Ўзбекистон | 17:42 / 05.11.2024
13594
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида МИБ, солиқ, божхона ходимлари пора билан ушланди

Хусусан, Зангиота тумани солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва текширув ўтказмаслик эвазига 1200 доллар олган вақтида қўлга тушган.

Иллюстратив фото

Коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилоятида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқаронинг кредит қарздорлиги сабабли хатловга олинган мол-мулкини аукцион савдоларга чиқармаслик ҳамда унга нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 2 минг доллари олган. Давлат ижрочиси қолган 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Зангиота туманида кузатилган ҳолатда туман солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхона фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тақиқланган товарларни тадбиркор томонидан Ўзбекистонга олиб кириш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликнинг судда кўриб чиқилиши жараёнида мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиб бериш ва ушбу товарларни мамлакатдан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам бериш эвазига 1000 доллар олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида божхона инспектори мазкур масалада кўмаклашиш учун муқаддам 300 доллар олгани ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид