Жамият | 07:35 / 22.08.2024
12756
3 дақиқада ўқилади

“Ғишткўприк” постида кузатилаётган тирбандликлар юзасидан изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасидаги “Ғишткўприк” чегара божхона постида кузатилаётган тирбандликлар муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тошкент вилояти божхона бошқармаси бунга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур пост Ўзбекистон, қолаверса, Марказий Осиёдаги аҳоли ва енгил автотранспорт воситалари энг кўп ҳаракатланадиган чегара божхона постларидан бири ҳисобланади ва бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда.

Постнинг ўтказувчанлигини ошириш, бу ердан ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва автотранспорт воситалари учун замонавий ва қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш, божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни қисқартириш мақсадида ҳозирда “Ғишткўприк” божхона постини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон—Қозоғистон билан чегарадаги “Навоий” (Ўзбекистон)—Қоплонбек (Қозоғистон) чегара-божхона постлари ҳар икки давлат томонидан модернизация ва реконструкция қилинаётгани сабабли ҳозирда ёпиқ. Шунингдек, Қозоғистонга чиқиш йўналишидаги “С.Нажимов” (Ўзбекистон)—“Казигурт” (Қозоғистон), “Сирдарё” (Ўзбекистон)— “Атамакен” (Қозоғистон) чегара божхона постларининг Қозоғистон томонида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан ушбу постлар орқали пиёдалар, автобус, енгил ва юк кўтариш қобилияти 3,5 тоннагача бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати реконструкция даврида вақтинчалик тўхтатилган. Бу “Ғишткўприк” чегара-божхона постида фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатида вақтинчалик юклама юзага келишига сабаб бўлмоқда.

“Чегара-божхона постларида жисмоний шахсларнинг божхона назорати узлуксиз амалга оширилади. Фуқароларнинг асосий қисми “яшил” йўлак орқали ҳаракатланиши сабабли божхонада йўловчиларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўладиган касбий омил мавжуд эмас. Чегара божхона постларида фақатгина божхона эмас, бир нечта назорат идоралари фаолият юритишини инобатга олсак, ушбу идораларга тегишли ахборот тизимларида вақти-вақти билан кузатилаётган узилишлар ҳам қисқа муддатли тирбандликларга сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, меҳнат миграцияси, ёзги таътил ва байрам арафасидаги зиёрат туризми сабабли август ойи чегара-божхона постларида фуқаролар гавжумлиги ошадиган вақт ҳисобланиши қайд этиб ўтилди.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, енгил автотранспорт воситалари орқали ҳаракатланаётган фуқароларни Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Яллама” чегара божхона пости орқали ҳаракатланишларини тавсия қиламиз. “Ғишткўприк” чегара-божхона пости кеча-ю кундуз фаолият юритишини инобатга олиб, постдан ўтишда сутканинг фуқаролар ва транспорт воситалари гавжум бўлмаган вақтини танлаш мақсадга мувофиқ”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид