Фан-техника | 13:45 / 14.04.2024
22956
14 дақиқада ўқилади

2 минг доллардан бошланган бизнес – Samsung компанияси қандай ривожланганди?

Бугун Samsung Group дунёдаги етакчи корпорациялардан бири ҳисобланади. Унинг уяли телефонлар ишлаб чиқарувчи Samsung Electronics бўлими 2011 йилдан буён дунё бозорида энг кўп уяли телефон сотиб келаётган компания ҳисобланади. 2023 йилда компания бу мавқени Apple’га ютқазиб қўйди. Бироқ фарқ унча катта эмас ва жорий йилда Samsung яна биринчи ўринга қайтиши мумкин.

Фото: alamy.com

Бугун Жанубий Корея ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. 2023 йил якунларига кўра мамлакат ЯИМ ҳажми қарийб 2 трлн долларни ташкил этган ва аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 35 минг доллардан тўғри келган.

Сўнгги ўн йилликларда Жанубий Корея компаниялари турли соҳаларда дунёнинг йирик компаниялари билан рақобатлашмоқда. Улар орасида ўзида ўнлаб соҳаларни бирлаштирган Samsung Group корпорацияси ҳам бор.

Samsung тарихи

«Samsung» сўзи ўзбекчада «уч юлдуз» маъносини англатади. Компанияга 1938 йилда Ли Бён Чхол асос солган. У ўз фаолиятини 1930-йилларда 2 минг доллар сармоя билан гуруч кукуни (гуруч уни) тайёрлайдиган корхона очишдан бошлаганди.

Кейинчалик компания бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, гуруч, шакар, қуритилган балиқ кабиларни тайёрлай бошлайди.

1938 йилда Чхол ўз маҳсулотларини Хитой ва Манжурияга (Хитой шимолидаги бу ўлка ўша пайтда алоҳида ҳудуд бўлиб, уни японлар назорат қиларди) экспорт қила бошлайди.

Ана шу пайтда Чхолга ўз маҳсулотларини янада оммалаштириш учун савдо белгиси кераклигини тушунади ва ўз компаниясига Samsung Trading Company деб ном беради.

Samsung компаниясининг илк корхонаси шу бинода жойлашган эди. \ Фото: samsung.com

Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳам компания озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда давом этади. Урушдан сўнг 1948 йилда Чхолнинг яқин дўсти Жанубий Корея раҳбари бўлади ва шу пайтда унинг бизнеси янада ривожланади.

1950-йиллар бошида Корея яриморолида бошланган фуқаролар уруши даврида бир муддат Чхолнинг савдоси сусайиб қолади. Коммунистик тузум тарафдорлари бўлган шимолликлар жанубга бостириб келишади ва Чхолнинг корхонасини, уйини, омборларини ёқиб юборишади.

Кейинчалик Чхол ўз ишини қайта йўлга қўйганда “уйи ёниб кетганда яшириб қўйилган бир чемодан пули омон қолган экан” деган миш-мишлар тарқайди.

Фуқаролар уруши тугаб, шимол ва жануб ўртасида чегара тортилгач Чхол яна ўз фаолиятини бошлайди ва кенгайтиришда давом этади. У озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш билан бирга текстил фабрикаси ҳам қуради. Кўп ўтмай суғурта бозорига кириб боради.

1950-йилларнинг иккинчи ярмида Samsung Trading Company кўп тармоқли корпорацияга айланади ва ўз маҳсулотларини АҚШга ҳам экспорт қила бошлайди.

1960 йилда Жанубий Кореяда давлат тўнтариши уюштирилади. Чхолнинг дўсти Ли Син Ман тахтдан ағдарилади ва унинг ўрнига генерал Пак Чон Хи мамлакат раҳбари бўлади.

Шундан сўнг Чхол ҳибсга олинади. Уни собиқ президент билан яқин бўлганликда ва ана шу ваколатдан фойдаланиб катта миқдорда пора олганликда айблашади.

Samsung асосчиси Ли Бён Чхол \ Фото: samsung.com

Кўп ўтмай Чхол озод қилинади. Афтидан янги раҳбар ҳам Чхол мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун зарур одам эканини англаб етади.

