Хорижда ўлдирилган Троцкий — Сталин асосий рақобатчисини қандай йўқ қилдирганди?
1920-йиллар бошида Сталин ҳокимият сари интилар экан, меншевиклар вакили Троцкий асосий рақиблар сафида эди. Шундай бўлса ҳам Сталин уни йўқотишга уринмайди. Троцкийга турли амаллар берилади. Бироқ у ўз ғояларидан воз кечмайди. 1929 йилда уни хорижга сургун қилишади. Кейинроқ эса НКВД ёллаган қотил уни Мексикада ўлдириб кетади.
СССРни 32 йил бошқарган Иосиф Сталин том маънода ёвуз одам эди. Айнан у бошқарган йилларда СССРда 20 миллиондан ошиқ одам қатағон қилинган, кўплаб совет фуқаролари ўлдирилган.
Сталин СССРга раҳбар бўлганидан сўнг илк қатағонларни сиёсий рақибларидан ўч олишдан бошлаган эди. Ўшанда ҳеч кимга шафқат қилинмайди.
Сталин шахсиятини ўрганар экансиз, у рақибларидан аёвсиз тарзда ўч олганини кўриш мумкин. У ҳатто хорижга чиқиб кетган шахсларни ҳам ўлдиртирган. Улардан бири Россиядаги Октябр тўнтариши ташкилотчиларидан бири бўлган Лев Троцкий эди.
Меншевиклардан бўлган Троцкий Сталин ҳокимият тепасига келгандан сўнг бир неча йил у билан муроса қилиб ишлашга уринади. Бироқ 1920-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, хусусий мулк маҳв этилиб, мамлакатда жамоа хўжаликлари (колхозлар) тузила бошлангач, Троцкий бу ишга қарши чиқади. Шунда уни хорижга қувиб юборишади.
Троцкий хорижда тинимсиз равишда советларга қарши тарғибот олиб боради. Охир-оқибат 1940 йилда 60 ёшли Троцкий НКВД ходими томонидан Мексикада ўлдириб кетилади.
Троцкий
Ҳақиқий исм-шарифи Лев Давидович Бронштейн бўлган Троцкий инқилобий ҳаракатга (аслида давлат тўнтариш учун бошланган ҳаракат) 1896 йилда қўшилганди. Ўшанда у Россия жанубида яширин тўгаракка аъзо бўлади ва ишчилар орасида император тузумига қарши тарғибот олиб боради.
1898 йилда Троцкий илк марта ҳибсга олинади ва судгача қарийб икки йил Одессадаги қамоқхонада ўтиради. 1899 йилда суд уни Сибирга сургун қилиш ҳақида ҳукм чиқаради. Троцкий Иркутск губерниясига жўнатиб юборилади.
1902 йилда у Сибирдан қочади. Иркутскда ҳаммаслаклари унга Троцкий номига олинган янги паспорт беришади. Шу тариқа Бронштейн янги фамилияга эга бўлади ва Киев орқали Австрияга (у пайтларда Австрия-Венгрия империяси Россия билан чегарадош эди) ўтиб кетади. Сўнг у ердан Швейцарияга боради.
Сал кейинроқ Троцкий Лондонга келади ва шу ерда унинг Ленин билан илк учрашуви бўлиб ўтади. Шундан сўнг Троцкий Ленин ташкил этган «Искра» газетасида ўз мақолалари билан қатнаша бошлайди. Бу пайтгача у Россия социал-демократик партиясига аъзо бўлганди.
Партиядаги бўлиниш
1904 йилда Россия социал-демократик партияси аъзолари орасида турли қарашлар бўйича келишмовчилик келиб чиқади. Партия иккига бўлинади. Шундан сўнг Ленин бошчилигидаги кўпчилик «болшевиклар» номини олади. Қолганлар «меншевиклар» деб аталади. Троцкий аксарият масалаларда Ленин билан келиша олмагани учун меншевиклар сафига ўтиб қолади.
Ўша пайтда Ленин «Бир қадам олдинга, икки қадам орқага» деган китоби чоп этилади. Унда асосан меншевиклар танқид қилинган ва болшевикларнинг қарашлари ёқланган эди.
Кўп ўтмай Троцкий ўз қарашлари ҳақида «Бизнинг сиёсий вазифамиз» деб номланган рисоласини чоп эттиради. У ўз рисоласида Ленин илгари сурган ғояларнинг аксариятини танқид қилади.
1905-1907 йилларда Россияда содир бўлган норозилик чиқишлари пайтида Троцкий Швейцарияда эди. Кўп ўтмасдан у Россияга етиб келади ва намойишларда қатнашади. Намойишлар бостирилгач Финландияга қочиб кетади.
