Ўзбекистон | 11:29 / 29.05.2024
55580
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бола ўғрилари пайдо бўлгани ростми? — ИИВ масъули билан суҳбат

Ижтимоий тармоқларда бола ўғирланиши ҳақидаги хабар пайдо бўлмоқда. Бундай хабарларга одамлар одатда тез ишонади, гуруҳларда тарқатиб, саросималарга сабаб бўлишмоқда. Хўш, бола ўғрилари чиққани ростми? Kun.uz мавзу бўйича ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходими, капитан Шокиржон Ҳошимов билан суҳбатлашди.

— Халқимизда шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган мақол бор. Ҳозирги кунда бола ўғрилари ҳақидаги хабарлар тарқалишига асосий сабаб нима? Бу хабарлар қанчалик рост?

— Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда, айниқса Тelegram-каналларда бола ўғрилари ҳақида, бирор видеога бола ўғрилари ушлангани ҳақида изоҳлар ёзиб тарқатиляпти. Асосан аёллар томонидан боғча опаларга ёки бошқалар мурожаат сифатида «бола ўғрилари пайдо бўлибди, эҳтиёт бўлинглар», қабилида ёзилган хабарлар тарқаляпти. Ижтимоий тармоқларда чиққан аудио, видеохабарлар ИИО ходимлари томонидан доимий назорат қилиб борилади. Сўнгги йилларда 20 га яқин шундай аудио/видео хабарлар тарқаган ва бирортаси ўз тасдиғини топмаган. Фуқаролар томонидан маҳаллаларига кирган бегона шахслардан гумонсираб видео тарқатган ҳолатлар кўп учрайди, лекин бола ўғирлашга алоқаси йўқ бу ҳолатларнинг.

Турли аудиохабарлар тарқатаётганлар шунчаки огоҳликка чақираётган бўлади ёки шубҳаларига ойдинлик киритмасдан тарқатган бўлади.

— Сўнгги хабарларга эътиборимизни қаратсак. Масалан, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида, Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидаги ҳолатларда нима бўлган аслида?

— Фарғонадаги ҳолатда катта ёшли шахс ёш болани машинасига чиқариб олгани тасвири тарқаган. Кўрган одамда ўғирлаб кетяпти, деган тушунча бўлади. Ушбу ҳолатда машинасига тош отган қўшнисининг боласига дакки бериш мақсадида машина юкхонасига олиб чиқади, шунда боланинг онаси чиқиб ўртада тортишув келиб чиқади. Машина эгасига маъмурий жазо қўлланган.

Қумқўрғондаги ҳолатда эса ўша ҳудудда савдо қилиб юрган молдоваликлар билан маҳаллий аҳоли ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва бу тасвирга олиниб, бола ўғриси ушланди, деб хабар тарқатилган. Икки ҳолат ҳам ўрганилиб, изоҳлар нотўғри экани тасдиқланган.

— Бола ўғрилари йўқ бўлса, нега тез-тез бола ўғрилари билан боғлиқ хабарларга дуч келяпмиз?

1 Фото: Kun.uz

— Юртдошларимиз болажон, фарзандига эҳтиёт бўлади. Мана шундан фойдаланган кўпгина Теlegram-каналлари ўз аудиториясини кенгайтириш мақсадида шундай хабарлар тарқатмоқда. Расмий каналлар бундай хабар чиққанда ички ишлар органига мурожаат қилиб, ойдинлик киритишни сўрайди, лекин бунақа тарқатаётган каналлар бундай қилишмайди. Ёлғон маълумот тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик борлигини эсдан чиқармаслик керак.

Ҳозирги кунгача ижтимоий тармоқларда тарқаган бирорта хабар тасдиқланмаган ва бола ўғрилари ҳақида мурожаат келиб тушмаган. Шундай бўлса ҳам, ота-оналар фарзандини назоратсиз қолдирмаслиги керак. Бедарак йўқолган болалар кейсида кўпинча қаровсиз қолдирилгани сабаб чўкиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлади. Ўтган йили Тошкент вилоятида 2 ёшли бола йўқолган, қидирувлар натижасида бола ҳовлисидан бир неча чақирим узоқликдаги қудуқдан вафот этган ҳолда топилган. Шунинг учун ота-оналар ҳушёр бўлиб, фарзандларини назорат қилиши керак бўлади.

— 2023 йил ва 2024 йил ўтган даврида йўқолган болалар билан боғлиқ нечта ҳолат аниқланган?

— Кунига бедарак йўқолган шахслар тўғрисида ўнлаб мурожаатлар келиб тушади, 90-95 фоизи ўша куниёқ топилгани учун бедарак йўқолган сифатида қайд этилмайди. 2024 йилнинг май ойига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 168 нафар шахс бедарак йўқолган деб топилган ва уларнинг 10 фоизи вояга етмаганлар.

Вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳолатда асосан бола ота-онаси билан келишмовчилик ёки ўзига вақт ажратиш шартларини қўйиш мақсадида уйдан чиқиб кетади. Руҳий носоғлом болаларда ҳам кўпинча баҳор ойларида уйдан чиқиб кетиш ёки адашиб қолиш ҳолатлари учрайди.

— Қидирув ишлари қандай бўлади, ёш тоифасига нисбатан турлича бўладими?

— Ички ишлар органига бедарак йўқолган шахс ҳақида хабар келгач, навбатчилик қисмлари томонидан барча ҳудудий ички ишлар органларига шахс ҳақида маълумотлар тарқатилади. Асосан профилактика инспекторлари, пост-патрул хизмати ходимларига юклатилади, чунки улар бевосита мунтазам аҳоли орасида бўлади. Ҳар куни эрталаб кунлик вазифалар тақсимланаётганда бедарак йўқолган шахслар ҳақида маълумот берилади ва қидирув ишлари олиб борилади. Ҳозирги кунда интернетдаги эълонлар ҳам йўқолган шахсларни топишда ёрдам беряпти. Йўқолган шахсларни топишда ёрдам берган фуқароларимиз белгиланган тартибда рағбатлантириб борилади.

— Туғуруқхоналарда чақалоқлар йўқолиши ҳолатлари ҳам бўладими?

— Туғуруқхоналарда чақалоқлар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради, асосан икки тараф келишуви билан моддий манфаат эвазига.

Тармоқларда асоссиз маълумотларни тарқатиб, ваҳима уйғотаётган кимсаларнинг шахсларини аниқлаш бўйича қандай ишлар олиб бориляпти ва уларга нима  чоралар кўрилмоқда?

— Бу бўйича жабр кўрган шахслар томонидан мурожаат қилинганда тегишли тартибда кўриб чиқилади иш. Маълумотни текширмасдан, нохолис тарқатиш вазиятни чигаллаштиради. Қумқўрғондаги ҳолатда ҳам ёлғон ахборот сабаб фуқаролар ва чет эллик шахслар ўртасида можаро келиб чиққан.

Ёлғон тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига мувофиқ жавобгарлик белгиланган. Бу ҳолат бир йил ичида такрорланса, жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Бахтиёр Тўхтаев суҳбатлашди.

Мавзуга оид