Спорт | 18:41 / 22.10.2024
5857
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари чемпиони Шоҳмурод Холмуродов допинг туфайли жазоланди

Унинг допинг синамасида «Кломифен» тақиқланган моддаси аниқланган. Холмуродов 2023 йилги Осиё ўйинларида каноэ мусобақасида олтин медални қўлга киритган эди.

Фото: olympic.uz

Ўзбекистонлик каноэчи Шоҳмурод Холмуродов допинг туфайли дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Uznada миллий антидопинг агентлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, спортчидан мусобақа даврида олинган допинг синамасида тақиқланган «Кломифен» моддаси борлиги аниқланган. Холмуродов Бутунжаҳон антидопинг кодексига кўра 3 йил муддатга дисквалификация қилинган.

Спортчидан қайси мусобақада допинг синама олингани, унинг жазо санаси қачондан ҳисобланиши ва маҳрум қилинган мукофотлари ҳақида маълумот берилмаган.

Шоҳмурод Ҳолмуродов 2023 йилда Хитойнинг Ҳанчжоу шаҳрида ўтган XIX Осиё ўйинларида каноэда эшкак эшиш бўйича 1000 метрга сузиш баҳсида Нурислом Тўхтасин ўғли билан бирга жуфтлик баҳсларида олтин медални қўлга киритган эди.

Холмуродовнинг мураббийи Серик Мербеков сўзларига кўра, ундан 2024 йил 7 мартдаги ўқув машғулот йиғинида допинг назорати бўйича анализ олинган. 1 апрелда тест жавоби чиққан ва унинг қонида «Кломифен» моддаси борлиги аниқланган, яъни допинг Осиё ўйинлари вақтида аниқланмаган.

Допинг туфайли дисквалификация қилинган спортчининг халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши тақиқланади. Агар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда ушбу шахсга умрбод дисквалификация муддати қўлланилиши мумкин. Шунингдек, кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган.

Мавзуга оид