Ўзбекистон | 22:25 / 10.09.2024
7356
2 дақиқада ўқилади

Олти турдаги музқаймоқда ичак таёқчаси гуруҳидаги бактериялар аниқланди

Рақобат қўмитаси маҳсулотларни истеъмолдан қайтариб олиш бўйича тегишли чоралар кўрилаётганини таъкидлади.

Фото: Shutterstock

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 6 турдаги музқаймоқ таркибида ичак таёқчаси гуруҳидаги бактериялар борлигини аниқлаганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, «X Xasanboy va Xolod» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган «Хоттабыч» номли музқаймоқнинг 7 та тури харид қилинган ва лабораторияда текширилган. Шунда, «Эскимо», «Бананли», «Фисташкали», «Шоколадли», «Олхўри мевали» ва «Пломбир» таркибида ичак таёқчаси гуруҳидаги бактериялар борлиги аниқланган.

Шу билан бирга, қадоғида шакарсиз деб кўрсатилган «Хоттабыч» номли музқаймоқнинг «Эскимо», «Бананли», «Фисташкали»,«Шоколадли» каби турларида шакар миқдори белгиланган меъёрлардан икки баробарга кўплиги, «Олма мевали» пломбир маҳсулотида эса аксинча, сахароза миқдори меъёрдан камлиги аниқланган.

Шунингдек, ўрганиш давомида ушбу музқаймоқларнинг қадоғида «Музқаймоқни истеъмол қилиш вазнингизни камайтиришда, иммунитетни ошириш ва стрессдан чиқишда ёрдам беради, шунингдек, яхши кайфият тақдим этади» деган маънодаги ёзувларини тасдиқловчи ҳеч қандай хулосалар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Таъкидланишича, маҳсулотларни истеъмолдан қайтариб олиш бўйича тегишли чораларни кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига юборилган.

Мавзуга оид