Жаҳон | 19:01 / 01.11.2024
3082
2 дақиқада ўқилади

АҚШ партиялари сайлов кампаниясига қанча пул сарфлагани ҳисоблаб чиқилди

Рақамлар жуда катта, харажатларнинг кўп қисми реклама, шунингдек, «маблағ йиғишга уринишлар ва уйма-уй юриб, тарғибот қилиш» билан боғлиқ.

Фото: Getty Images

АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис ва собиқ президент, республикачи номзод Доналд Трамп сайловолди кампанияси давомида қарийб 14,7 миллиард доллар сарфлади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги АҚШ Федерал сайлов комиссиясига таяниб хабар берди.

2024 йилги сайлов кампаниясидаги бундай маблағлар номзодлар, партиялар ва турли сиёсий ҳаракатлар қўмиталари томонидан сарфланган. Уларнинг сони 11 мингдан ошади.

Bloomberg таъкидлаганидек, харажатларнинг катта қисми реклама, шунингдек, «маблағ йиғишга уринишлар ва уйма-уй юриб, тарғибот қилиш» билан боғлиқ. Шу билан бирга, бу соҳада энг катта саъй-ҳаракатлар «иккиланувчи штатларда» қилинган бўлиб, экспертларнинг фикрига кўра, президентлик сайлови натижаларини айнан шулар белгилаб беради.

Таъкидланишича, «иккиланувчи штатлар» бўлмиш Аризона, Жоржия, Мичиган, Невада, Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Висконсинда реклама кампаниялари кунига 24 соат ишламоқда. Тарғибот плакатлари деразаларга, йўллар бўйлаб осилмоқда, эфирни тўлдирган телевизион рекламалардан ташқари, айниқса, ижтимоий тармоқларда рақамли рекламалар ҳам кўпайган.

Мавзуга оид