Ўша пайтда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун янги иқтисодий дастур қабул илинади. Бу дастурга кўра Жанубий Корея 30 дан ошиқ йирик компания – “Чебол”лар ташкил этилади.

Чеболларнинг ҳар бири маълум бир соҳа бўйича монопол фаолият юритишига имконият берилади. Масалан, Daewoo — автомобиллар, Goldstar (ҳозирги LG) — маиший техникалар, Samsung — электроника буюмларини ишлаб чиқариш, Hyundai қурилиш соҳасида фаолият олиб боради.

«Чебол»да компания қўл остидаги турли соҳаларда хизмат кўрсатаётган ёки маҳсулотлар ишлаб чиқараётган бўлимларга қисман автономия берилади.

Бизнеснинг бундай бошқарув шакли сифатида Чебол 1960-йилларда Жанубий Корея иқтисодиёти ўсишига ёрдам беради. Аммо узоқ вақтдан бери Чебол тизими билан ишлаб келаётган компаниялар коррупция ва сиёсий ҳамда молиявий фирибгарликда айбланиб келмоқда.

Компанияда ўтказилган ислоҳотлар

1969 йилда Samsung Япониянинг Sanyo компанияси билан бирлашади. Бунда ҳар икки компания ҳам ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ўз логотипини қўйиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Япон компанияси билан бирлашув Samsung’га Жанубий Кореяда оқ-қора тасвирда кўрсатувчи телевизорлар ва яна бошқа электроника маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятини беради.

Ўша пайтда мамлакат аҳолисининг бор-йўғи 2 фоизида телевизор бўлган. Шу сабабли Samsung телевизорлари юқори суръатларда сотилади.

Samsung компаниясининг телевизор йиғиш корхонаси, 1960-йиллар бошлари \ Фото: samsung.com

Кўп ўтмай японлар билан келишган ҳолда компания электроника буюмлари ишлаб чиқарадиган бўлимини алоҳида ажратади. Шу тариқа Samsung Group таркибида Samsung Electronics тузилади.

Бироқ 1980-йиллар компания учун оғир келади. Кексайиб қолган Ли Бён Чхол компаниянинг барча бўлимларини бирдай назорат қила олмасди. Шу сабабли турли бўлимларда ишлар сустлаша бошлайди. Маҳсулотларнинг сифати тушиб кетади.

Оқибатда ишлаб чиқариш ҳажми пасаяди ва кўплаб ходимлар ишдан бўшатилади. Ана шундай шароитда компанияга янги қон кераклиги ойдинлашади.

1987 йилда Чхол компания президентлигини ўғли Ли Гонг Хига бўшатиб беради. Ли отасининг компаниясида 1968 йилдан ишлай бошлаганди.

«Аёллар ва болалардан ташқари ҳамма нарсани ўзгартирамиз»

Ли Гонг Хи 1942 йилда туғилган, компания раҳбари бўлганда 45 ёшда эди. У компанияни қўлга олгач туб ўзгаришларни амалга ошира бошлайди. Бунда асосий эътибор, гарчи таннархи бироз ошса ҳам сифатли маҳсулотлар чиқаришга қаратилади.

Шу тариқа Ли Гонг Хи отаси томонидан асос солинган кичик савдо компаниясини нафақат мамлакатдаги, дунёдаги энг йирик корпорациялардан бирига айлантиришга муваффақ бўлади.

Ли Гонг Хи \ Фото: alamy.com

Ли Гонг Хи ўз фаолияти давомида Samsung Group таркибига кирувчи электроника ва уй рўзғор буюмлари ишлаб чиқарувчи Samsung Electronics компаниясини дунёдаги етакчи электроника компанияларидан бирига айлантирди.

1993 йилда Ли Гонг Хи ўз қўл остидагиларга, кейинчалик уни машҳур қилган иборани айтганди: «Келинглар, хотинларимиз ва болаларимиздан ташқари барчасини ўзгартирайлик».

Ли Гонг Хи ортиқча эътибордан қочган ва камдан-кам ҳолларда журналистларга интервью берган. У икки марта коррупцияда, хусусан, мамлакатнинг собиқ президенти Ро Дэ Вуга пора берганликда айбланган.

Ли Гонг Хи 2008 йилда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва маблағларни ўзлаштиришда айбланганидан сўнг, Samsung раҳбари лавозимини тарк этади.

Ўшанда у уч йиллик шартли қамоқ жазосини олади, аммо кейинги йил президент фармони билан афв этилади. Бу пайтда Кореяда Ли Мён Бак президент эди ва Ли Хонг Хини айнан у афв этади.

Ўшанда у Жанубий Кореяда 2018 йилги қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш кампаниясини бошлайди.

2010 йилда Ли Samsung Group директорлар кенгаши раиси лавозимига қайтади, аммо 2014 йилда юрак хуружига учрагандан сўнг у касал бўлиб ётиб қолади.

Шундан сўнг Ли соғлигини тиклай олмайди ва 2020 йил 25 октябр куни вафот этган пайтигача касалхонада даволаниб келади.

Forbes журнали маълумотларига кўра, Ли Гонг Хи 21 миллиард доллар бойлиги билан Жанубий Кореянинг энг бой одами бўлган.

Энг кучли таъсирга эга «Чебол»ни энди ким бошқаради?

Ли Гонг Хи вафотидан сўнг Samsung Group президентлиги Ли Гонг Хининг ўғли 52 ёшли Ли Же Ёнга ўтди. Компания раҳбари бўлгунча ҳам бир неча марта турли можаролар билан танилган Лининг фаолияти компания президенти бўлгач ҳам силлиқ кечмаяпти.

Ли Же Ён \ Фото: alamy.com

У 2017 йилда ўша пайтдаги президент Пак Кин Хенинг импичменти билан якунланган коррупция можаросида собиқ президент билан ҳамкорликда айбланганди.

Ўша пайтларда у Samsung Electronics вице-президенти бўлса-да отаси шифохонага ётган пайтдан корпорация раҳбари деб ҳисоблана бошланган.

2020 йил сентябрь ойида прокуратура Ли Чжэ Ёнга қарши янги айбловларни илгари сурди. Бу сафар у Samsung корпорациясининг иккита шуъба корхонасини ноқонуний эгаллаб олишда айбланди.

2021 йилда суд уни аввалига 5 йилга озодликдан маҳрум этади. Апелляциядан кейин муддат 2,5 йилга қисқартирилади. Кўп ўтмай у афв этилади.

2021 йилда Ли 2015-2020 йиллар давомида кўп марта гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб келганликда айбланади. Бу сафар у 60 минг доллар жарима тўлаш билан қутилади.

Samsung Group’нинг бўлимлари

Бугун Samsung корпорацияси кўплаб бўлимларга ва шуъба корхоналарига эга. Жумладан, электроника, кимё саноати, молия ва суғурта соҳаси, оғир саноат, қурилиш ва яна бошқа бир нечта бўлимларининг ҳар бирининг таркибида ўнлаб компаниялар бор. Масалан, электроника соҳасида қуйидаги компаниялар фаолият юритади:

  • Samsung Electronics – электроника буюмлари ишлаб чиқарувчи бўлим;
  • Samsung Electro-Mechanics – турли электрон буюмлар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи бўлим;
  • Samsung SDI – дисплей, аккумлятор ва батареялар ишлаб чиқарувчи бўлим;
  • Samsung SDS – электрон саноат бўлими;
  • Samsung Engineering – қурилиш бўлими;
  • Samsung C&T Corporation;
  • Samsung Heavy Industries -машинасозлик бўлими;
  • Samsung Life Insurance – суғурта, молиявий консалтинг хизматлари ва кредит бўлими;
  • Samsung Fire & Marine Insurance – кўчмас мулк суғуртаси;
  • Cheil Worldwide
  • Samsung Biologics
  • Samsung Galaxy Chat
  • Samsung Game Studios

Компания дунёда турли ҳажмдаги кема ва танкерлар ишлаб чиқаришда ҳам етакчи. Samsung Group корпорацияси таркибига кирувчи Samsung Heavy Industries машинасозлик компанияси дунёдаги танкер ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири ҳисобланади.

Samsung корпорациясининг кемасозлик корхонаси

Корпорациянинг йиллик айланма маблағи 200 миллиард долларни ташкил этади. Унинг таркибида 300 мингдан ошиқ ходим меҳнат қилади.

Корпорациянинг йиллик соф фойдаси ўртача 35-40 миллиард долларни ташкил этади.

Корпорация ҳар йили спорт ва маданият соҳасига ҳомийлик қилиш учун катта маблағлар ажратади. Расмий равишда халқаро олимпия ўйинларига ҳомийлик қилади.

Кореяда бир қанча спорт турлари бўйича корпорация номи билан аталган турли жамоалар бор. Шунингдек, корпорация жаҳондаги кўпгина спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган турли жамоаларига ҳомийлик қилади.

Уяли телефонлар

Уяли телефонларни Samsung Group корпорациясининг асосий бўлими бўлган Samsung Electronics ишлаб чиқаради. Компания 15 йилдан ошяпти, дунёдаги мобил қурилмалар, жумладан уяли телефонлар ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири ҳисобланади.

Samsung Electronics сўнгги 15 йилда ҳар йили ўртача 200 миллион донадан ошиқ уяли телефон ишлаб чиқариб сотган. Энг яхши натижа 2011 йилда қайд этилган ва ўша йили компания 300 миллион донадан ошиқ уяли телефон сотишга муваффақ бўлган.

Компаниянинг энг муваффақиятли лойиҳаси Galaxy туркумида ишлаб чиқарилган уяли телефонлар ҳисобланади. Samsung Electronics ўтган йиллар мобайнида бу телефонлардан 3 миллиард донадан ошиқ ишлаб чиқариб сотган.

Маълумотларга кўра, 2023 йилда компания 226,6 миллион дона телефон ишлаб чиқариб сотган. Бу дунё уяли телефон бозорининг 19,4 фоизини ташкил этган.

Samsung Electronics'нинг Хитойдаги йирик корхонаси

Компания 2011 йилдан буён уяли телефонлар ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб келди. Бироқ 2023 йилда етакчиликни Apple компаниясига топширишга мажбур бўлди.

2023 йилда Apple 234,6 миллион дона телефон сотган ва бозор улушининг 20,1 фоизини ташкил этган. Балки жорий йилда Samsung яна биринчи ўринга чиқиши ҳам мумкин.

Чунки Apple 2023 йилда бор-йўғи 8 млн дона кўпроқ телефон сотган ва бу натижани қувиб ўтиш қийин иш эмас. Барчаси компаниянинг ўзига боғлиқ.

Samsung Group корпорацияси ҳақида қизиқарли маълумотлар

Samsung Group корпорациясининг асосий бўлими Samsung Electronics ҳисобланади. Умумий айланма маблағ, даромад ва бошқа кўрсаткичлар бўйича шу бўлим етакчилик қилади.

Компания 2015 йилда АҚШда ўз тўлов тизими Samsung Pay’ни ишга туширади. Samsung логотипи олти марта алмашган. Ҳозирги кўриниш 2015 йилда қабул қилинган.

Ташкил топганидан бошлаб 1960-йиллар бошигача компания асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарган.

1950-1953 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар урушида Samsung компанияси барча нарсасидан айрилганди. Омборхоналарга ўт қўйилган, маҳсулотлар талаб кетилган, корхоналар тўхтаб қолганди.

Samsung Electronics 1969 йилда ташкил этилган ва дастлабки 10 йилда уни асосан Жанубий Кореянинг ўзида таниқли эди холос.

Бугун Samsung Group корпорациясида 23 та йирик бўлим бор. Уларда оғир ва енгил саноат, автомобилсозлик, электроника буюмлари, химия саноати ва тўқимачилик, суғурта, кредит ва бошқа бўлимлар фаол ишлаяпти.

Samsung Motors компаниясининг 80 фоиздан ошиқ акциясига Франциянинг Renault эгалик қилади. Компания Renault-Samsung бренди остида ишлаб чиқарган машиналарини фақат Жанубий Кореянинг ўзида сотади.

Renault-Samsung компанияси ишлаб чиқараётган автомобиллардан бири

Енгил мобил телефонни биринчи бўлиб Samsung ишлаб чиқарган. 1990-йиллар бошида мобил телефонлар оғир ва бесўнақай бўлган. Шунда Samsung компанияси биринчи бўлиб енгил ва ихчам мобил телефон қурилмасини ишлаб чиқарган.

Кореядаги биринчи электромобил лойиҳасини Samsung ишлаб чиққан. SEV-III деб номланган машина серияли ишлаб чиқаришгача етиб бормаган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид