Жаҳон | 09:28 / 21.11.2024
10347
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Путин ҳудудлар бўйича жиддий ён босишга йўл қўймайди

Россия президенти Киевга жиддий ҳудудий ён босишни истамаяпти ва Украина НАТОга қўшилиш ниятидан воз кечиши кераклигини таъкидламоқда, дея маълум қилди Reuters агентлигига беш манба.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган Доналд Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни муҳокама қилишга тайёр, бироқ жиддий ҳудудий ён босишни истамайди ва Киев НАТОга кириш амбицияларидан воз кечиши кераклигини таъкидламоқда. Бу ҳақда 20 ноябр, чоршанба куни Кремлдаги муҳокамалардан хабардор беш манбага таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.

Россиянинг амалдаги ва собиқ расмийлари Кремл, умуман олганда, фронт чизиғида урушни музлатишга рози бўлиши мумкинлигини айтишди.

Байденнинг қарори Москва талабларини мураккаблаштириши мумкин

Шу билан бирга, агентликка уч нафар суҳбатдошнинг айтишича, Украинанинг тўрт шарқий области – Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон чегаралари бўйича мулоқот учун жой бўлиши мумкин. Россия Харкив ва Миколайив областларидаги нисбатан кичик ҳудудлардан ҳам кучларини олиб чиқишга тайёр бўлиши мумкин, деди икки расмий.

Агентликнинг икки суҳбатдоши таъкидлаганидек, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг Украинага ATACMS баллистик ракеталарини Россия ҳудудига чуқур зарба йўллашда фойдаланишга рухсат бериш ҳақидаги қарори ҳар қандай келишувни мураккаблаштириши ва Москванинг талабларини кучайтириши мумкин.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Reuters агентлигига ATACMS зарбаси ҳақидаги хабарлар пайдо бўлишидан бир неча соат олдин, Путин «можарони музлатиш» ҳеч қандай натижа бермаслигини айтганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг рухсати Қўшма Штатлар томонидан «жуда хавфли эскалация»дир.

Кремл АҚШнинг РФга ATACMS зарбалари ҳақидаги қарорига муносабат билдирди

Россия АҚШнинг Украинага РФга узоқ масофали ракеталар билан зарба йўллашга рухсат бергани ҳақидаги хабарларга жуда салбий муносабат билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 ноябр куни бу қарор кескинликнинг янги босқичи ва АҚШнинг Украинадаги урушга аралашувини англатади, деди.

«Агар шундай қарор ҳақиқатан ҳам ишлаб чиқилган ва Киев режимига етказилган бўлса, бу кескинликнинг сифат жиҳатидан янги босқичи ва Қўшма Штатларнинг ушбу можарога аралашуви нуқтайи назаридан янги ҳолат», — деди Песков матбуот брифингида. Кремлда ҳозирча фақат Ғарб оммавий ахборот воситаларидан маълумот бор.

Мавзуга оид