Жаҳон | 08:10 / 05.06.2024
5402
3 дақиқада ўқилади

Словения Фаластин давлатини тан олди

Овоз беришда қатнашган 53 депутатдан 52 нафари Фаластин мустақиллигини тан олишни ёқлаб чиққан, 90 ўринли Словения парламентининг мухолифат блоки йиғилишни бойкот қилган.

Фото: AFP

Словения парламенти Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди. 4 июн, сешанба куни овоз беришда қатнашган 53 депутатдан 52 нафари буни ёқлаб чиқди, 90 ўринли мамлакат парламентининг мухолифат блоки йиғилишни бойкот қилди. Словения шу тариқа май ойи охирида мустақил Фаластин давлатини расман тан олган Норвегия, Испания ва Ирландиядан кейин шундай йўл тутди.

Овоз беришдан бир кун олдин мухолифатдаги Словения демократик партияси (SDS) раиси Янез Янса Фаластинни тан олиш бўйича референдум ўтказишни талаб қилиб, бу қарор Люблянага узоқ муддатда зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади. Бироқ, сешанба куни эрталаб SDS референдум таклифини қайтариб олди. 

Словения ҳукумати раҳбари Роберт Голоб Фаластин давлатчилигининг тан олинишини «Ғарбий соҳил ва Ғазо секторидаги Фаластин халқи учун умид чироғи» деб атади

Аввалроқ Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Словения парламенти депутатлари Фаластин давлатини тан олишдан бош тортишига умид билдирганди. «Словения ҳукуматининг парламентга Фаластин давлатини тан олишни тавсия этиш ҳақидаги қарори ҲАМАС учун мукофотдир. Умид қиламанки, Словения парламенти бу тавсияни рад этади», — деб ёзди Кац 30 май, пайшанба куни Х ижтимоий тармоғида. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид