Жамият | 15:11 / 03.10.2024
22018
1 дақиқада ўқилади

Янгийўлда уйида кобра боқиб келган шахс илонларни очиққа қўйиб юборди

Туманнинг Туябўғиз маҳалласида яшовчи 44 ёшли фуқаро ўз хонадонида тегишли рухсатномасиз 30 дан ортиқ кобра илонларини сақлаб келган. 2 октябр куни номаълум сабабларга кўра илонлар очиққа қўйиб юборилган. Маҳаллий аҳоли 2 та илонни тутиб ўлдирган. Ҳозирда ҳудудда махсус ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда.

Фото: Тошкент вилояти Экология бошқармаси

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўз уйида кобра сақлаб келган шахс илонларни очиққа қўйиб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Экология бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, туманнинг Туябўғиз маҳалласи ҳудудида яшовчи, 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонида 30 дан ортиқ кобра илонларини тегишли рухсатномасиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, фуқаро Н.Ю.хонадонида сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, 2 та кобра тутиб ўлдирилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ, ФВБ, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, ободонлаштириш, экология бўлимлари ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилмоқда.

Қўшимча қилинишича, ҳолат бўйича ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.  

Мавзуга оид