Жаҳон | 08:55 / 02.05.2024
3384
4 дақиқада ўқилади

Ню-Йорк: Фаластин учун акцияларда 300 киши қўлга олинди

Полиция амалиётлари эгаллаб олинган Колумбия университети биносини эвакуация қилиш ва Шаҳар коллежидаги операцияни ўз ичига олади, деди Ню-Йорк мэри норозилик намойишлари кучайиб бораётганида ташқи агитаторларни айблаб.

Фото: Craig Ruttle/AP Photo/picture alliance

Ню-Йоркдаги университетлар шаҳарчасида Фаластин учун ташкил этилган намойишлар чоғида полиция 300 га яқин кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Ню-Йорк шаҳри мэри, демократ Эрик Адамс чоршанба куни хабар берди. Полиция амалиётлари орасида намойишчилар томонидан эгаллаб олинган Колумбия университети биносини эвакуация қилиш ва Шаҳар коллежида операция ўтказилди, деди мэр шаҳар полицияси бошлиғи Эдвард Кабан билан қўшма матбуот анжуманида. Қўлга олишлар аслида ким талаба эканлигини ва ким кампусда бўлмаслиги кераклигини аниқлаш учун қилинган, дейди расмийлар. Мэр Адамс норозиликларнинг авж олишида ташқи агитаторларни айблади.

Dpa агентлиги таъкидлаганидек, Ню-Йорк полицияси вазиятга ойдинлик киритилгунга қадар Колумбия университети биносини тўлиқ бўшатди. Қайд этилишича, намойишчилар Исроилнинг Ғазо секторидаги урушдаги ҳаракатларини агрессив тарзда танқид қилган ва фаластинликлар билан бирдамликка чақирган. Шунингдек, улар университетдан Исроил билан молиявий алоқаларни узишни талаб қилишган. Оқ-қора Фаластин шарфларини кийган намойишчилар деразаларни синдириб, тарихий Ҳамилтон-ҳоллга кирган ва киришни стуллар ҳамда столлар билан тўсиб қўйган, шундан кейин университет раҳбарияти полицияни чақиртирди. 

«Кеча кечқурун Колумбия университети ва Ню-Йорк Шаҳар коллежи талабига биноан полиция кампусларга кириб, намойишчиларни олиб чиқиб кетди», деди Кабан. Унинг таъкидлашича, қўлга олинганларга ноқонуний киришдан тортиб то ўғирликкача бўлган айбловлар қўйилиши мумкин. Кейинроқ полициянинг аниқлик киритишича, Шаҳар коллежида 173 киши, Колумбия университетида эса 119 киши ҳибсга олинган. 

Калифорния университетида намойишлар

Лос-Анжелесдаги Калифорния университети (UCLA) ҳудудида Фаластин учун ташкил этилган акция тартибсизликларга айланиб кетди. CNN маълумотларига кўра, 1 май, чоршанбага ўтар кечаси фаластинликларга хайрихоҳ намойишчилар ва ҲАМАС гуруҳига қарши курашаётган Исроил тарафдорлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар бошланган. 

Лос-Анжелес мэри вакили X ижтимоий тармоғида маълум қилганидек, полиция ректорнинг кампусда ёрдам сўраганига дарҳол реакция билдирди. Полиция ярим тундан кейин етиб келди, саф тортди ва ҳозир бўлганлардан университет ҳудудини тарк этишни сўради, деб ёзади Los Angeles Times.

Воқеалардан бир кун олдин UCLA ректори Жин Блок аввалроқ барпо этилган норозилик лагери хавфи ҳақида огоҳлантирди. Унда университет жамоаси аъзолари ҳам, унга алоқадор бўлмаган одамлар ҳам кўринган, деди у. Ректорнинг сўзларига кўра, кўплаб намойишчилар ва уларга қарши бўлганлар тинч юрган, аммо «бошқаларнинг тактикаси ҳайратланарли ва уятли» бўлган. Зўравонлик ҳодисалари «кампусда кўпчиликни, хусусан, яҳудий талабаларни қўрқув ва даҳшатга солди», деб қўшимча қилди Блок.

АҚШ университетларида Фаластин учун акцияларнинг тизимли табиати 

Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиёти бошланганидан бери АҚШдаги кўплаб университетлар кампусларида Исроилга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Исроиллик талабалар, шунингдек, яҳудийлар антисемитизм ва намойишчиларнинг таҳдидлари даражаси ошганидан шикоят қиляпти. Шу тариқа, Йел университетида асли яҳудий бўлган талаба ҳужумга учради, дея хабар бермоқда ОАВ. Ню-Йоркдаги Колумбия университети раввини яҳудий талабаларни уйда қолишга чақирди. 

Сўнгги ҳафталарда Фаластин тарафдорлари норозилик намойишлари АҚШнинг кўплаб нуфузли университетларига тарқалди. Апрел ойида полиция юздан ортиқ Фаластин тарафдорини Колумбия университети ва Бостондаги Эмерсон коллежи ҳудудида қўлга олган эди.

Бундан ташқари, 27 апрелга ўтар кечаси Аризона штати университети ҳудудида яна 69 киши ушланган. Бир гуруҳ намойишчилар 26 апрел куни кампусда «рухсатсиз лагер» қурди ва тарқалиш тўғрисидаги такрорий буйруқларга эътибор бермади, дея тушунтирди штат расмийлари. Уларга кўра, намойишчиларнинг аксарияти талабалар, ўқитувчилар ёки таълим муассасаси ходимлари эмас.

Мавзуга оид