Жаҳон | 20:18 / 06.11.2024
13365
2 дақиқада ўқилади

Трамп инаугурацияси санаси белгиланди

2025 йил 20 январда Вашингтондаги Капитолийда Доналд Трамп АҚШ президенти сифатида қасамёд қабул қилади.

Фото: EPA/Vostock-photo

Президентлик сайловида ғалаба қозониш учун зарур овоз тўплаган республикачи Доналд Трампнинг инаугурацияси 2025 йил 20 январда Вашингтондаги Капитолийда ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар берди USA Today.

Инаугурация кунига режалаштирилган тадбирлар қаторига янги президентнинг қасамёд қабули ва давлат раҳбарининг нутқи киради. Маросимдан олдин ва кейин бошқа тадбирлар, жумладан, тантанали парад ва инаугурация базми ҳам ўтказилади.

Анъанага кўра, шу куни янги сайланган президент ва вице-президент, уларнинг турмуш ўртоқлари Оқ уйга келади. Уларни Оқ уйни тарк этаётган президент оиласи кутиб олади. Бу одат ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини англатади. Аммо 2021 йилда Трамп АҚШ президенти Жо Байденнинг инаугурациясини бойкот қилган эди.

6 ноябр куни эрталаб 78 ёшли Трамп президентлик сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди. Сайловдан кейин 73-79 кун ичида янги президент ўз лавозимига киришиши ва президентлик қасамёдини қабул қилиши керак. Инаугурация ҳар бир янги муддатда, ҳатто президент иккинчи муддатга ўз лавозимида қолса ҳам бўлиб ўтади.

1933 йилга қадар инаугурация 4 мартда бўлиб ўтди. 1937 йилдан бери у 20 январ куни маҳаллий вақт билан тушда бўлиб ўтмоқда. 1957, 1985 ва 2013 йилларда Дуайт Эйзенҳауэр, Роналд Рейган ва Барак Обама инаугурация маросимлари бундан мустасно эди. Ушбу маросимлар 21 январ куни бўлиб ўтди, чунки 20 январ якшанба кунига тўғри келди.

Мавзуга оид