Жаҳон | 20:24 / 11.05.2024
5385
2 дақиқада ўқилади

Мексика-АҚШ глобал миграциянинг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) 2024 йилги Жаҳон миграция ҳисоботини тақдим қилди.

Фото: Andres Leighton/AP/picture alliance

Глобал миграция йўналишларида сезиларли ўзгаришлар, жумладан, кўчирилган одамлар ва халқаро пул ўтказмалари миқдорининг жиддий ўсиши кузатилди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) томонидан тақдим этилган 2024 йилги Жаҳон миграция ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, Мексика-АҚШ миграция йўлаги мигрантлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Иккинчи ўринни Сурия-Туркия йўналиши эгаллаган. Украина-Россия йўналиши бешинчи ўринга кўтарилган.

Меҳнат мигрантларининг энг кўп қисми Жанубий, Шимолий ва Ғарбий Европада иш топмоқда. Иккинчи ўрин Шимолий Америкага, учинчиси араб минтақасига тегишли.

Ҳисоботда таъкидланишича, халқаро миграция инсон тараққиёти ва иқтисодий ўсишнинг драйвери бўлиб қолмоқда, буни 2000 йилдан 2022 йилгача халқаро пул ўтказмаларининг йилига 128 миллиард АҚШ долларидан 831 миллиард АҚШ долларига ошгани (650 фоиз) тасдиқлайди.

831 миллиард доллар пул ўтказмасининг 647 миллиард долларини мигрантлар даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларга жўнатган. Бундай пул ўтказмалари ушбу мамлакатлар ялпи ички маҳсулотининг салмоқли қисмини ташкил этади ва глобал миқёсда ушбу мамлакатларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмидан кўпдир.

Гарчи халқаро миграция инсоният ривожланишини рағбатлантиришда давом этаётган бўлса-да, муаммолар ҳали ҳамон кўплиги қайд этилган. Қуролли тўқнашувлар, зўравонликлар, табиий офатлар ва бошқа сабабларга кўра уй-жойини тарк этганлар сони рекорд даражадаги энг юқори кўрсаткичга - 117 миллион кишига етган.

Дунёдаги қочқинлар орасида Сурия фуқаролари устунлик қилади, иккинчи ўринни украиналиклар ва афғонлар эгаллаб турибди.

Мавзуга оид