Жаҳон | 21:27 / 09.10.2024
8237
2 дақиқада ўқилади

Литва Россия билан чегарага «аждар тишлари»ни ўрнатди

Литва ҳукумати Неман дарёси устидан ўтган кўприкка «аждар тишлари»ни ўрнатди ва ушбу ҳудуддаги кўприкларни ёпиб, миналаштиришни режалаштирмоқда.

Фото: Laurynas Kasčiūnas / Facebook

Литва ҳукумати Россия билан чегарада жойлашган Неман дарёси устидан ўтган кўприкка «аждар тишлари»ни ўрнатди ва ушбу ҳудуддаги кўприкларни ёпиб, миналаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Лауринас Касчюнас маълум қилди.

«Неман орқали Калининград вилоятига олиб борувчи яна бир кўприкни тўсиб қўйдик. «Аждар тишлари» темир тўсинлар билан тўлдирилиб, мустаҳкамланади. Литва армияси ҳозирда уларнинг бостириб келаётган оғир техникаларни тутиб қолиш имкониятини синовдан ўтказмоқда. Фортификация режа бўйича давом этяпти», — деб ёзади вазир ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, кўприкларнинг бир қисми танкларга қарши «типратиканлар» ва «аждар тишлари» билан ҳимояланади, қолган кўприкларга эса миналар ўрнатилади.

Сентябр бошларида Литва Россия билан чегарадаги кўприк мудофаасини мустаҳкамлаётгани тўғрисида хабар берилганди. Августда эса Литва—Россия анклави ва Беларус билан чегаралардаги янги ҳудудларга мудофаа тўсиқлари ўрнатилган эди.

Аввалроқ Литва октябр бошигача миллий эвакуация режасини ишлаб чиқишни якунлаши айтилганди. Мамлакат ИИВ раҳбари Агне Билотайтенинг айтишича, ҳозирда ҳар бир ўзини ўзи бошқариш органлари эвакуация дастурига эга, бироқ мамлакат учун миллий миқёсдаги лойиҳа зарур.

Мавзуга оид