Шу тариқа, Троцкий ҳам Чор Россиясига қарши бўлган бошқалар каби матбуот орқали тарғибот олиб боради.
1914 йилда бошланган биринчи жаҳон уруши том маънода Европадаги социалистларни синовдан ўтказди. Уларнинг бир қисми урушга қарши чиқишади. Бошқалари эса қўллаб-қувватлашади.
Троцкий ҳам урушга қаршилардан эди. У уруш бошлангандан сўнг бир нечта мақолалар ёзади ва урушни қўллаб чиққан европаликларни кескин танқид остига олади.
1917 йил февралда содир этилган давлат тўнтаришигача Троцкий Испания ва АҚШда муҳожирликда бўлади. Давлат тўнтаришидан сўнг Николай 2 тахтдан воз кечади. Муваққат ҳукумат эса хорижда юрган барча муҳожирларга афв эълон қилади. Шундан сўнг Троцкий Россияга қайтади.
Троцкий феврал тўнтаришидан Октябр тўнтаришигача тиним билмай ишлайди ва Чор Россияси ҳарбийларининг болшевиклар томонига ўтиши учун ҳаракат қилади.
Ўша пайтда Ленин Финландияда яшириниб юргани учун ва асосий раҳбарлик Троцкий зиммасида эди. Октябр тўнтаришида ҳарбий масалаларни асосан у ҳал қилади.
Тўнтаришдан сўнг кўп ўтмай у янги ташкил этилган Россия совет социалистик республикалари федерацияси (РСФСР) ташқи ишлар вазири этиб тайинланади. Афтидан Ленин ўзига асосий рақобатчи бўлган шахсни четроқда ишлатишни хоҳлаганди.
Троцкий бу вазифада 5 ойга яқин ишлайди ва 1918 йил мартда ўрнини Георгий Чичеринга бўшатиб беради. Уни РСФСР ҳарбий ишлар бўйича халқ комиссари (ҳозирги мудофаа вазири мақомига тенг) этиб тайинлашади.
Троцкий мудофаа вазири сифатида ҳарбий-инқилобий кенгаш раиси вазифасини ҳам олади. Бу вазифа унча аҳамиятли эмасди ва унинг раиси сифатида Троцкийда айтарли ваколатлар йўқ эди.
Мудофаа вазири сифатида Троцкий мамлакат бўйлаб хуруж қилаётган турли армияларга қарши жангларни ташкиллаштиради ва уларнинг аксариятида ғалаба қозонади. Шу тариқа, болшевиклар Чор Россияси эга бўлган ҳудудларнинг асосий қисмини ўз қўлларида сақлаб қолишади.
Фақат 1917 йилдаги давлат тўнтаришигача Россия таркибида бўлган Полша ва Финландия қўлдан кетади ва мустақил давлатларга айланади.
Болшевикларнинг катта ҳудудларни ўзида сақлаб қолишида Троцкийнинг хизматлари жуда катта бўлган. Ўшанда болшевиклар томонидан «оқ гвардиячи» деб аталган ҳарбий қисмлар Троцкийни жуда ёмон кўрган.
1923 йилда РСФСР ҳарбий ишлар бўйича халқ комиссарлиги РСФСР ҳарбий ва денгиз ишлари бўйича халқ комиссарлиги деб ўзгартирилади. Троцкий раҳбарликни давом эттиради.
1922 йил 3 апрел куни Ленин бетоблиги учун қатнашмаган партия съездида Сталин Бутуниттифоқ болшевиклар коммунистик партияси марказий қўмитаси (ЦК ВКП(б)) бош котиби этиб сайланади.
Кейинчалик, ўшанда Сталин врачларни қўрқитиб, Ленинни шифохонада ушлаб туришни буюрган ва партия съездида РСФСРга ўзи раҳбар бўлиб олган деган гап-сўзлар ҳам тарқалганди.
Ленин бетоб бўлган пайтда ВКП (б) ичида ҳокимият учун зимдан кураш бошланади. Шунда Сталин Троцкийнинг маслакдошлари бўлган Каменев ва Зиновевни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлади. Яккаланиб қолган Троцкий ҳокимият учун курашда Сталинга ютқазади.
ВКП(б) марказий қўмитаси бош котиблиги лавозимини (Амалда бу лавозим соҳиби давлат раҳбарини англатарди) ҳам Сталин-Каменев-Зиновев учлиги ўйлаб топганди.
Сталин ҳокимият тепасига келгандан сўнг Лениннинг вафотигача ўзини тийиб туради. «Доҳий»нинг ўлимидан сўнг ҳокимият учун ўзига рақобат қилиши мумкин бўлган шахсларни бирин-кетин марказий ҳокимиятдан четлата бошлайди. Атрофига фақат ўзига садоқатли одамларни йиғади.
