Жаҳон | 21:49 / 31.10.2024
3368
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Хитойнинг Temu интернет-дўконини жаримага тортмоқчи

Брюссел интернет орқали арзон товарларни сотиш билан шуғулланадиган компанияни ЕИнинг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунини бузишда гумонламоқда.

Фото: Reuters

Европа комиссияси Хитойнинг Temu онлайн-савдо майдончасига нисбатан жарима ишини очди. Брюссел интернет орқали арзон товарларни сотиш билан шуғулланадиган компанияни ЕИнинг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунини бузишда гумонламоқда. Хусусан, гап контрафакт ва хавфли маҳсулотлар савдоси ҳақида кетяпти.

Текширувлар давомида Temu интернет-саҳифасининг кўриниши ҳам ўрганилади. Танқидчиларнинг ҳисоблашича, у харидорларда тобеликни келтириб чиқариб, режалаштирилмаган харажатларни юзага келтирадиган тарзда яратилган.

Еврокомиссия раиси ўринбосари Маргрет Вестагар Хитой компаниясини сотилаётган маҳсулотлар ЕИ стандартларига жавоб беришини таъминлашга ва истеъмолчиларга зарар етказмасликка чақирди. ГФР Иқтисодиёт вазирлиги, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси Temu ва арзон маҳсулотлар сотувчи бошқа интернет-дўконларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилишини талаб қилмоқда.

Ўз навбатида Temu Евроиттифоқ ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Европа Иттифоқида Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун 2023 йил августда кучга кирган. У интернет-компаниялар зиммасига ирқчилик, гиёҳвандлик воситалари ва қалбаки маҳсулотлар савдоси, болалар порнографияси ва дезинформация тарқалишига қарши курашиш мажбуриятини юклайди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Temu онлайн майдончасига эгалик қиладиган PDD Holdings компанияси акциялари охирги бир йилда қарийб 22 фоизга қимматлашгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид