Жаҳон | 23:27 / 19.08.2024
3315
3 дақиқада ўқилади

Чикагода АҚШ Демократик партиясининг миллий қурултойи бошланди

Демократик партия вакиллари ноябр ойидаги сайловларда ўз истиқболларига оптимистик қарамоқда.

Фото: Getty Images

19 август куни Чикагода Демократик партиянинг Миллий қурултойи бошланди, унинг асосий воқеаси Камала Ҳарриснинг АҚШ президентлигига расман номзод сифатида тасдиқланиши бўлади.

Маҳаллий нашрларга кўра, демократлар ғайратга тўла: уларнинг номзоди нафақат республикачи Доналд Трамп билан тафовутни йўққа чиқарди, балки миллий сўровларда ва бир қатор муҳим штатларда ундан олдинга ўтиб олди. Республикачилар Трампни огоҳлантирмоқда ва рақибига қарши шахсий ҳужумларга эмас, демократлар маъмурияти даврида оғирлашган иқтисодий муаммоларни таҳлил қилишга эътибор қаратишга чақирмоқда.

Демократлар қурултойи 4 кун давом этади. Унга 50 мингга яқин меҳмон, жумладан, 4 мингга яқин делегат ташриф буюриши кутилмоқда.

Биринчи куннинг асосий воқеаси мос равишда президент ва вице-президент лавозимларига Камала Ҳаррис ва Тим Уолз номзодлари бўйича овоз бериш жараёнидир. Бунда ҳеч қандай интрига йўқ: икки сиёсатчи 6 август куни сайловчиларнинг виртуал чақируви доирасида номзодликни кафолатлашди.

Демократик қурултойдан олдин Ҳаррис ва унинг ҳамкори томонидан жуда фаол ташвиқот ишлари олиб борилди. Улар яқинда Пенсилванияга ташриф буюришди, у бир қанча бошқа «иккиланувчи штатлар» қатори сайлов натижаларини ҳал қилиши мумкин. У ерларда ҳам демократлар учун ҳаммаси яхши кетмоқда. Охирги сайловда Доналд Трамп бу штатда амалдаги демократ президент Жо Байденни жуда қисқа фарқ билан ортда қолдирди (гарчи якунда ютқазган бўлса ҳам). Аммо ҳозир, устунлик Ҳаррис томонида.

Агар бир неча ҳафта олдин республикачилар Демократик партиянинг «асал ойи» тез орада тугашини кутган бўлсалар, мувозанат ҳар қандай ҳолатда ҳам Доналд Трамп томонига оғишига ишонган бўлсалар, энди улар ўз номзодидан «енг шимариб» ҳаракат қилишни талаб этмоқда. Собиқ президентнинг кўплаб партиядошлари Ҳарриснинг «интеллектуал қобилиятини» танқид қилиш ёки унинг ирқий ўзига хослиги ҳақида баҳслашиш ўрнига, иқтисод ва сиёсат масалаларини муҳокама қилиши керак, деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид