
Латвия, Рига
Арманистон, Ереван
Швейцария, Женева
Австралия, Сидней
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
14:14 / 23.12.2024
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
10:43 / 23.12.2024