Таиландда амалдор 10 йил ишга бормасдан маош олиб келгани аниқланди
Амалдор тунги клубларда қўшиқ куйлашга муккасидан кетгани сабабли 10 йилга яқин вақт давомида деярли ишга бормаган. Аммо уни на ишдан бўшатишган, на жаримага тортишган.
Таиландда ҳукумат амалдори ўн йил давомида бирор кун ҳам тўлиқ ишламасдан маош ва мукофотлар олганликда айбланди.
Маълум қилинишича, амалдор Таиланднинг марказий қисмидаги Ангтҳонг провинциясида табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш департаментида ишлаган.
The Thaiger газетасига кўра, у тунги клубларда қўшиқ куйлашга муккасидан кетгани сабабли 10 йилга яқин вақт давомида давлат ишидаги ўрнида кўринмаган. Таъкидланишича, амалдор кечаси ишлаб чарчаган, кундузги вақтини эса уйда ухлаб ўтказган. Бироқ у на ишдан бўшатилган, на жаримага тортилган, аксинча маош ҳамда мукофотларни олишда давом этган.
Вақти-вақти билан уни офисга чақириб, ҳайфсан беришган ёки раҳбариятнинг сўровига кўра, керакли ҳужжатларни имзолатишган. Айтишларича, текширувлардан қочиш мақсадида шундай усул қўлланган.
Амалдорнинг ноқонуний хатти-ҳаракати ҳукумат қонунбузарликларини фош этишга бағишланган Watchdog номли Facebook форумида ошкор қилинди.
Маҳаллий ҳукумат ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Маълумот учун, коррупцияга қарши етакчи ноҳукумат ташкилоти Transparency International томонидан эълон қилинган 2023 йилги Коррупцияни ўзлаштириш индексида Таиланд 100 баллдан 35 балл тўплаб, 180 мамлакат орасида 108-ўринни эгаллаган.
Ҳисоботда таъкидланишича, Таиландда респондентларнинг 88 фоизи ҳукуматдаги коррупцияни жиддий муаммо деб билади, давлат хизматлари билан ҳамкорлик қилганларнинг 24 фоизи эса ўтган йил давомида пора берган.
Мавзуга оид
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
16:14 / 16.12.2024