Спорт | 21:35 / 25.11.2024
8023
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда жаҳон шахмат тожи учун баҳс бошланди

Хитойлик Дин Лижэн ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу жаҳон чемпионлиги учун курашади.

Фото: chess.com

Шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони ва бу унвонга эга бўлган биринчи хитойлик гроссмейстер Дин Лижэн жаҳон чемпионлиги учун баҳсларнинг биринчи турида ҳиндистонлик гроссмейстер Гукеш Доммаражуни мағлуб этди.

2010 йилдан бери биринчи марта жаҳон чемпионлиги учун баҳслардаги илк ўйин томонлардан бирининг ғалабаси билан якунланди. Гукеш 42-юришдан кейин таслим бўлди. Ўйин беш соатдан ортиқ давом этди.

Дин Лижэн 32 ёшда ва FIDE жаҳон рейтингида 23-ўринни эгаллаб турибди. У 2023 йилда россиялик Ян Непомняшчийни енгиб, жаҳон шахмат тожини қўлга киритган.

Гукеш Доммаражу 18 ёшда ва FIDE рейтингида 5-ўринни эгаллаб турибди. Жаҳон чемпионлиги учун ўйин унинг фаолиятидаги биринчиси.

Жаҳон шахмат тожи учун баҳс 14 та партиядан иборат. Ғолиб чиқиш учун шахматчилардан бири 7,5 очко жамғариши лозим. Агар ҳисоб дуранг бўлса, тай-брейк партиялар ўтказилади. Мусобақа 14 декабргача давом этади, унинг соврин жамғармаси 2,5 миллион долларга тенг.

Мавзуга оид