Жаҳон | 21:03 / 25.11.2024
5474
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили: «Гуржистонда диктатура ўрнатилди»

Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили мамлакатда диктатура ўрнатилганини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, Гуржистонда полиция, ҳуқуқ-тартибот тизими ёки қонуний ҳукумат қолмаган.

Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили

«Гуржистонда ҳукумат ҳам, парламент ҳам ўзини ўзи шундай эълон қилиб олган тузилмалардир. Гуржистонда диктатура ўрнатилди», — деган Саакашвили қамоқхонадан туриб қилган мурожаатида.

Саакашвили мухолифатнинг ягона йўли бирлик ва фаол ҳужум эканлигини айтиб, «Чекинадиган жойимиз қолмади, биз амалда Ватанимизни бой бердик», дея қўшимча қилган.

Мамлакат пойтахти Тбилисида янги сайланган парламентнинг биринчи мажлиси муносабати билан норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Мухолифат сайлов натижаларини тан олмаслигини билдириб, парламент фаолиятини бойкот қилиш режасини эълон қилди. Бу вақтда «Гуржистон орзуси» партияси парламентдаги ваколатларни якка овоз билан тасдиқлаб, ўз номзодларини раҳбарлик лавозимларига тайинлаётганди.

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили парламентдаги жараённи танқид қилиб, буни «Гуржистон Конституциясига ҳужум» деб атади. «Қора душанба: полиция ва махсус кучлар эшикларни қўриқлаяпти, бу ерда «Гуржистон орзуси» Конституцияни йўқ қилмоқда», — деган у.

Шунингдек, Зурабишвили 8 нафар маҳкумни афв этганини маълум қилди. Мамлакатда бўлажак президентлик сайлови санаси эртага эълон қилиниши кутилмоқда ва сайлов жорий йил сўнгигача ўтказилиши мумкин.

Гуржистондаги сиёсий вазият кескин тус олмоқда. Сайлов натижаларига мухолифатнинг эътирози ва норозилик акциялари ҳукуматга босимни кучайтирмоқда. Президентлик сайловлари жараённи янада ўзгартириши мумкин.

Мавзуга оид