Жаҳон | 16:56 / 10.09.2024
11167
4 дақиқада ўқилади

“Толибон” давлатчиликни қанчалик уддалаяпти?

ДХХ раиси ўтган ҳафта Тошкентдаги конференцияда сўзлаган нутқида ШҲТга аъзо давлатларни “Хуросон вилояти”га қарши курашда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга чақирган эди. Kun.uz қўшни мамлакатдаги сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга доир саволлар билан афғоншунос Ҳамза Болтаев ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимовни студияга таклиф этди.

Ҳали ҳеч бир давлат Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятини расман тан олгани йўқ. Лекин сиёсий мулоқот доим бўлган ва давом этмоқда. Ўтган ойда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Кобулга бориб, толиблар бошқаруви остидаги Афғонистонга борган илк ҳукумат раҳбарига айланган эди. Музокара мавзулари – иқтисодий алоқаларни кучайтириш, Қўштепа канали ва хавфсизлик масалаларидан иборат.

Хўш, “Толибон” 3 йиллик бошқарувида нималарни уддалади? Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, факт шуки, охирги 50 йилда илк бор қўшни Афғонистон фуқаролар урушисиз ҳаёт кечирмоқда. Бундан ташқари, “Толибон”нинг иккинчи версияси 1996-2001 йиллардагидан кўра ўзини кутилганидан вазминроқ тутмоқда.

Раббимовга кўра, толиблар халқаро ҳамжамият томонидан улар олдига қўйилган асосий талаблардан бири – хавфсизлик ва барқарорликни, мамлакатнинг яна терроризм ўчоғига айланиб қолмаслигини таъминлаш борасида яхши натижалар кўрсатмоқда. Аммо инклюзив ҳукумат тузиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби бошқа фундаментал масалаларда ҳозирча жиддий ижобий ўзгариш кўзга ташланмаяпти.

Афғоншунос Ҳамза Болтаевга кўра, дунё давлатларини “Толибон” ҳокимиятига муносабати борасида иккига бўлиш мумкин. Айрим давлатлар, хусусан ғарб мамлакатлари толибларни тан олиш масаласини кўриб чиқаётгани йўқ ва инсон ҳуқуқлари масалаларини урғуламоқда. Афғонистонга қўшни мамлакатлар учун эса тинчлик ва барқарор муҳимроқ ва улар “Толибон” билан мулоқот қилиш, унинг Афғонистондаги де-факто энг йирик сиёсий куч эканини тан олган ҳолда прагматик сиёсат юритишни танламоқда.

“Ўзбекистон учун Афғонистондан эҳтимолий муаммолар бор. Биринчиси, сув манбаси билан боғлиқ Қўштепа каналининг қурилиши. Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқларининг таъминланишини сўраш, жуда чиройли эшитилади, аммо биз учун сув ундан-да муҳимроқ”, – дейди Болтаев.

Раббимовнинг қўшимча қилишича, халқаро ҳамжамиятнинг талаблар қўйиб, босим ўтказиши келажакда ўз самарасини беради, чунки ҳозир “Толибон”нинг сиёсий қарашлари, оҳанглари шаклланиб боряпти.

“Инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари борасида маълум бир қадамлар ташланмайдиган бўлса, бу жамиятнинг тараққиётига ҳам тўғаноқ бўлади, халқаро обрўси ҳам, инвестициялар ҳам, бошқа нарсалар ҳам бўлмайди. Яъни, ҳокимиятга келдингми, марҳамат, ҳокимиятда чиройлигина ўтир, репрессия қилмасдан, ҳаммага имконият берган ҳолда...

Биласизми, “Толибон” ўзини исломий ҳаракат дейди, лекин бошқа консерватив мусулмон давлатлари ҳам бор-ку, уларда аёлларнинг, қизларнинг ўқишига ҳеч қанақа эътироз йўқ”, – дейди сиёсий таҳлилчи.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид