Жаҳон | 12:50 / 27.09.2024
11666
2 дақиқада ўқилади

Хитойда энг янги атом сувости кемаси чўкиб кетди

Сувости кемаси денгизга чиқишга тайёрланаётган Вухан шаҳри яқинидаги кемасозлик ҳудудида чўкиб кетди. Унда ядро ёнилғиси борми ёки одамлар ҳалок бўлганми, ҳозирча номаълум, деб ёзади The Wall Street Journal ва Reuters.

Фото: Maxar Technologies / CNN

Хитойда энг янги атом сувости кемаси май ойининг охири — июн ойи бошида чўкиб кетди. Бу Вухан шаҳри яқинидаги кемасозлик заводида содир бўлди, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal (WSJ) ва Reuters 26 сентябр, пайшанба куни манбаларга таяниб. Хитой расмийлари буни яширишга ҳаракат қилган.

WSJ ва Reuters маълумотларига кўра, Zhou синфидаги сувости кемаси чўкиб кетди — бу ўз туридаги биринчи сувости кемаси. У Wuachang кемасозлик заводида China State Shipbuilding Corp. компанияси томонидан қурилган. Сувости кемаси охирги марта май ойининг охирида Янцзи дарёсида пайқалган, у ерда денгизга чиқишдан олдин жиҳозланаётган эди. Июн ойи бошида сувости кемасини дарё тубидан кўтариш учун кранлар чўкиш жойига етиб келган, бундан Planet Labs сунъий йўлдош суратлари дарак беради.

Махфийлик пардаси остида

Чўкиш вақтида сувости кемасида ядро ёнилғиси бўлган ёки бўлмагани номаълум, аммо бу эҳтимолдан йироқ эмас, дейди WSJ манбалари. Фавқулодда вазиятдан кейин сув намуналари олингани ҳақида ҳеч қандай белгилар йўқ. Шунингдек, ҳодиса натижасида қурбонлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот тақдим этилмаган.

«Хитой Халқ-озодлик армияси ҳарбий-денгиз кучлари ўзининг янги синфдаги ядровий ҳужумкор сувости кемаси чўкиб кетганини яширишга уринаётгани ажабланарли эмас. Машғулотлар стандартлари ва жиҳозлар сифатига оид аниқ саволлардан ташқари, бу воқеа Хитой Халқ-озодлик армиясининг ички жавобгарлиги ва узоқ вақтдан бери коррупциядан азият чеккан Хитой мудофаа саноати устидан назорат ҳақида чуқурроқ саволлар туғдиради», деди АҚШ Мудофаа вазирлигидаги манба WSJ'га берган интервюсида.

Мавзуга оид