Жаҳон | 22:08 / 17.05.2024
25457
7 дақиқада ўқилади

«Харкивни эгаллаш режаси йўқ» — Путин янги фронт очилгани юзасидан изоҳ берди

Путин Си Жинпинг билан музокаралардан кейин Украинадаги уруш ҳақида гапирди. У Россия музокаралардан бош тортмаслиги, аммо энди «ердаги реаллик»дан келиб чиқилишини айтган.

Фото: Михаил Метцел / Sputnik / Reuters

Россияда «бугунги кунда» Харкив шаҳрини эгаллаш режаси йўқ, дейди айни вақтда Хитойда бўлиб турган президент Владимир Путин. Апрел ойида у Харкив ва Белгород областлари чегарасида «санитар зона» ташкил этиш зарурати ҳақида айтганди ва ҳозирда у яна шу ҳақида тўхталди.

Путиннинг баёноти Россия қўшини Харкив области шимолида фаол ҳарбий ҳаракатларга киришган чоғда янграмоқда. У бу юриш ҳаракатларини Украина қуролли кучларининг зарбаларига жавобан чегара ҳудудда санитар зона ташкил этишга ҳаракат деб атади.

«Харкив йўналишида содир бўлаётган воқеаларга келсак — бу ҳам уларнинг айби, — деган Путин Ҳарбиндаги матбуот анжуманида. — Чунки улар, афсуски, чегара ҳудудларни, жумладан Белгороддаги турар жой кварталларини ўққа тутишда давом этмоқда. Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлишмоқда».

«Агар бу давом этса, биз хавфсизлик зонаси ташкил этишга мажбур бўламиз, деб очиқ айтгандим. Санитар зона. Мана буни қиляпмиз. Харкивга келадиган бўлсак, бугунги кунда бундай режа йўқ», — деган Путин журналистнинг рус қўшини Харкив области марказига юриш қилиши эҳтимоли ҳақида.

Россия қўшини Харкив йўналишида ҳар куни қатъий режа бўйича илгариламоқда, дея қўшимча қилган у.

Россия президенти «санитар зона» ташкил этиш режаси ҳақида 18 март кунги матбуот анжуманида маълум қилганди. Ўшанда у Белгород области хавфсизлигини таъминлаш учун Харкив областини Россияга қўшиб олиш таклифи юзасидан муносабат билдирганди.

«Бугун рўй бераётган фожиали воқеаларни инобатга олсак, биз қайсидир нуқтада, агар мақсадга мувофиқ деб ҳисобласак, бугунги Киев режимига бўйсунувчи ҳудудларда маълум бир „санитар зонаси“ни яратишга мажбур бўлишимиз мумкин», — деганди Путин.

Истанбул келишувлари — музокаралар жараёни учун асос

Россия Украинадаги инқирозни ҳал этиш доирасида ўзига қандайдир ултиматумлар қўйилишига йўл қўймайди, деган Россия президенти Владимир Путин Ҳарбиндаги матбуот анжуманида.

У Киев билан тинчлик музокаралари ва июн ойида Швейцарияда инқирозни ҳал қилиш бўйича форум ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарган.

РФ президентининг фикрича, Россиянинг ўзи таклиф этилмаган конференциядан мақсад Россияга имкон қадар кўпроқ мамлакатлар номидан ултиматум қўйиш ҳисобланади.

«Кейин ҳамма билан келишилган нарсани эълон қилишади ва кейин буни Россияга аллақачон ҳал қилинган масала, ултиматум сифатида тақдим этишади. Бунақаси кетмайди», — деган Путин.

Улар Россияга Украина шартларини қўйишга уринмоқда, жанг майдонида стратегик мағлубиятга учратишга уриниш барбод бўлди ва ултиматум қўйишга уриниш ҳам шундай тугайди, деб ҳисоблайди Путин. Унинг фикрича, украинларнинг «тинчлик формуласи» «реал вазиятга эмас, истакларга асосланган, буни эса муҳокама қилиб бўлмайди». 

Унинг сўзларига кўра, умуман олганда, Истанбул келишувлари тинчлик музокаралари учун асос бўлиши мумкин, аммо энди Россиянинг музокаралардаги позицияси ердаги реалликдан келиб чиқади. 

Россия ҳеч қачон музокаралар жараёнидан бош тортмайди, дея қайд этган Путин. Украина ўзи ҳарбий ҳаракатларни «сўнгги украиналик қолгунича» давом эттиришини айтган, дея қўшимча қилган у.

Шу билан бирга, ҳар қандай ҳужжатларни имзолашда Россия учун Володимир Зеленскийнинг 20 майдан кейинги легитимлиги (21 май куни унинг президентлик муддати якунига етади, сайловлар эса уруш туфайли қолдирилган) аҳамиятга эга бўлади, деган Путин. 

«Албатта, биз бундай ҳал қилувчи ҳужжатларни легитим ҳукумат билан имзолашимиз керак, бу очиқ-ойдин факт», — деган РФ президенти. Унинг сўзларига кўра, президентлик ваколатлари тугаганидан кейин Зеленскийнинг легитимлиги Украинанинг ўз сиёсий ва ҳуқуқий тизими, жумладан мамлакатнинг Конституциявий суди томонидан ҳал этилиши керак.

Харкив области шимолидаги вазият

10 май куни украин ҳарбийлари Россия Белгород области билан чегарадош ҳисобланган Харкив областининг чегара ҳудудларида юриш бошлагани ҳақида хабар тарқатди. Кўп ўтмай бу маълумотни Россия мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Украина президенти Володимир Зеленский 17 май куни мамлакат қуролли кучлари Россия армиясининг Харкив областидаги юриши билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлганини айтди.

«Бизнинг мудофаа кучларимиз вазиятни барқарорлаштиришди… Бугун мудофаа кучларимиз россияликларни турган жойида тўхтатди. Уларнинг энг чуқур кириб келган нуқтаси — 10 километр. Йўналишда душманнинг айрим бригадаларида ҳеч қандай илгарилаш йўқ — бунгача ҳам бўлмаганди», — деган у журналистлар билан учрашувда.

Ҳафта давомида Россия армияси област марказидан шимолда жойлашган Липци қишлоғи йўналишида олдинга юришга ҳаракат қилганди. Украина қуролли кучлари чегарадан бир неча километр ортга сурилишга мажбур бўлган.

Россия қўшини Украина томонини захирадан қўшимча бригадаларни ҳаракатга келтиришга мажбур қилиш учун Харкив областидаги фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасини қарийб 70 километрга кенгайтирди, деганди жума куни мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский.

Унинг сўзларига кўра, Донбассдаги Украина қўшинлари ортидан чиқиш мақсадида рақиб асосий кучларини Вовчанскни эгаллашга ва Липци йўналишида олдинга юришга қаратган.

«Бундай шароитда биз душман қўшини эгаллаб олган марраларидан олдинга силжишига йўл қўймасдан, авиация, ракета тизимлари, артиллерия ва танклар орқали унга максимал даражада йўқотишлар етказишимиз, шунингдек, турли йўналишларда қанотлардан ва фронт ортига ҳаракатланувчи штурмчи мобил гуруҳлар ва бўлинмаларни тор-мор этиш учун шароит яратишимиз керак», — деган Сирский.

Ғарбдаги ва Украинадаги нашрларда бир ҳафта олдин Россиянинг мақсади — Харкив областининг шимолий чегара ҳудудида 10 километрлик буфер зона ташкил этиш экани ҳақида ёзилганди. Бу нафақат Россиянинг чегарадош ҳудудларини артиллерия зарбаларидан ҳимоя қилади, балки Харкивнинг ўзини Россиянинг стволли артиллерияси етиб бора оладиган ҳудудга айлантиради, дея қайд этишган Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW).

Экспертлар Россия келгусида Харкивга кенг кўламли юриш бошлаш учун шароит ҳозирланаётгани тўғрисидаги версияни ҳам рад этмайди. Аммо бугунги кунда бундай юриш амалга ошириш учун шароит кўришмаяпти.

Мавзуга оид