Жаҳон | 11:31 / 17.05.2024
5452
3 дақиқада ўқилади

Баҳрайнда ўтган араб саммитида Фаластин масаласи муҳокама қилинди

Пайшанба куни Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида 11 та араб давлатлари етакчилари иштирокида Араб давлатлари лигасининг 33- саммити ўтказилди.

Баҳрайн қироли Ҳамад ибн Исо Ол Халифа. Фото: Reuters

Араб давлатлари етакчиларининг муҳокамасидаги асосий мавзу Фаластиннинг Ғазо секторидаги вазият ва умуман Фаластин муаммоси бўлди.

Баҳрайн қироли Ҳамад ибн Исо Ол халифа Манамада ўтган Араб давлатлари лигаси саммити очилиш маросимида Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро конференция ўтказишга чақирди.

«Баҳрайн Қироллиги минтақани барқарорлаштириш ва ривожлантириш борасидаги асосий масалаларини ҳал қилишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Улардан энг асосийси Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга қаратилган халқаро конференция ўтказиш таклифидир. Бу Фаластин давлатини тўлақонли тан олишни ва унинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти аъзолигига бўлган интилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаш бўлар эди», — деган қирол.

Баҳрайн қироли ўз мамлакати Фаластинни тўлақонли тан олиш ва уни Бирлашган Миллатлар ташкилотига қабул қилишни қўллаб-қувватлаш масаласига содиқ эканини тасдиқлади. У шунингдек, Фаластин давлатининг тузилиши минтақага ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади, деб ёзади Arab news.

Ўтган ҳафтада БМТ Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Фаластиннинг БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиш масаласини қўллаб-қувватлаган ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашига ушбу илтимосномани қаноатлантиришга чақирган эди.

193 аъзо давлатдан иборат Бош Ассабмлеянинг Фаластин таклифини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал овоз бериш жараёни бўлди ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши буни маъқулласа Фаластин давлатини тан олиш сари катта қадам бўларди. Бироқ, ўтган ойда худди шу масалага АҚШ вето қўйган.

Ўзининг саммитдаги чиқишида Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Ол Сауд халқаро тан олинган Фаластин давлатини тузишга чақирди. Ўз нутқида шаҳзода Ғазо секторидаги ҳуманитар инқирозни юмшатиш юзасида Саудия Арабистони қироллиги амалга ошираётган ишларни қайд этиб, Саудия Арабистони араб дунёси муаммоларини ҳал қилиш масалаларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

У халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторида ўт очишни бас қилиш, Фаластиндаги тинч аҳолига нисбатан тажовузни тўхтатишга бўлган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бу 2023 йилнинг ноябрида Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган навбатдан ташқари саммитдан сўнг араб етакчиларининг биргаликдаги биринчи йиғилишидир. Ўшанда Исроилнинг Ғазо секторига бостириб киришини блок «варварлик ҳаракатлари», дея қоралаган эди.

12 май куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигасининг ижтимоий-иқтисодий кенгаши йиғилишида Ғазо секторининг Исроил ҳарбий ҳаракатлари туфайли вайрон қилинган хўжалик инфратузилмасини тиклаш учун фаластинликларга фавқулодда ёрдам тақдим этиш режаси муҳокама қилинган эди. Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайс бу режа Манамада тасдиқланишини ваъда қилган эди.

 

Мавзуга оид