Жаҳон | 20:28 / 23.04.2024
21063
5 дақиқада ўқилади

Хитойда йирик сув тошқинлари: расмийлар бир провинцияда 110 минг кишини эвакуация қилди

Мамлакат жанубида кучли ёмғир ва бўронлар кузатилмоқда. Ноқулай об-ҳаво туфайли тоғли ҳудудларда кўчкилар содир бўлган, дарёлар қирғоқларидан чиқиб, сув сатҳи критик даражадан кўтарилиб кетган. 

Фото: twitter.com/thinking_panda

Хитой жанубидаги Гуандун провинциясига ёпирилган кучли ёғингарчиликлар расмийларни мамлакатнинг аҳоли тиғиз яшайдиган ушбу қисмида 110 минг кишини эвакуация қилишга мажбур қилди.

Xinhua давлат ахборот агентлиги хабар беришича, 22 апрел ҳолатига кўра, тўрт киши ҳалок бўлиб, яна 10 киши бедарак йўқолган.

Агентликка кўра, 36 та уй қулаган, яна 48 таси жиддий шикастланган. Сув тошқинлари етказган жами зарар миқдори айни вақтга келиб 140 млн юандан ортиққа (19 млн АҚШ доллари) баҳоланмоқда.

Гуандун провинциясида Марварид дарёси делтасида сув босган участканинг аэрофототасвири. Фото: VCG 

Марварид дарё (Чжуцзян деб ҳам аталади) делтаси Хитой жанубидаги иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудуд, электрон қурилмалар, ўйинчоқлар, либос ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган марказлардан бири ҳисобланади. Мамлакат савдо айланмасининг тахминан учдан бир қисми ушбу дарё делтасидаги иқтисодий зона ҳиссасига тўғри келади. Минтақада 127 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ушбу регионда фаолият кўрсатувчи икки компания раҳбарлари Reuters агентлиги билан суҳбатда экстремал об-ҳаво шароитига қарамай, бизнеснинг ўзи ёки етказиб бериш занжирлари учун ошиғич салбий оқибатлар йўқлигини маълум қилган.

Илон Маскнинг Tesla автомобил компанияси учун ҳам босиш платалари ишлаб чиқарувчи Camelot PCB компанияси одатдаги тартибда ишлашда давом этаётганини маълум қилган.

Шунингдек, пластмассалар ишлаб чиқарувчи, Apple, Huawei ва Samsung каби технология гигантларини таъминловчи Polyrocks Chemical компанияси ҳам барчаси жойида эканини билдирган.

Гуандун провинциясидаги қишлоқлардан бирида қутқарувчилар қийин авҳолда қолган одамлардан бирини томдан тушириб олмоқда
VISUAL CHINA GROUP

Давлат нашрларида намойиш этилган кадрларда ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ер участкалари ва кўчалар сув остида қолгани, қутқарувчилар сув кечиб одамларни хавфсиз жойларга олиб ўтаётгани акс этган.

Душанба тонгида расмийлар провинция шимолидаги дарёларда сув сатҳи максимумга етиши мумкинлиги, бундай ҳолат «100 йилда рўй бериши», аммо ҳозирча бу рўй бермаганини маълум қилган.

Гуандун провинциясининг катта қисми Марварид дарёси делтасида жойлашгани туфайли денгиз сатҳини кўтарувчи бўронлар ортидан тез-тез сув тошқинларига дучор бўлади.

Бу сафарги сув тошқинидан провинция маркази саналган Гуанчжоу, шунингдек Шаогуан ва Ҳэюан шаҳарлари энг кўп зарар кўрди.

Шаогуанда сув босган ҳудуд

Шанба ва якшанба кунлари 1,16 миллиондан ортиқ уйлар электрсиз қолишган, душанба кунига келиб уйларнинг бир қисмида электр энергияси таъминоти тикланган.

Xinhua агентлиги маълумотига кўра, камида 110 минг киши эвакуация қилинган, шундан 25,8 минг нафарга яқини вақтинча бошпаналарга жойлаштирилган.

Гуанчжоу халқаро аэропортида рейслар бекор қилинган. Учта шаҳарда расмийлар барча мактабларни ёпишган.

Қингюан шаҳрида дарё суви қирғоғидан тошиши. Дарёда кемалар ҳаракати тўхтатилган

Қингюан ва Шаогуан шаҳарлари расмийлари бир қанча дарёларда кемалар қатновини тўхтатган, атрофдаги портлар маъмуриятлари авария буксирлари ва авария-қутқарув кемалари фаолиятини мувофиқлаштирмоқда, шунингдек нисбатан жиддий жабр кўрган ҳудудларга қутқарув жамоаларини юбормоқда.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган кадрларда тез оқаётган сув девор ва кўприкларни ювиб кетаётгани акс этган.

Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири унинг оиласи уйнинг биринчи қаватидаги мебелларни қандай қилиб уйнинг юқори қисмига олиб чиқишга урингани ҳақида сўзлаб берган.

«Кучли ёмғирлар биринчи қаватнинг ярмини сув остида қолдирди, — деган у якшанба куни кечқурун. — Қўрқаманки, иккинчи қават ҳам тез орада сувда қолади. Мен ўзимни жуда иложсиз ҳис қилмоқдаман...».

«Мен кеча уйга қайтаётганимда бир ярим соат ёмғир қуйди, худди шаршарадек, — дейди Weibo тармоғидаги бошқа бир фойдаланувчи. — Мен умуман йўлни кўрмадим».

Сув остида қолган парк. Метеорология хизмати ёмғир ҳали давом этишидан огоҳлантирган

Хитой метеорология хизматлари Гуандунда ва қўшни Фуцзян провинциясининг айрим туманларида кучли ёмғирлар давом этишидан огоҳлантирган.

Мамлакатнинг бошқа қисмларида, жумладан Пекин, Тянцзин ва Ҳэбэй провинциясида ҳам «ўртача кучлиликдаги» ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Ўтган йили Пекин ва унга ёндош провинциялар, жумладан Ҳэбэй сув тошқинларидан жабрланган, ўшанда Хитойга Тинч океанидан келган тўфонлар серияси ёпирилганди.

Пекинда сўнгги 140 йилликдаги энг кучли ёмғирлар ёққанди.

Дрон Қингюанда кучли ёмғирдан кейин бошланган сув тошқинлари йўлларни сув остида қолдирганини тасвирга олди
 Гуандун провинциясида сув босган қишлоқ
Ҳэюанда вайрон бўлган кўприк

Мавзуга оид