Жаҳон | 19:31 / 07.09.2024
16396
3 дақиқада ўқилади

Дубайда дунёдаги иккинчи энг баланд осмонўпар бино қурилмоқда

Дунёдаги энг баланд осмонўпар бино ҳам Дубайда жойлашган, эндиликда шаҳар иккинчи энг баланд бинони қуришга тайёрланмоқда. Бурж Азизи қурилиши шу йилнинг январида бошланган, аммо ўша пайтда унинг аниқ баландлиги ошкор этилмаган, чунки лойиҳа муаллифи Azizi Developments Дубай расмийларининг розилигини кутган.

Фото: AP

Компания дастлаб бинонинг икки версиядаги дизайнини режалаштирган — 526 метр ва 725 метр баландликда. Улардан бири “супер-баланд” бинолар қурилишини тартибга солувчи Бирлашган Араб Амирликлари Фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан тасдиқланиши кутилаётган эди. 4 август куни Azizi Developments 725 метр баландликдаги вариантни қуришга рухсат берилганини эълон қилди.

“Бошида бизда иккита лойиҳа мавжуд эди, якуний қарор кутилаётган пайтда иккала вариантни ҳам очиқ сақлаб турдик”, — деди Azizi Developments асосчиси ва раиси Мирвоис Азизий CNN’га берган баёнотида.

Тегишли рухсатнома олингач, бинонинг пойдевор ва қозиқларни мустаҳкамлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Осмонўпар бино 131 қаватдан иборат бўлиб, унда хонадонлар, етти юлдузли ҳашаматли меҳмонхона, шунингдек, етти қаватли савдо маркази жойлашади.

Бундан ташқари, Бурж Азизи кўплаб жаҳон рекордларини ўрнатиши кутилмоқда: дунёдаги энг баланд меҳмонхона вестибюли (11-қаватда), энг баланд тунги клуб (126-қаватда), энг баланд томоша майдончаси (130-қаватда), шунингдек, Дубайдаги энг баланд ресторан (яъни унинг 122-қаватдаги ресторани Бурж Халифанинг 122-қаватидаги At.mosphere ресторанидан баландроқ бўлади). Бундан ташқари, 118-қаватда шаҳардаги энг баланд меҳмонхона номери жойлашади.

Бурж Азизи Дубайнинг Жаҳон савдо маркази бизнес ҳудудидаги Шайх Зайд шоссесида қурилмоқда. У 2,717 фут баландликдаги Бурж Халифадан 340 фут паст бўлса-да, Бурж Азизи энг яқин рақобатчиларидан сезиларли даражада устун туради ва дунёдаги иккинчи энг баланд бинога айланади.

Лойиҳага киритилган инвестициялар 6 миллиард дирҳамдан (1,6 миллиард доллар) ошган.

“Мақсадим — Дубайни ҳам аҳоли, ҳам сайёҳлик марказига айлантириш, шунингдек, буюк муҳандислик меросига айланадиган лойиҳани яратиш”, — дея қўшимча қилди Азизи.

Бурж Азизи қурилиши 2028 йилда якунланиши, квартиралар сотуви эса 2025 йилнинг февралида бошланиши режалаштирилган.

Баланд бинолар ва шаҳар муҳити кенгаши маълумотларига кўра, Дубайда баландлиги 300 метрдан ортиқ бўлган осмонўпар бинолар дунёнинг бошқа шаҳарларига қараганда кўпроқ.

Мавзуга оид