БМТ: Россия украиналик асирларни шафқатсиз қийноқларга дучор қилмоқда
Асирликда бўлган Украина ҳарбий хизматчилари билан шафқатсиз муносабат, БМТ Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссиясининг мавзули ҳисоботида қайд этилганидек, тизимли хусусиятга эга. Рус аскарлари ҳам калтакланганидан шикоят қиляпти.
Украиналик ҳарбий асирлар Россияда асирлигининг барча босқичларида мунтазам қийноқлар ва шафқатсизликларга дучор бўлишади. Бундай хулоса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссиясининг 1 октябр, сешанба куни Женевада эълон қилинган ҳисоботида келтирилган. Миссия 2023 йил март ойида шунга ўхшаш аввалги ҳисоботни эълон қилди. Ўшандан бери унинг мутахассислари яна 169 нафар украиналик ҳарбий хизматчи, озод этилган беш нафар украиналик тиббиёт ходими, шунингдек, Украинадаги 205 нафар россиялик ҳарбий асир билан суҳбатлашди.
Қийноқларнинг «белгиланган усуллари»
Ҳужжатда айтилишича, асирликдан озод қилинган 169 нафар украиналик БМТ экспертларига қийноқлар ёки шафқатсиз муносабатга дучор бўлганликлари ҳақида «батафсил ва изчил гувоҳлик» берган. Ҳисоботда бундай қийноқларнинг «белгиланган усуллари» орасида калтаклаш, электр токи уриши, бўғиш, таранг ҳолатда узоқ вақт қолиш, уйқусизлик, сохта отув, оилага нисбатан қаттиқ зўравонлик қўллаш таҳдиди ва хўрлаш киради. Суҳбатдошлар асирликда бўлганларида жинсий зўравонликнинг турли шаклларини бошдан кечирганликларини тан олишди.
«Ҳар сафар ҳовлида, душда ёки текширув вақтида камерадан чиққанимда, оёқларимни бир-биридан ажратиб туришга тўғри келди. Улар электрошокер билан урган. Улар мен фарзанд кўра олмаслигим учун шундай қилишаётганини айтишди», — дея ҳисоботда асирлардан бири билан суҳбатдан парчалар келтирилган.
Асирликдан қайтган суҳбатдошларнинг гувоҳлик беришича, маълум бир мутахассисликдаги ҳарбий хизматчилар, масалан, артиллериячилар ёки айрим бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари шафқатсиз муносабатга дуч келишган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари Россия Федерациясида ва у эгаллаб олган ҳудудларда камида 38 қамоқхона борлигидан хабар топди, у ерда ҳарбий асирлар қабул пайтида оммавий равишда калтакланади — эҳтимол «янги келганларнинг руҳини синдириш» учун.
БМТ оккупацияда украиналиклар қийноққа солингани бўйича янги далилларни топди
Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида қамоққа олинган тинч фуқаролар ва ҳарбий асирлар Россия томонидан тайинланган маҳаллий «ҳокимият вакиллари»нинг розилиги билан мунтазам равишда қийноққа солинган. Бу ҳақда 23 сентябр куни эълон қилинган БМТнинг Украинадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича тергов комиссияси ҳисоботида айтилади.
Янги далиллар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертларининг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида, айниқса қамоқхоналарда қийноқлар кенг тарқалганлиги ҳақидаги олдинги хулосаларини тасдиқлайди, шунингдек, маҳбусларни қийнашда Россия Федерациясининг «аниқ хизматлар ходимлари» иштирок этганлигини кўрсатади, дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига тақдим этилган ҳисобот муаллифлари.
«Қийноқларнинг кенг жуғрофий кўлами ва кенг тарқалган шакллари қийноқлар умумий ва қабул қилинган амалиёт сифатида жазосизлик ҳисси билан амалга оширилганлигини кўрсатади», — деди БМТ комиссияси.
Мавзуга оид
13:09
Мигрантлар аллақачон Россиядан бошқа томонга қарамоқда – россиялик губернатор
12:48
Бокудаги депутат: Россия самолёт ҳалокати учун узр сўраши керак
10:31
Россиянинг Суми областини ўққа тутиши: 300 дан ортиқ портлаш, бир киши ҳалок бўлди
19:17 / 26.12.2024