Троцкий ҳам Лениннинг ўлимидан сўнг армия устидан назоратни йўқота бошлайди. 1925 йилда у мудофаа вазирлигидан ва ҳарбий-инқилобий кенгаш раислигидан кетказилади.
Сталин асосий рақибини муҳим лавозимдан кетказганидан сўнг Каменев ва Зиновевни ҳам ўзидан четлаштиради. Уларга унча муҳим бўлмаган вазифалар берилади.
Шундан сўнг улар Сталин ўзларидан фойдаланганини тушуниб етади ва 1926 йилда Троцкий билан яқинлаша бошлашади. Сталин эса Бухаринни ёнига олади.
Сургун
1928 йил 18 январ куни Троцкий Москвадан Олмаота шаҳрига сургун қилинади. Орадан роппа-роса бир йил ўтгач 1929 йил 18 январ куни Троцкий ҳақида ҳукумат қарори чиқарилади.
Унгача 1928 йил 26 ноябр куни Сталиннинг ташаббуси билан ВКП(б) марказий қўмитаси сиёсий бюросида «Троцкийнинг аксилинқилоб фаолияти» муҳокама қилинади.
Муҳокамадан сўнг Сталин томонидан унга таҳдидона мактуб жўнатилади. Мактубда Троцкийдан дарҳол сиёсий фаолиятини тўхтатиши, акс ҳолда қонуний чоралар кўрилиши айтилган эди. Троцкий таҳдидга парво қилмайди.
Ўша пайтда Сталин ўз қатағонларини бошламаган, қолаверса мамлакатда Троцкийнинг обрўси яхши эди. Шу сабабли Сталин уни «осонгина ўлдиртириб юбориш»дан қўрқарди.
1929 йил 7 январ куни ВКП(б) марказий қўмитаси сиёсий бюроси Троцкийни мамлакатдан қувиб юбориш ҳақида қарор қабул қилади. Унга фақат шахсий архивини ўзи билан олишга рухсат беришганди.
1929 йил 12 феврал куни Троцкий ўғли ва хотини билан Седов фамилиясига олинган паспорт билан Одесса портидан «Илич» пароходига ўтказилади ва хавфсизлик ходимлари ҳамроҳлигида Истанбулга кузатиб борилади.
Турк расмийларига Троцкий Туркияга даволаниш учун келаётгани айтилади. У бир ой давомида Истанбулдаги совет консуллиги биносида яшайди.
Троцкий Истанбулда Ленин асарларини сақлаш ва чоп этиб тарқатиш бўйича фонд очиш ҳаракатларини бошлайди. Бироқ Туркия ҳукумати унинг сўровини рад этади.
Троцкий фонд очиш мақсадини шундай тушунтирганди: Сталин Ленин назарда тутган социализм ғоялардан оғиб кетган ва СССРда буни ошкора айтаётган одамлар дарҳол аксилинқилобчи сифатида жазоланмоқда. Шу сабабли одамлар Ленин аслида қандай давлат тузишни хоҳлаганини билишсин.
Троцкий Туркияда яшар экан, Европанинг бир неча давлатларига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Бироқ уларнинг аксарияти рад этилади.
1930 йилда у “Менинг ҳаётим” номли асарини чоп эттиради. Кўп ўтмай бу асар Европанинг бир қатор тилларига таржима қилиниб, чоп этилади.
Бундан ташқари, Троцкий ўз мақолаларини Американинг New York Times ва New York Herald Tribune, Британиянинг Daily Express каби нуфузли газеталарида чоп эттира бошлайди.
1932 йилда «Правда» газетасида СССР ижроия қўмитасининг қарори эълон қилинади. Михаил Калинин имзо қўйган қарорда Троцкий ва унинг оила аъзолари аксилинқилобий фаолият юритишгани учун СССР фуқаролигидан маҳрум қилингани ёзилган эди.
Троцкий 1933 йилда Францияга бориш учун рухсатнома олади ва Туркиядан чиқиб кетади. 1935 йилда у Норвегиядан сиёсий бошпана олади ва шу давлатга кўчиб ўтади.
1936 йилда Троцкий «Сотилган инқилоб: СССР нима ва у қаерга қараб кетмоқда» деб номланган китобини ёзиб тугатади. Бу китобда у Сталинни Наполеон Бонапартдай диктатор, СССРдаги тузумни диктатура деб атайди.
1936 йилда Норвегияда Троцкий яшаётган уйга ҳужум уюштирилади. Шундан сўнг у Мексикадан сиёсий бошпана сўрайди ва 1937 йилда шу давлатга кўчиб ўтади.
Бир пайтлар Сталиннинг ёнида бўлган ва кейин меншевиклар сифатида амаллардан четлатилган Каменев ва Зиновевнинг тақдири ҳам аянчли кечади.
Улар Сталин қатағонларининг илк қурбонлари бўлишади. 1934 йилда Зиновев ва Каменев ҳибсга олинади. 1936 йилда ҳар иккаласи ҳам аксилинқилобий фаолиятда айбдор деб топилади ва отиб ташланади.
Суиқасд
1939 йил ёзда Сталин бошчилигидаги тузум Ҳитлер Германияси билан ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзолайди. Бу шартнома тарихда ҳар икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари фамилияси билан «Молотов-Риббентроп пакти» номи билан қолган.
Шартноманинг яширин бандларида Германия ва СССР Шарқий Европани қандай тарзда тақсимлашни келишиб олганди. Троцкий бу келишувни қаттиқ танқид қилади. Шундан сўнг советлар Троцкийни йўқ қилишга қарор қилишади.
1940 йил май ойида Мексиканинг Койоакане шаҳрида яшаб келаётган Троцкийга НКВД жосуси Григулевич томонидан биринчи суиқасд қилинади. Жосус Троцкий бўлган хонага бостириб келади ва тартибсиз равишда бир нечта ўқ узиб чиқиб кетади.
Троцкий хотини ва набираси билан НКВД жосуси биринчи ўқни узганча каравот остига яширинишга улгурганди. Ана шу нарса уларнинг жонини сақлаб қолади.
Орадан уч ой ўтгач, 1940 йил 20 август куни НКВДнинг бошқа бир жосуси Рамон Меркадар Троцкийнинг олдига келади ва қўлёзмаларини кўриб беришни сўрайди.
Меркадар Троцкий билан муваффақиятсиз чиққан биринчи суиқасддан сўнг танишган ва унга ўзини ҳаваскор адиб сифатида кўрсатган эди. Шу сабабли ўша куни Троцкий ҳеч нарсадан шубҳаланмайди ва уни қабул қилади.
Троцкий қўлёзмани ўқий бошлаганда Меркадер плашининг ичига яшириб олиб келган буюм билан унинг бошига зарб билан уради ва воқеа жойидан қочиб кетади.
Оғир ярадор бўлган Троцкий бир суткадан сўнг 1940 йил 21 август куни вафот этади. Уни Койоакане шаҳрига дафн этишади.
Орадан уч кун ўтиб, 24 август куни «Правда» газетасида «Халқаро жосуснинг ўлими сарлавҳаси билан таъзия хабар эълон қилинади. Шу тариқа советлар ўзларига қарши тарғибот олиб бораётган шахсдан қутулишади.
Совет ҳукумати Троцкийнинг ўлимига дахлдорлигини инкор қилади. Троцкийни ўлдирган Меркадер ушланади ва суд ҳукми билан 20 йилга қамалади.
1960 йилда Меркадер озод бўлгач СССРга кўчиб келади. Унга дарҳол Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони ва Ленин ордени беришади.
Троцкий шахсияти
Троцкий гарчи Лениннинг айрим қарашларига қўшилмаса ҳам, аслида у бошчилигидаги босқинчи тўданинг бир муҳим мурвати бўлган.
Троцкий ҳам худди Ленин ва Сталиндай босқинчи, шовинист, советлар томонидан тузилган янги давлат чегараларини Чор Россияси эгалик қилган ҳудудларда сақлаб қолиш тарафдори бўлган.
У ҳам Чор Россияси томонидан эгаллаб олинган Кавказ, Ўрта Осиёни қўйиб юбормаслик ва мустамлака сифатида ушлаб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилган.
Троцкий 1917 йил октябрда амалга оширилган давлат тўнтаришидан бошлаб СССРдан чиқиб кетгунча турли вазифаларда ишлаган ва бошқалар каби аёвсиз бўлган. Душманларига раҳм-шафқат қилмаган.
Агар архив ҳужжатларига қаралса, Троцкий ҳам юқори амалларда ишлаган вақтларида советлар томонидан амалга оширган жуда кўп ноҳақ ишларга бош бўлганини, турли қарорлар имзолаганини кўриш мумкин.
Масалан, советлар биринчи жаҳон уруши пайтида Руминия томонидан Россия империясига топширилган олтинларни қайтаришни рад этишади. Олтинларни қайтаришга айниқса Троцкий жуда қарши бўлади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024
КГБ бошлиғидан давлат раҳбарига айланган шахс – қаттиққўл Андропов суиқасд қурбони бўлганми?
12:13 / 07.12.2024