Ўзбекистон | 12:32 / 23.11.2024
1189
2 дақиқада ўқилади

Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи

Ўзбекистон элчихонаси раҳбарияти Уммоннинг Жанубий аш-Шарқия муҳофазаси (вилояти) ҳокими Яҳъё бин Бадр ал-Мавали билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Уммон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жанубий аш-Шарқия муҳофазаси ҳокимига Сирдарё вилояти билан ҳудудлараро алоқаларни йўлга қўйиш,  ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида муҳофаза делегациясининг юртимизга ташрифини уюштириш, икки вилоят тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш таклифи билдирилди.

Ҳоким Яҳъё бин Бадр ал-Мавали билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашини ва мамлакатларимиз ўртасида ривожланиб бораётган алоқаларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди. У, шунингдек, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш имкониятлари мавжудлигини ҳам таъкидлади.

Ўзбекистон дипломатлари, шунингдек, Уммон Савдо-саноат палатасининг Жанубий аш-Шарқия муҳофазаси бошқармаси раҳбари Анвар ас-Сананий ва ҳудуд тадбиркорлари билан учрашдилар. Унда Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий муҳит ва инвесторларга берилаётган имкониятлар, мамлакатимизга сармоя киритишнинг афзалликлари борасида атрофлича маълумот берилди. Уммонлик тадбиркорлар Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатишга чақирилдилар.

Мулоқот якунида жорий йилда Сирдарё вилоятида Ўзбекистон-Уммон бизнес-форумини ўтказиш юзасидан аҳдлашиб олинди.

Мавзуга оид