Жаҳон | 21:07 / 21.10.2024
2947
2 дақиқада ўқилади

Молдова фуқаролари Европа Иттифоқига қўшилишни ёқлаб овоз берди

Референдумда евроинтеграция тарафдорлари кичик устунлик билан ғалаба қозонди.

Фото: AFP/Getty Images

Молдова фуқаролари мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишини ёқлаб овоз берди. Президент сайловида овоз бериш билан бир вақтда ўтказилган референдум натижалари шундан далолат беради, деб хабар берди Moldova Libera.

Бироқ, Молдовада Европа интеграцияси тарафдорларининг устунлиги минимал бўлиб чиқди: баённомаларнинг 99,5 фоизини қайта ишлашга кўра, сайловчиларнинг 50,42 фоизи Европа Иттифоқига қўшилишни қўллаб-қувватлаган, 49,58 фоизи эса қарши овоз берган.

Мамлакат президенти Майя Санду аллақачон референдум натижаларига изоҳ берди ва Россияни унга ноқонуний аралашганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, «адолатсиз кураш»га қарамай, Молдовада европапараст кампания ғалаба қозонди:

«Бизда бу жиноий гуруҳлар 300 минг овоз сотиб олиш учун чиққани ҳақида аниқ далиллар бор», деди у.

Сандунинг ўзи президентлик сайлови биринчи турида россияпараст номзод Александр Стояногло устидан анча ишончли ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг 99,41 фоизини санаб чиқишга кўра, амалдаги президент 42,31 фоиз, унинг рақиби эса 26,07 фоиз овоз олган. Шу тариқа, Молдовада давлат раҳбарини сайлаш учун овоз беришнинг иккинчи босқичи ўтказилади.

Мавзуга оид