Ўзбекистон | 09:19 / 06.07.2024
15630
3 дақиқада ўқилади

Қўқонда 6 ёшли болани машина юкхонасига солган шахсга ҳукм ўқилди

Қўшни болакай уйининг девор ва ойнасига тош отгани учун уни қўрқитиб қўйиш мақсадида Nexia машинаси юкхонасига солиб қўйган эркак бировни зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш жиноятини содир қилганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганди.

Фото: Видеодан кадр

Қўқонда 6 ёшли болани ўзига тегишли Nexia машинаси юкхонасига солиб, машинани ҳаракатлантирган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 37 ёшли А.М. 2024 йил 14 май куни соат 19:30 ларда Қўқон шаҳри, Парпашабоф маҳалласи, Обод юрт кўчаси 21-уй олдида 2018 йилда туғилган қўшни болакай унга тош отганлигидан жаҳли чиқиб, уни Nexia машинаси юкхонасига солиб қўйган. У ушбу ҳаракати билан болани ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилган.

Судланувчи ўз кўрсатмасида ўша куни ҳовлисида иш билан банд бўлганида вояга етмаган қўшни бола девор ортидан тош отганини, бир неча бор бундай қилмасликни таъкидлаганини, отилган тошлардан бири пешонасига тегиб ўтгач жаҳли чиққаннини ҳамда шу учун бу ишни қилганини билдирган. У болани қўрқитиб қўймоқчи бўлгани, уни ўғирлаш мақсади бўлмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Ушбу воқеа содир бўлгандан сўнг қўшнимнинг уйидаги видеокамерани кўздан кечирдим. Ҳақиқатан ҳам ўғлим Ж.М. судланувчи А.М.нинг хонадонига тош отган экан. Агар ўғлим тош отмаганида бу воқеа ҳам содир бўлмасди. Ўғлимни судланувчи ўз машинасининг юкхонасига қамаб қўйгани тасвирланган видеолавҳанинг интернетда тарқаб кетишига менинг алоқам йўқ, бир танишим тарқатиб юборган. Ҳозирда судланувчига нисбатан даъвом йўқ, унга нисбатан енгиллик беришингизни сўрайман”, деган боланинг онаси суддаги ўз кўрсатмасида.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2024 йил 12 июндаги ҳукми билан А.М. Жиноят кодексининг 138-моддаси 1-қисмида (бировни зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 2024 йил 17 майдан 12 июнга қадар қамоқда ўтирган ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 3 кунига тенглаштириб, тайинланган жазодан 78 кунни чегириб ташланган ҳамда ўташ учун 1 йил 9 ой 12 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган.

Аввалроқ ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, у процессуал тартибда ушлангани хабар қилинганди

Мавзуга оид