Жаҳон | 18:41 / 27.09.2024
15650
9 дақиқада ўқилади

Бурж Халифа: дунёни ҳайратга солаётган осмонўпар бино

Дунёнинг энг баланд биноси Бурж Халифа кўплаб рекордларни ўрнатган. Масалан, у дунёдаги томоша қилиш учун одамлар энг кўп борадиган манзил ҳисобланади. Ҳар йили уни кўриш учун қарийб 20 млн одам боради.

Фото: Getty Images

Бугун инсоният имкониятларининг чегараси йўқдай туюлмоқда. Аслида, бундай бўлмаса ҳам, сўнгги йилларда яратилган турли нарсалар, қурилаётган бинолар ва амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида хабар топган инсон шундай деб ўйлайди.

Айниқса Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида баландлиги 800 метрдан ошиқ бинонинг қурилиши XXI асрда содир бўлган энг шов-шувли ҳодиса бўлди.

Агар инсоният тарихига назар ташланса, замонавий осмонўпар бинолар тарихи 1885 йилда АҚШнинг Чикаго шаҳрида қурилган 10 қаватдан иборат 42 метрли бинодан бошланади.

Илк 100 (102) қаватли бино Empire State Building 1930 йилда Чикагода тикланади. У 1970 йилда Бутунжаҳон савдо маркази биноси қурилгунча 39 йил дунёдаги энг баланд бино мақомида бўлган. АҚШда 20-асрнинг сўнгги чорагида яна кўплаб баланд бинолар тикланди.

XXI асрга ўтиб дунёнинг бошқа давлатларида ҳам баланд бинолар қуриш авж олди. Ана шундай давлатлардан бири Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобланади. Бу давлатда жойлашган Дубай шаҳрида дунёдаги энг баланд бино — Бурж Халифа қурилган.

Фото: independent.co.uk

Бурж Халифанинг қурилиш тарихи

Бурж Халифа лойиҳаси Американинг Skidmore ва Owings and Merrill меъморчилик бюролари томонидан тайёрланган бўлиб, у «шаҳар ичидаги шаҳар» тарзида бўлиши керак эди.

Бурж Халифа лойиҳасини америкалик архитектор Эдриан Смит тайёрлаган. У аввалроқ Хитойда тикланган 420 метрлик Мао Жин осмонўпар биносининг лойиҳасини тайёрлаганди.

Лойиҳа тайёр бўлгач унга асосий пудратчи сифатида Жанубий Кореянинг Samsung компанияси танланади. Бу компания Малайзия пойтахти Куала-Лампур шаҳрида тикланган Petronas Towers эгизак бинолари урилишида бош пудратчи бўлганди.

Дастлабки лойиҳада бинонинг баландлиги 705 метр бўлиши режалаштирилганди. Шунда ҳам у қурилса дунёдаги энг баланд бино бўларди.

2006 йил сентябрда унинг баландлиги 916 метр бўлиши, кўп ўтмай 940 метр қилиб қурилиши айтилади. Бунгача бино қурилиши бошланиб бўлганди. Охир-оқибат, унинг баландлиги 828 метр бўлади.

Бурж Халифа қурилиши 2004 йилда бошланади. Энг аввал бино қурилиши режалаштирилган жойга узунлиги 45, диаметри 1,5 метр бўлган 200 дона бетон қозиқ қоқилади.

Бурж Халифа биноси остидаги "ёстиқ"
Фото: suchablog.com

Сўнг унинг устида қалинлиги бир неча метр бўлган улкан бетон «ёстиқ» қўйилади. Бу бетон ёстиқнинг ўлчами 17 та футбол майдонига тенг эди. Сўнг «ёстиқ»қа бино асоси бўлган устунлар бириктирилади.

Ўшанда ишларни тезлатиш учун қурилиш майдонида бир вақтнинг ўзида 12 минг ишчи меҳнат қилган. Улар бир ҳафтада 1-2 қаватни битира бошлаган.

Бинони қуриш учун +50 даражада ҳам ўзгармайдиган махсус бетон ишлаб чиқарилган. Бино асосига, устунлар ва тўсинларга бетон фақат тунда қуйилган. Унда ҳам бетонга муз аралаштириб турилган.

Қурилиш жараёни
Фото: kkge.ru

Қурилиш хронологияси:

  • 2004 йилда бино қурилиши бошланади;
  • 2007 йил феврал ойида бино баландлиги қарийб 450 метрга етади ва у дунёдаги баланд биноларнинг бири бўлган Чикагодаги 443 метрли Уиллис-тауэрни қувиб ўтади;
  • 2007 йил 21 июл куни Бурж Халифа Тайбэйдаги 509 метрли бинони ҳам ортда қолдиради;
  • 2007 йил 15 сентябрга бориб, бино баландлиги 555 метрга етади ва 31 йил давомида дунёдаги энг баланд бино бўлиб келган Торонтодаги Си-Эн-Тауэрнинг рекордини янгилайди;
  • 2007 йил 24 октябрда Бурж Халифанинг 156-қавати қурилади ва унинг баландлиги 585 метрга етади. 160-қаватдан тепасини (яна 232 метр) металл конструкцияларидан тиклай бошлашади;
  • 2008 йил 30 декабр кунида Бурж Халифанинг баландлиги 780 метрдан ошади;
  • 2009 йил 17 январ куни бино баландлиги лойиҳада белгиланган 818 метрга етгани эълон қилинади. Кейин унга 10 метрли темир конструкция ўрнатилади ва умумий узунлик 828 метрга етади.
  • Бинонинг расмий очилиш маросими 2010 йил 4 январ куни бўлиб ўтади.
Қурилиш жараёни

Бурж Халифада нималар бор?

Дунёдаги энг баланд бино номини олган Бурж Халифанинг ер ости қисми автотураргоҳдан иборат.

Вестибюл ва нолинчи қаватдан бошлаб 16-қаватгача, яна 19-39-қаватларни Armani меҳмонхонаси банд этган. Меҳмонхона дизайнини Жоржио Арманининг ўзи чизган.

17-18, 40-42, 73-75, 109-110, 136-138, 155, 160-163-қаватлар техник қаватлар ҳисобланади. Уларда турли ускуналар жойлаштирилган.

43 ва 76-қаватларда спортзал, ҳовузлар ва терассалар қилинган. 44-72 ва 77-108-қаватлар одамларга хонадон сифатида сотилган.

100-қаватни тўлиқ ҳиндистонлик миллиардер Б.Р.Шетти сотиб олган.

111-121, 125-135 ва 139-154 қаватлар офислардан иборат. 122 қаватда «At.mosphere» ресторани жойлашган.

123-қават томошалар майдончаси ҳисобланади. Бу ерга чиқмоқчи бўлганлар 110 доллар тўлов қилишлари лозим бўлади.

124-қават обсерватория жойлашган. Бу жойга ҳам пул тўлаб чиқилади ва тунда осмон жисмлари кузатилади.

156-159-қаватларда алоқа ва радиоузатиш ускуналари жойлаштирилган.

Бурж Халифадаги томоша майдончаси
Фото: yahoo.com

Бинодаги қулайликлар

Бурж Халифанинг барча қаватлари йил давомида совитилиб, бино ичига хушбўй ҳидлар пуркаб турилади.

Бинода 57 та тезюрар лифт ва 8 та эскалатор ўрнатилган. Улар дунёдаги энг тез ҳаракатланувчи лифтлар ҳисобланади. Лифтлар секундига 18 метргача ҳаракаталанади. Бироқ уларга сониясига 10 метргача ҳаракатланиши ёзиб қўйилган.

Фақат бино хизматчилари фойдаланадиган лифт ер остидаги қаватлардан бинонинг энг тепа қисмигача чиқиб боради. Меҳмонлар энг юқори қаватларга чиқиш учун турли қаватларда бир неча марта лифт алмаштириши керак бўлади.

Фото: Tripex

Бурж Халифа томонидан ўрнатилган рекордлар

Бурж халифа дунёнинг энг баланд биноси бўлишдан ташқари жуда кўп рекорд ўрнатган.

Жумладан:

  • Инсоният тарихида қурилган энг баланд қурилма (Бурж Халифа қурилгунча бу рекорд Варшавада тикланган 646 метрли радиоминорасига тегишли бўлган);
  • Ҳозирда фаолият кўрсатаётган бино ва қурилмалар орасида энг баланд бино (унгача бу рекорд АҚШдаги 628 метрли KVLY телерадио минорасига тегишли бўлган);
  • Ўз ўрнида эркин тура оладиган қурилмалар ичида энг баланди (унгача бу рекорд Торонтода қад кўтарган 553 метрли Си-Эн-Тауэрга тегишли бўлган);
  • Дунёдаги энг баланд бино (унгача бу рекорд Тайбэйдаги 508 метрли осмонўпар бинога тегишли бўлган);
  • Дунёдаги энг кўп қаватларга эга бино (унгача бу рекорд Чикагодаги 110 қаватли Уиллис-тауэрга тегишли бўлган);
  • Энг баланд лифтга эга бўлган бино;
  • Энг тез ҳаракатланувчи лифтга эга бино (сониясига 18 метр);
  • Бетон қоришмаси ишлатилган энг баланд қаватларга эга бино (601 метрда бетон қоришмаси ишлатилган. Унгача бу рекорд 449 метрда бетон қоришмасини ишлатган Тайбэйдаги осмонўпар бинога тегишли бўлган);
  • Энг баланд жойда жойлашган томоша майдончаси – 555 метр баландликда, 148-қаватда;
  • Энг баландда жойлашган ресторан (Атмосфера ресторани – 122-қаватда, 442 метр баландликда жойлашган. Унгача бу рекорд Си-Эн Тауэр биносидаги 350 метр баландликда жойлашган «360» ресторанига тегишли бўлган).
Фото: puntomarinero.com

Қурилиши режалаштирилган энг баланд бинолар

Бурж Халифа қурилганча ва ундан кейин дунёнинг турли ҳудудларида бу бинодан ҳам баландроқ иморат қуриш бўйича лойиҳалар қилинади.

Жумладан:

2013 йилда Дубайда 928 метрли The Tower at Dubai Creek Harbour;

2013 йилда Саудия Арабистони Қизил денгиз бўйида 1 000 метрли Jeddah Tower;

Дубайда Ал-Наҳил компанияси 1 400 метрлик «Бурж Наҳил», Баҳрайнда 1 022 метрли Murjan Tower;

АҚШнинг Майами шаҳрида 975 метрли Miapolis осмонўпар биносини қуриш режалаштирилганди. Бироқ буларнинг биронтаси тикланмади.

Маълумот учун, сентябр ойи бошларида Дубайда Azizi Developments компанияси томонидан 725 метрли бино қурилаётгани ҳақида хабарлар чиқди.

«Бурж Азизи» деб номланган 131 қаватли бино битса у Бурж Халифадан сўнг дунёдаги иккинчи баланд бино бўлади. Бурж Азизи қурилиши 2028 йилда якунланиши айтилмоқда.

Бурж Азизи битса шу кўринишда бўлади

Бурж Халифа ҳақида қизиқарли маълумотлар

Бурж Халифаданинг сиртини ёпиш учун 26 минг дона махсус ойна ишлатилган. Уларни тозалаб туриш учун бино сиртида 12 та махсус ускуна ўрнатилган.

Бурж Халифада ҳар куни қарийб 1 млн тонна сув ишлатилади. Бинода ҳар куни 100 киловаттли чироқнинг 360 мингтасига етадиган электр энергия сарфланади.

Бинода 3 мингта машина сиғадиган автотураргоҳ, 304 та меҳмонхона хонаси, 900 та квартира бор.

Бурж Халифа аввалига Бурж Дубай деб аталган. Кейинчалик БАА президенти Халифа ибн Зайд ал Нахаён шарафига Бурж Халифа деб ўзгартирилган.

Бурж Халифанинг тепадан кўриниши БАА чўлларида ўсадиган Hymenocallis номли нилуфаргулга ўхшайди.

Бурж Халифа тепа томондан БАА чўлларида ўсадиган Hymenocallis номли нилуфаргулга ўхшайди

Бурж Халифа қуриб битказилгунча унга 320 минг метр куб бетон ва 60 минг тонна махсус арматура ишлатилган. Бетон бинонинг 160 қаватигача ишлатилган. Ундан тепа қисми фақат металл конструкциядан тикланган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид